Ўзбекистон | 22:25 / 25.09.2018
23943
9 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири: Ўзбекистон дунёнинг энг илғор 50 мамлакати таркибига киришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикасининг 2019-2021 йиллар учун инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Яқин йиллар ичида мамлакатни бу борада нималар кутмоқда? Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз интервьюсида шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Стратегиянинг асосий мақсади нима?

Стратегиянинг асосий мақсади инсон капиталини мамлакатнинг жаҳон саҳнидаги рақобатбардошлик ва инновацион тараққиёти даражасини аниқлаб берувчи асосий омили сифатида ривожлантириш ҳисобланади.

2030 йилга бориб Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича дунёнинг энг илғор 50 мамлакати таркибига киришни режалаштирмоқда.

Эътиборингизни дастур натижаларини баҳолашга инновацион ёндашувга қаратмоқчиман. Илгари бундай эди: биз ўзимизни ўзимиз мақтар эдик, лекин ташқарида ҳеч ким бунга жиддий муносабатда бўлмас эди.

Хатоларни тан олишга тўғри келмаслиги учун биз турли халқаро тадқиқот ва рейтингларда иштирок этишдан четлашдик.

Илм-фан ва инновация ривожланган, ютуқлар бўлган. Бироқ натижалар халқаро маълумотлар базаси ва Глобал инновацион индекс рейтингига тақдим этилмаган.

Агар вазиятга очиқчасига қарайдиган бўлсак, бундай ёндашув илғор ривожланишга туртки бермаган, аксинча, бизни ортга тортган.

Энди бари бошқача, максимал даражада объектив бўлади.

Тараққиёт 81 кўрсаткич бўйича баҳоланади, улар халқаро ташкилотлар рейтинг ва тадқиқотларида акс этади.

Иброҳим Абдураҳмонов

34 кўрсаткич бўйича стратегияни амалга ошириш давомида мамлакат ўз ҳолатини сезиларли даражада яхшилашни режалаштирмоқда, 47 кўрсаткич бўйича ютуқларни баҳолаш эса умуман биринчи марта ўтказилади. Баҳолаш давлат қурилиши, инсон капитали ва тадқиқотчилик фаолияти, инфратузилма, бозорлар, бизнес, илм-фан ва технологиялар, ижодий натижалар бўйича амалга оширилади.

Бу йўлда нималар қилиш керак бўлади?

Ўзбекистон долзарб муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган бир неча тадбирлар комплексини амалга ошириши зарур.

Биринчи навбатда, биз барча даражаларда таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш ва иқтисодиёт талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрларни тайёрлаш тизими мослашувчанлигини  таъминлашимиз керак.

Иккинчидан, илмий-тадқиқот, тажрибавий-конструктив ва технологик ишлар натижаларини кенг тарғиб қилиш учун илмий тадқиқотлар ҳамда ишланмаларнинг салоҳияти ва самарадорлигини мустаҳкамлаш, таълим, илм-фан ва тадбиркорлик интеграцияси амалий механизмларини яратиш зарур.

Учинчидан, биз инновацияларга давлат ва хусусий маблағ воситаларини киритиш даражасини оширишга эришишимиз, молиялаштиришнинг замонавий ва самарали усулларини тарғиб қилишимиз керак.

Тўртинчидан, давлат органлари фаолияти самарадорлигини  оширишга бошқарувнинг замонавий усуллари ва жиҳозларини жорий қилиш йўли орқали эришиш.

Бешинчидан, бизнесни тарғиб қилиш, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги ривожи учун шахсий ҳуқуқлар ҳимоясини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, рақобатбардош бозорлар ва тенг шарт-шароитлар яратиш зарур.

Ва ниҳоят, барқарор фаолият юритувчи ижтимоий-иқтисодий инфратузилма яратиш устида иш олиб бориш керак бўлади.

Таълим тизими қандай ўзгаради?

Таълим муассасаларидаги ўқитиш сифатини яхшилаш учун ўқув-табиявий жараёнга янги таълим дастурлари ва smart-технологияларни татбиқ қилиш керак.

Фото: Buxoro yoshlari gazetasi

Таълим сифатини ошириш учун сўзда эмас, амалда электрон модуллар ва масофавий таълим салоҳиятидан фойдаланишимиз керак бўлади.

Бунга жавобан эса бизга таълим сифатини объектив баҳолаш керак бўлади. Шунинг учун таълим сифатини баҳолаш миллий тизимини ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш ҳамда унинг мамлакат инновацион ривожи даражасига таъсирини ўрганиш зарур.

Профессионал таълим янада ҳамёнбоп бўлиши керак. Касбга эга бўлиш истагидаги инсон қандайдир ёшга доир ёки бошқа чекловлар билан камситилиши керак эмас, зеро бу унинг профессионал билимларга бўлган қизиқишини чеклайди.

Коллежлар меҳнат бозорининг тез ўзгараётган тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ёшларни қисқа таълим дастурлари бўйича профессионал қайта тайёрлаш билан шуғулланади.

Олий таълим муассасалари (ОТМ)да секин-аста қабул квоталари бекор қилинади, улар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, қабул қилинувчи талабалар сонини белгилайди. Абитуриентлар бир вақтнинг ўзида бир неча олийгоҳга кириш имконини қўлга киритишади, бу уларнинг олий таълим олиш имконини оширади. ОТМлар сони кўпаяди, янгиларини ишга туширишда хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик салоҳиятидан фаол фойдаланилади. Олий таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилади. Етакчи ОТМларда форсайт-марказлари пайдо бўлади. Улар соҳа ва минтақавий иқтисодиёт сценарийлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида инновацион фаолият ривожини прогнозлаш билан шуғулланади. Ички ва ташқи муҳитни илмий-технологик прогнозлар билан таъминлаш, технологик ва инновацион муҳитни ҳамда олий таълим муассасаси устувор инновацион йўналишларини ривожлантириш ҳам уларнинг вазифасига киради.

Фото: Инҳа университети

Инклюзив таълимни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилади. Соғлиқ даражаси қандай бўлишига қарамай, барча бирдек таълим олиш имконига эга бўлиши зарур.

Ёшларни илм-фанга қизиқтириш учун нима қилиш керак?

Энг аввало, илм-фанни молиялаштириш кўрсаткичларини сезиларли даражада ошириш кўзда тутилган, у ЯИМнинг 0,8 фоизигача етказилади. 2021 йилга бориб Ўзбекистон шундай кўрсаткичга эришиши кутилмоқда.

Илмий тадқиқотларни молиялаштириш тизими ривожлантирилади. Бизда инновацион жамғармалар, инновацион банклар, венчур фондлар пайдо бўлади. Мамлакатнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш учун банк кредитини олиш жараёнлари ва талаблари соддалаштирилади. Инновацион ривожланишни микромолиялаштириш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда.

Илмий-технологик тараққиётнинг устувор жиҳатларини белгилаш ва молиялаштиришда хусусий сектор иштироки рағбатлантирилади. Мунтазам равишда янгиланиб турувчи инновацион лойиҳалар ва салоҳиятли инвесторларнинг ягона маълумотлар базаси яратилади.

Лойиҳавий бошқарув механизмларидан фойдаланган ҳолда давлат буюртмалари орқали дастурий-мақсадли тамойил бўйича илмий-тадқиқий ва тажрибавий ишларни ташкиллаштириш механизми жорий қилинади. Бу долзарб муаммоларни ҳал қилишда олимлар иштироки самарасини ошириш имконини беради.

Инновацион инфратузилмани ривожлантириш, олимлар ўз салоҳиятини ошира олиши учун шароитлар яратишга катта эътибор қаратилади. Замонавий илмий асбоб-ускуналар харид қилинади. Ноёб илмий-техник ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари ишга туширилади, улар энг илғор қурилмалар билан таъминланади.

Илмий-техник маълумотлар давлат тизимини яратишга қарор қилинди, у республика, соҳалар, минтақа даражасидаги илмий-техник ахборот ресурслари ва шу йўналишдаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослашган ташкилотларни ўз ичига олади. Бу эса илмий ишланмалар ҳақидаги маълумотларга киришни осонлаштиради.

Фото: mahoratmaktabi.uz

Олимлар ўз ишланмаларини жорий қилишда бир-бирларига кўмак бериши керак. Шу мақсадда технологиялар трансфери бўйича миллий ва минтақавий идоралар ишга туширилади.

Илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш учун технопарклар хаби, эркин иқтисодий зоналар, эркин саноат зоналари, кичик саноат зоналари ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларини яратиш режалаштирилмоқда.

Миллий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва уларни ташқи бозорга олиб чиқишда хорижий ҳамкорлар иштирокидаги ташкилотларни шакллантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кучайтирилади.

IT-технологиялар соҳаси ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ривожлантирилади. 2021 йилга бориб ахборот-коммуникацион технологиялар соҳасида экспорт хизматлари улуши умумий ҳажмдан 4 фоизгача етказилади.

Буларнинг бари олимларнинг иқтисодиёт реал секторининг аниқ вазифаларини ҳал қилиш билан шуғулланишига олиб келишига туртки беради.

Талабгорликни ошириш учун нима қилиш керак?

Рақобатни кучайтириш керак. Шу боис концепцияда унинг ривожига катта эътибор қаратилган.

Шундай экан, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, корпоратив ҳуқуқни ривожлантириш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойилларини татбиқ қилишга киришилади. Иқтисодиётнинг инновацион ривожланиш ва ресурслардан самарали фойдаланишга ўтишини рағбатлантирувчи рақобатбардош бозорни шакллантириш кўзда тутилган.

Монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш, шу жумладан давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини татбиқ қилиш ҳисобига барча юридик ва жисмоний шахслар учун товарлар, иш ўринлари ва хизматларга тенг эгалик қилиш имконини таъминлаш, монополиячи-корхоналар маҳсулотларига нарх белгилашнинг самарали механизмини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва ички бозорда монополияни бартараф этиш учун барчага тенг шарт-шароитлар яратилади.

Бундан аввал KUN.UZ'да Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан инновациялар, илм-фан ва иқтисодиётга оид видеоинтервьюси тақдим этилган эди.

Мавзуга оид