Ўзбекистон | 17:27 / 27.09.2018
7268
4 дақиқада ўқилади

ИИВ Академиясида Марказий Осиёда ягона инновацион таълим мажмуаси қурилади

Фото: ИИВ Академияси матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 29 июнь куни  Ички ишлар вазирлиги Академиясига ташрифи чоғида таълим муассасасида Хитой тажриба асосида Симуляция ва модуляция марказини барпо этиш зарурлигини айтиб ўтган эди. Таълим самарадор­ли­ги­ни оши­ришга хизмат қилувчи ушбу иншоот Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган. Ана шу мақсадда Ўзбекистонга мазкур давлатнинг “Intemal Trade Engineering Design and Research lnstitute Co.Ltd P.R.China” департаменти вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Мазкур Инновацион таълим фонди Ўзбекистон ва ХХР ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида барпо этилмоқда. Лойиҳа асоси­да Ситуацион полигон ҳамда Модуляция ва симуляция маркази­ни ўз ичига олган иншоот қурилиши мўлжалланган.

Инновацион таълим фондининг вазифаси Академия тингловчи ва курсантларига тегишли мутахассис­лик­лар бўйича чуқур амалий таълим бериш ва уларда касбга оид, келажакда ўз хизмат вазифаларини муваффақиятли бажа­ришга имкон берадиган малака ва кўникмани ҳосил қилиш­дан иборат.

Бу ерда тезкор-хизмат шароитларга макси­мал даражада яқинлаштирилган, фавқулодда вазиятни замона­вий ахборот-коммуникация ҳамда компьютер техно­ло­гиялари ёрдамида модуляция қилишни ва воқеаларнинг кейинги ривожи­ни симуляция қилиш имконини берадиган ўқув-машқ мажмуа­лари, махсус ўқув аудитория ва майдончаларда амалий машғулотларни ўтказиш сингари ўқитиш усулларидан фойдаланилади.

Лойиҳага кўра, Академия Ситуацион полигони кўп функцияли ўқ отиш мажмуаси, «Чидам» ахлоқий-психологик, имитацион тўсиқли йўлак, «Қорасув» тактик-ситуацион биноси, йўл-транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ходимларни тайёрлаш бўйича мажмуа, экстремал шароитларда автомобиль ҳайдашни ўрганиш учун автоматлаштирилган автодром, моделлаштириш ва симуляция ўқув мажмуаси, мониторинг маркази (Ситуацион марказ) ва иншоотлардан иборат бўлади.

ХХР делегацияси раҳбари Чень Фаннинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароити, ҳуқуқ-тартибот органлари учун кадрлар тайёрлаш салоҳияти, таълим даргоҳининг моддий-техник базаси, ресурслари ва бошқа эҳтиёжлари чуқур ўрганиб чиқилади.

Мутахассисларнинг фикрича, Ситуацион полигон ҳамда Модуляция ва симуляция маркази курсантларнинг интеграл, махсус-тактик тайёргарлиги жараёнида жиноятчиликка қарши кураш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тарти­бини сақлаш соҳасида тайёргарлик кўриш самарадорлигини оширишга, уларда турли экстремал вазиятларни самарали мониторинг қилиш, тегишли объектларда ғайриқонуний ҳаракат­ларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш давомида мақбул тезкор-хизмат, бошқарув қарорлари қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.  

“Intemal Trade Engineering Design and Research lnstitute Co.Ltd P.R.China” департаменти мутахассислари Академия Инновацион таълим фонди лойиҳасининг техник-иқтисодий жиҳатларини ишлаб чиқишганидан сўнг янги лойиҳа асосида қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Эътиборли жиҳати, мажмуа фойдаланишга топширилгач, Марказий Осиёдаги ягона марказга айланади.

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати катта инспектори,
лейтенант

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид