Light | 14:21 / 17.09.2018
33534
5 дақиқада ўқилади

Онгли ва бахтли ҳаёт учун 10 та одат

Ўзингизни ҳар томонлама яхшилаш учун ёрдам берадиган оддий ҳаракатлар.

Фото: Pexels

1. Режалаштирган вақтингизда уйғонинг

Агар будильникни 6:30 га қўйган бўлсангиз, у жиринглаши билан ўрнингиздан туринг. Бу нима учун муҳим? Бу айнан шу куни бажаришингиз керак бўлган биринчи ваъдангиз.

2. Иш кунини аниқ ташкиллаштиринг

Тонгдаги одатий ҳаракатлар ўзингизга тезроқ келиб, ишга киришишингизда ёрдам беради. Душ. Тишларни ювиш. Соч турмаги. Бундан ташқари, бугунги кунга мос кийим ҳам муҳим.

Ёдингизда бўлсин, кийим ҳам муайян кайфият яратади.

Фото: Pexels

3. Медитация қилинг

Душдан кейин бажарилиши керак бўлган энг яхши машғулот. Сукунатда ўтириш учун 5-10 дақиқа топинг.

Ўзингизга қулоқ солинг. Бу сизга кунни қандай бошлаётганингизни тушунишга ёрдам беради.

Медитацияга 5 дақиқа ажратиб, кунни қандай бошлаш, уни самарали ўтказишни тушунасиз.

4. Вақтида овқатланинг

Белгиланган муайян вақтда овқатланинг. Бу тушликни ўтказиб юбормаслик ва кун давомида истеъмол қилишни унутмасликка ёрдам беради.

Одат яратишга ҳаракат қилинг. Аввалдан тайёрлаб қўйилган соғлом овқатни истеъмол қилсангиз, ҳатто ўта банд жадвал билан ҳам саломатликни сақлашга муваффақ бўласиз.

Фото: Pexels

5. Кичик танаффусларни фойдали ўтказинг

Кун давомида кичик танаффуслар бўлади. Уларни ижтимоий тармоқларни текшириш, YouTube’да видео кўриш ва бошқа бефойда ишларга сарфлашга одатланганмиз. Смартфондаги бундай иловаларни бирлаштириб, “Ҳаётимнинг харажатлари” номига бирлаштиринг.

6. Ёдда тутинг: бўш вақт бу – бўш вақт

Бу «бўш вақт»  «янги лойиҳалар билан ишлаш» эмаслигини унутиб қўядиганлар учун маслаҳат. Бу вақтни ишга сарфлаш керак эмас.

Боққа сайр қилиш учун бориш, эски дўстингиз билан кўришиш, дўстлар ва оила аъзолари билан стол тенниси ўйнаш, бувисига қўнғироқ қилиш, қизиқарли фильм томоша қилиш.

Ишдан бўш вақтни кунлик жадвалнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиш миянгизни қайта ишга тушириш, ишга иштиёқ билан қайтишда ёрдам беради.

Фото: Pexels

7. Маблағингизни назорат қилинг

Маблағ кўп зўриқиш ва хавотирни уйғотади. Бироқ зўриқишни пуллар эмас, молиявий ишлардаги хаос, уларни қандай бошқаришни тушунмаслик келтириб чиқаради.

Вазиятнинг хўжайинига айланиш учун пул билан ишлашни ўрганинг.

Агар узоқ ўрмонга кетиб, у ерда овчилик ва териш билан кун кечирмоқчи бўлмасангиз, пул – умрингизнинг сўнгги кунига қадар ҳаётингизнинг бир қисми бўлиб қолаверади.

Шунинг учун вақтингизни солиқ, сармоя киритиш, омонат ва кредитлар тўғрисидаги асосий маълумотларни ўрганишга сарфланг. Бир ҳафтада, икки ҳафтада ёки бир ойда бир марта маблағларингизни таҳлил қилинг ва пулингиз қаерга кетаётганини кузатинг.

8. Янги инсонлар билан учрашинг

Янги инсонлар билан мулоқот кишида илҳом уйғотади. Балки,кимдир сизнинг блогингизни доимий равишда ўқиб борар? Уларга email ёзинг. Балки, сиз ундан бирор нима ўрганишни истайдиган маҳаллий тадбиркор бордир?  Уни қаҳвага таклиф қилинг.

Мулоқот доирангиз қанчалик кенг бўлса, алоқаларингиз сабаб аҳамиятингиз ортиб боради. Шунингдек, бу кўп нарсаларга бошқа нуқтадан назар солиш имконини ҳам беради. Бирор кимса билан учрашганда ёлғиз эмаслигингизни ҳис қиласиз, мақсад сари янада олға қадам ташлайсиз.

Фото: Pexels

9. Ўзингизни сийланг

Роҳат – ҳаётнинг бир қисми. Интизом кўп нарсани англатади, бироқ оқимга қайта тушиш учун баъзида ўзингизни «қўйиб юборишингиз керак».

Қулайлик зонасидан чиқинг ва ўзингизни бироз сийланг. Шу билан бирга янги нарса ўрганинг.

Бирор кишини учрашувга чақиринг. Шаҳарнинг нариги бурчагидаги қаҳвахонага боринг. Янги музейга ташриф буюринг.

Олдингизга мақсад қўйиб, у томонга ҳаракатланаётганда бундай онларни ўтказиб юбориш жуда осон. Бироқ айнан улар ҳаммасидан кўпроқ эсда қолади. Сизни бахтли қилиб, ҳаётни чуқурроқ англашга ундайди.

Фото: Pexels

10. Ухлашдан олдин кундалик ёзинг

Кундаликка бир неча қатор нарса ёзиш одатингизга айлансин. Бошингиздан ўтказган тажриба ёки режаларингиз ҳақида ёзишингиз мумкин. Нима ёзишингиз муҳим эмас, бироқ ёзишнинг ўзи аҳамиятга эга.

Ўтган чоршанбада нима бўлгани эсингиздами? Икки ой олдинги воқеалар-чи? Кунлар бир чизиққа тизилади, фақат ёрқинларигина эсда қолади. Кундалик тутиш одати ёқимли майда нарсалар, шахсий фикрлар, севимли китоблардан иқтибосларни сақлашда ёрдам беради.

Кундаликни ўқиганингизда фикрлаш тарзингиз, ўтмишдаги мақсад ва истакларингизни кўрасиз. Ҳозирги пайтда эришганларингиз билан таққослаб, қимматли хулоса чиқарасиз.

Мавзуга оид