Иқтисодиёт | 07:39 / 22.09.2018
60784
5 дақиқада ўқилади

«Янги инқироз яқин». Жаҳон молиявий инқирозига тайёрмисиз?

Фото: Getty Images

2008 йил 15 сентябрь куни Американинг Lehman Brothers фаолиятини тугатиб, банкрот бўлганини эълон қилди. Бу АҚШ молия оламидаги энг катта коллапс эди ва унинг оқибатлари 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозига сабаб бўлди. Орадан 10 йил ўтганига қарамай, инқирознинг салбий оқибатлари ҳалигача сезилиб туради. Банк мутахассислари, иқтисодчи ва таҳлилчи экспертларнинг фикрига кўра, дунё ҳамжамияти янги инқирозга юз тутиши муқаррар бўлиб бормоқда.

Bloomberg тарқатган хабарга кўра, дунё давлатларининг умумий қарзлари айни пайтда 2007 йилда кузатилган кўрсаткичдан анча фарқланмоқда, глобал қарздорлик эса 237 триллион доллардан ошди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, жаҳон ҳамжамияти тарихдаги энг катта иқтисодий талафотни бошдан кечирди, ишсизлик ҳамон ошмоқда. Шундай экан, иқтисодчилар жараёнларни савол нигоҳи билан кузатишда давом этмоқда: инқироз қайталанадими?

JPMorgan Chase банкининг таҳлилчилари яқинлашаётган эҳтимолий инқирознинг қачон содир бўлиши ва унинг оқибатларини аниқлашга уринмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, бу ҳодиса 2020 йилда юз беради.

Маълум қилинишича, янги молиявий инқироз Америка фонд бозорини 20 фоизга чўктириб, энергоресурслар ва металлга бўлган нархнинг мос равишда 35 ва 29 фоизга тушишига олиб келади. Шунингдек, инқироз оқибатида ривожланаётган давлатлар бозоридаги акциялар 48 фоизга, уларнинг миллий валютаси эса 14 фоизга қадрсизланади. Кутилаётган инқироз 10 йил аввалги салбий натижаларни такрорламаса-да, унинг оқибатлари таҳлилчи Макро Коланович томонидан башорат қилинган «Буюк ликвидлик инқирози»да вазиятни мураккаблаштириб юбориши мумкин.

Бозорларнинг тушиши юз берса, арзонлашаётган активларга сармоя киритишни истайдиган инвесторлар ҳам топилмай қолиши мумкин. Ана шунда, Колановичнинг таъкидлашича, қайталанаётган тушиш аҳоли орасида 1968 йил юз берган ижтимоий хавфсирашни пайдо қилади.

New York Times колумнистининг фикрича, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий томонга ўзгариб бораётганига қарамай, жаҳон молиявий инқирози ҳалигача адоғига етмади. Масалан, АҚШда фонд бозоридаги аҳвол анча яхшиланган, аммо уй хўжаликларининг даромади, 2007 йилги ҳисоботга солиштирилса, 20 фоизга кам. АҚШда ишсизлар сони камаймоқда, аммо меҳнатга лаёқатли кишиларнинг тўлиқ банд эмаслиги ортмоқда, меҳнатга лойиқ маош тўланмаяпти.

2008 йилги инқирозни аввалдан аниқ тасвирлаб бера олган дунёдаги энг катта хеж-фонд асосчиси Рэй Далио ҳам таҳлилчиларнинг хулосасини тасдиқламоқда. Унинг фикрича ҳам, айни иқтисодий давр якунига етиши билан салбий ҳодисалар юз бериши кутилмоқда. Унинг фонди хизмат кўрсатаётган инвесторларга ҳимоя тактикасини танлаш тавсия этилмоқда.

Америкалик Жорж Сорос билдирган фикрга кўра, янги инқироздан энг кўп зарар кўрувчи давлатлар Европада жойлашган.

«Хато бўлиши мумкин бўлган қадам ташланган», дейди Сорос АҚШнинг ядро дастур бўйича Эрон билан эришилган келишувдан чиқиб кетишини назарда тутган ҳолда. Унинг айтишича, долларнинг еврога нисбатан қиймати ўсиб бориши, ривожланаётган мамлакатларга сармоянинг оқиб кетиши, Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиб, ҳудудий дезинтеграцияга қўл ургани янги инқироз юз беришини тезлаштирмоқда.

Буюк Британия собиқ Бош вазири Гордон Браун ҳам юқоридаги фикрларни маъқуллаб, «янги инқирознинг юз беришига сабаб, 10 йил аввал инқироз юз берганда уни келтириб чиқарган омиллар бартараф этилмаганида» деб муносабат билдирди. Инқирозни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига Браун яна бир ҳолатни киритди, у Трампни протекционизм сиёсатидан оқилона фойдаланмаётганида айбламоқда.

Янги иқтисодий инқироздан қочиб қутулиш мумкин эмаслиги ҳақида ҳатто техно-гигант Билл Гейтс ҳам айтганди. У «Эскисидан яхши ўтди, дегани, бу гал ҳам қутулишимизни англатмайди»,- деб дўсти Уоррен Баффет вазиятдан яхши хабардорлигини билдирган.

Ўз ўрнида дунёнинг энг бой кишиларидан бири ҳисобланган Баффет ҳам инқироздан башоратлар айтди. АҚШ Федерал захира банки собиқ раҳбари Бен Бернанке ва АҚШ Молия вазирлигининг собиқ раҳбарлари Тимоти Гайтнер, Генри Полсон ҳаммуаллифлигида ажойиб мақола эълон қилинди. NYT нашрида чоп этилган мақолада ёзилишича, ФЗБ фавқулодда вазиятлар юз берганда тезкор қарорлар қабул қилишга ожиз бўлиб қолган. АҚШ бюджетидаги дефицитнинг ўсиб бориши, давлат ташқи қарзи ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳаммаси нимани англатади? Бир сўз билан айтганда, АҚШ янги инқирозни бартараф этишга тайёр эмас, яъни жаҳоннинг энг қудратли молиявий давлати бу ишни эплолмаслиги мумкин.

Мавзуга оид