Ўзбекистон | 08:26 / 25.09.2018
114245
5 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқингизни талаб қилинг. Мажбурий меҳнатга рози бўлманг!

Фото: KUN.UZ

Kun.uz таҳририятига мурожаатлар келишда давом этмоқда. Айни вақтда мажбурий меҳнат билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар кўпайган. Аввало, мажбурий меҳнат нима деган саволни кўриб чиқамиз.

Мажбурий меҳнат қайси қонунлар билан тартибга солинади?

Қонунда белгиланган ҳолатлардан ташқари барча кўринишдаги меҳнат қилишга мажбур қилиш жараёни мажбурий меҳнат сифатида қаралади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга»лиги белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 7-моддасига биноан, бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажариш тушунилади.

Бундан ташқари, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасида шундай дейилади: «Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно».

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Яна ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида ва фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда меҳнат қилиш ҳам мажбурий меҳнат ҳисобланмайди.

Шунча қонун ва қонуности ҳужжатлар бўлишига қарамасдан жойларда ноқонуний меҳнат қилишга мажбур қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу ҳолат турли кўринишларда рўй бермоқда.

Нега фуқароларимиз ҳуқуқларини талаб қилишдан қўрқади?

Тадбиркорлар сектор раҳбарлари томонидан тазйиққа олинади, у ўз навбатида иш берувчи сифатида ишдан ҳайдаш шарти билан қўрқитиб, оддий ишчини «ўз ихтиёри» билан меҳнат қилишга мажбур қилади, пахта йиғим-теримига ўзи пул беради ёки пахта терими учун улардан маълум бир миқдорда пул йиғади, бозорларда назоратчилар томонидан сотувчилардан жойини олиб қўйиш билан қўрқитиб мажбурий меҳнат учун пул йиғилади, мактаб, коллежларда ўқитувчи ва ўқувчилардан йиғиладиган мажбурий йиғимлар, талабаларни пахтага чиқариш ҳолатлари ва ҳоказолар.

Мурожаатларни ўрганиш учун баъзан ўзимиз чиқамиз, баъзан тегишли ташкилотлардан назоратга олишни сўраймиз. Шундай вақтларда мурожаатчиларнинг аксарияти ўзи берган маълумотга изоҳ беришдан қўрқишади. Андишалилик, уятчанлик ва озроқ қўрқоқлик сабаб муаммони ёритишга келганда кўп ҳолларда чекинамиз. Мисол учун, туманлардаги сектор раҳбарлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган тадбиркорларни олайлик.

Улар одатда Давлат солиқ инспекцияси, Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва бўлимлари, Туман санитария-эпидомиология назорати марказлари ва бошқа ваколати бор ташкилотлар томонидан ўтказиладиган текширишлардан қўрқиб мажбурий меҳнат учун ишчи етказиб беради ёки маълум миқдорда пул йиғиб беради.

Ёдингизда бўлса, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан режадан ташқари барча текширувлар бекор қилинди. Бу дегани давлат ташкилотлари эндиликда исталган вақтида ҳужжатларни кўтариб сизни текширишга ҳақи йўқ.

Қўрқманг! Режадан ташқари текширишлар бекор бўлган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»даги Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

Президент фармонининг 2-бандига кўра, 2018 йил 1 апрелидан бошлаб ишбилармонлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятида текшириш ўтказишга икки йиллик мораторий ҳам эълон қилинди (Юридик шахсларнинг тугатилиши ва жиноят ишлари доирасидаги текширишлар бундан мустасно).

Ишдан бўшатиш билан қўрқитиб мажбурий меҳнатга мажбурлаш масаласига келсак, бу ҳам қонун билан тақиқланган. Агар шундай ҳолатлар юзага келса, биринчи навбатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман инспекцияларига мурожаат қилинг. Вазирликнинг +998712000600 рақами ҳам ишлаб турибди. Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳам мазкур масала билан жиддий шуғулланишга ҳаракат қилмоқда. Прокуратурага ҳам 1007 рақами орқали муаммони етказиш мумкин. Шунингдек, Касаба уюшмаларининг 1092 рақамига ҳам боғланиб, вазиятдан хабардор этиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид