Спорт | 18:26 / 17.09.2018
8489
2 дақиқада ўқилади

Йиллар давомида осилиб ётган ва панжа ортидан қаралган ишлар энди бўлмайди - ПФЛ

ПФЛ эндиликда Суперлига ва Про-лига клубларининг қарздорлик масаласига жиддий эътибор қаратади.

«Йиллар давомида футбол клублари мавсумни камомад билан ёпиб юрган ва бунинг оқибатида футболчилар, мураббийлар ўз пулларини ундира олмаган. Қолаверса, футболчилар ва мураббийларни ҳимоя қиладиган ташкилотнинг ўзи бўлмаган», - дея таъкидланади лига расмий сайтида.

Қайд этилишича, 2018 йилни ҳеч бир клуб қарздорлик билан ёпмаслиги –ПФЛ учун муҳим фактор. Йўқса улар эгаллаган ўрнидан қатъи назар 2019 йилги мавсум стартида санкцияларга дуч келади.

Маълумки, муаммоли вазиятларни биринчи навбатда ПФЛ комиссияси, ундан кейинги апелляцияни ЎФА ўрганиб чиқади. Футбол структурасидаги муаммоларга давлат органлари аралашган ҳолатда ПФЛ мазкур ишга қайтмайди. Нодавлат-нотижорат ташкилоти мақоми жиҳатдан юқори орган ҳисобланувчи судлар қарорига аралашмайди.

Таъкидланишича, ПФЛ комиссияси 2019 йилги мавсум аввалида ҳар бир клуб футболчилари билан алоҳида учрашади ҳамда уларнинг ҳуқуқлари борасида, муаммоли вазиятларни қандай ҳал қилиши кераклиги бўйича тушунтириш беради.

«Йиллар давомида осилиб ётган ва панжа ортидан қаралган ишлар энди бўлмайди. Яъни футбол ўз муаммоларини ўзи ҳал қила олганида иш давлат органларига қадар етиб бормайди», дея қайд этилади расмий манбада.

Маълум қилинишича, ПФЛ айни пайтда ФИФА андозаси асосида шартнома тайёрламоқда. Келаси мавсумдан бошлаб клублар шартномалар тузишда ушбу намунадан фойдаланади. Ҳар бир шартнома ПФЛ комиссиясининг жиддий текширувидан ўтади.

Мавзуга оид