Жамият | 16:44 / 27.09.2018
5999
2 дақиқада ўқилади

Ҳоким ва тадбиркорлар учрашуви: Муаммоларга ечим топилмоқда

Сурхондарё вилоятида тадбиркор ва ишбилармонларни ўйлантираётган муаммоларини ҳал қилиш ҳамда янги истиқболли ғоя ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳоким ва тадбиркорлар» учрашуви ўтказиб келинаётгани яхши самара бермоқда.

Денов туманида ташкил этилган навбатдаги учрашувда тадбиркорлик субъектлари вакилларининг замонавий савдо мажмуаси, стационар даволаш маркази, ҳаммом қурилиши, томат пасталари, писта ёғи, аёллар ва болалар пайпоқлари, хўжалик совуни ва сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлашни ташкил этиш ва бошқа истиқболли инвестициявий лойиҳалари, экспорт таклифлари бўйича тақдимотлари ўтказилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов фаолияти давомида муаммога дуч келаётган тадбиркорларни бирма-бир тинглади. Улар томонидан айтилган таклиф ва мурожаатларни қисқа муддатда қонуний асосда ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

«Бундан аввалроқ Термиз шаҳри, Узун ва Қумқўрғон туманларида ўтказилган учрашувларда ҳам тадбиркорлар фаолиятида учраётган тўсиқлар, қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилган», деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид