Ўзбекистон | 15:02 / 26.09.2018
8109
2 дақиқада ўқилади

2020 йилгача Ўзбекистонда 300 га яқин меҳмонхона қурилади

2020 йилгача Ўзбекистонда 300 га яқин меҳмонхона қуриш режалаштирилмоқда. KUN.UZ мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Бахтиёр Умаров

"Ўзбекистонда туристик оқим тобора ошиб бормоқда, лекин ҳозирча бизнинг инфратузилмамиз талабга жавоб бермайди. Масалан, меҳмонхоналар етишмовчилиги муаммоси мавжуд. Буни бартараф этиш мақсадида 2020 йилгача Ўзбекистонда 300 га яқин меҳмонхона қуриш режалаштирилмоқда, бренд даражасидаги меҳмонхоналар (Marriott, Hyatt, InterContinental, Sheraton ва б.) ҳам шулар жумласидандир. Бу меҳмонхоналар вакиллари билан муайян келишувларга эришилди", - дейди Бахтиёр Умаров. 

Таъкидлаш жоизки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида доимий равишда соҳадаги асосий тенденциялар ва сайёҳларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганмоқда. Июнь ойида ўтказилган сўровномада Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳларнинг уларга кўрсатилаётган хизматлар турлари бўйича фикрлари ўрганилди. Сўровномада умумий ҳисобда 72 мамлакатдан ташриф буюрган 5756 нафар респондент иштирок этган. 

Сўровнома натижаларига кўра, сайёҳларнинг асосий қисми - 88 фоизи Ўзбекистондаги жойлашув воситалари стандарти умумий сифатидан қониқиш ҳосил қилган. 90 фоиз сайёҳ мамлакатдаги овқатланиш стандартлари сифатини ижобий баҳолаган, хизмат кўрсатишнинг умумий сифатидан қониқиш ҳосил қилган туристлар эса 89 фоизни ташкил қилган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид