Ўзбекистон | 10:27 / 27.09.2018
4597
4 дақиқада ўқилади

Янги тажриба: пойтахт маҳаллаларида бизнес-марказлар

Фото: 123RF

Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2018 йилдаги 740-сон қарори билан Олмазор тумани маҳаллаларида “Тадбиркорлик марказларини” ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.
 
Norma’нинг ёзишича, пойтахтнинг Олмазор туманидаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғинида тажриба тариқасида “Тадбиркорлик марказлари” ташкил этилади.  Жалб этилган маҳаллалар рўйхати ҳужжатга иловада тақдим этилган.
 
Тажрибанинг асосий мақсади - тадбиркорлик фаолиятини, ш.ж. оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш.
 
Марказлар бизнес-инкубатор шаклида ташкил этилади, юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.  Марказларга раҳбарлик қилиш, уларнинг ишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш фуқаролар йиғинларининг раисларига юклатилди.
 
Марказлар фаолияти билан боғлиқ харажатлар:

• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари;
• туман маҳаллий бюджети даромадларининг прогноз параметрларини ошириб бажаришдан тушадиган даромадлар;
• жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
 
Марказлар фаолиятининг самарадорлиги натижалари таҳлил қилинади ва олинган натижалар бўйича тажриба Олмазор туманидаги бошқа маҳаллаларда жорий этилади.

Қуйидагилар тадбиркорлик марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

• хонадонларни уйма-уй юриб ўрганиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда кўмаклашиш ва уларни Марказларга кенг жалб этиш;
• тадбиркорлик асослари: бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари, молиявий менежмент ва бухгалтерия ҳисоби, бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортиш режимини тўғри танлаш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;
• фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар бизнес юритиши ва стартапни ташкил этиши учун Марказлар биносидан, шу жумладан ёшлар тадбиркорлик кластерлари биноларидан жой ажратишга кўмаклашиш;
• маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, солиққа тортиш, молия ва солиқ ҳисоботларини топшириш, банк хизматлари, биноларни ижарага олиш, давлат мулки объектларини "ноль" қийматида харид қилиш бўйича маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш;
• бизнес учун ишончли ҳамкорлар излаш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишда, ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш;
• маҳалла ҳудудида ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга:  рўйхатдан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш;
• жисмоний ва юридик шахсларга ЯИДХП, “ягона дарча” тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари, банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, консалтинг, баҳолаш, риэлторлик ва бошқа хизматлар ҳақида маълумотлар бериш.
 
Тадбиркорларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш учун Марказлар ходимлари бир йилда икки марта (сентябрь ва март ойларида) ўқув-семинарларда замонавий интерактив ўқув услубларини қўллаган ҳолда билим ва малакаларини оширадилар.
 
Марказлар фаолиятига, зарур ҳолларда, маҳаллий тажрибали тадбиркорлар, ҳунармандлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг малакали мутахассислари, оқсоқолнинг маслаҳатчилари жамоатчилик асосида жалб қилинади.
 
Ҳужжат 20.09.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид