Ўзбекистон | 12:40 / 18.09.2018
50397
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарга ун маҳсулоти чекловларсиз сотилади

16 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш кун тартибида республика аҳолисини ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асносида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:
1. Ички истеъмол бозорига маҳаллий 1-навли ун ресурслари узлуксиз ва бир текисда етказиб берилишини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлов хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари АТД, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда «Ўздонмаҳсулот» АКнинг қуйидаги таклифларига розилик берилади:
- 2018 йил 17 сентябрдан бошлаб «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналарига қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳамда чакана савдо ташкилотлари (биринчи навбатда супермаркетлар, савдо марказлари, улгуржи савдо ташкилотлари)га ун маҳсулотини шартномалар асосида чекловларсиз сотишга;
- 2018 йил 17 сентябрдан бошлаб (алоҳида топшириқ берилгунга қадар) «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналарига истисно тариқасида, чакана савдога рухсат гувоҳномаси талаб этилмасдан, 1-навли маҳаллий ун маҳсулотининг турғун ва кўчма чакана савдосини амалга оширишга.

2. «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан 1-навли ун маҳсулотининг чакана сотиш нархи 1750 сўм доирасида бўлади.

3. Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитаси биргаликда 1 кун муддатда маҳаллий 1-навли ун маҳсулотининг чакана савдосини амалга оширишга жалб этилган «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналарининг буюртмалари асосида уларни тезкор равишда тўлов терминаллари билан таъминлаш ҳамда чакана сотиш жойларини кунлик инкассация чораларини кўради.

4. Давлат Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан маҳаллий 1-навли ун маҳсулотини супермаркетлар, йирик савдо марказларида, бозорларда ҳамда савдо шохобчаларида 1 килограмм 1-навли маҳаллий ун маҳсулотига чакана нархлар асоссиз шаклланиши олдини олиш чораларини кўради.

5. Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат Солиқ қўмитаси ҳар бир «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхонасига ходим бириктириб, ун маҳсулотлари мақсадли ишлатилиши устидан доимий назорат ўрнатади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
- ҳудудларда фаолият кўрсатаётган савдо ташкилотлари ҳамда қолипли нон, макарон ва бошқа ундан тайёрланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг рўйхатини шакллантириб, уларни уюшган ҳолда «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналаридан ун маҳсулотини шартномалар асосида харид қилишини ташкил этиш;
- «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан ун маҳсулотининг турғун ва кўчма чакана савдоси амалга ошириладиган жойларни аниқлаб, манзилли рўйхат шакллантириш;
- ҳудудларда фаолият кўрсатаётган савдо ташкилотлари ҳамда қолипли нон, макарон ва бошқа ундан тайёрланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг рўйхати шакллантирилиб, уларни уюшган ҳолда «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналаридан ун маҳсулотини шартномалар асосида харид қилишни ташкил этиш;
- «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари томонидан ун маҳсулотининг турғун ва кўчма чакана савдосини амалга оширадиган махсус жойларнинг манзили тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали барча тоифадаги истеъмолчиларга етказилишини таъминлаш чораларини кўриш;

7. ​«Ўздонмаҳсулот» АК 2018 йил 17 сентябрдан қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарга, супермаркетлар, йирик савдо марказларида ҳамда бозорларда сотилишга мўлжалланган 1-навли ун ҳажмларини камида икки баробарга оширади.

«Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналаридан турғун ва кўчма чакана савдосини амалга оширишга чиққан ҳар бир юк ташувчи автомашинага Иқтисодий комплекс таркибидаги ташкилотлар ходими бириктирилади ва улар ҳар кун якуни бўйича Ҳудудий ишчи гуруҳга ёзма ҳисобот беради.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид