Ўзбекистон | 00:08 / 28.09.2018
6101
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Пензада 23 миллион АҚШ долларилик экспорт шартномаларини тузди 

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг бир қатор вилоятларида бўлиб, маҳаллий компания ва ишбилармонлар билан инвестициявий лойиҳалар олиб кириш, ўз маҳсулотларини экспорт қилиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

 Гуруҳ аъзолари 23 сентябрь куни Ставрополь ўлкасида фаолият юритувчи “Экокультура” корхонаси билан Андижон вилоятида 52 миллион евро инвестиция олиб кириш лойиҳаси бўйича мева-сабзавот маҳсулотларини йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳудудий логистика марказини бунёд этиш борасида шартнома имзолади.

 

27 сентябрда Шуҳратбек Абдураҳмонов етакчилигидаги гуруҳ Пенза вилояти губернатори Иван Белозерцев билан учрашиб, ўзаро маданий алоқалар, иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик борасида келишиб олдилар. Дўстона ўтган мулоқот давомида икки вилоят ўртасида иқтисодиёт, ижтимоий соҳалар, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишлари бўйича меморандум имзоланди. 

Пензадаги учрашув давомида Андижоннинг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Barchinoy”, “Konteks-Tashkent”, “Милано Текстил” корхоналари, мева-сабзавот ишлаб чиқарувчи “Fruit eksport” жамияти ва тадбиркор А.Абдураззоқов, “Равон тараққиёт орзуси” пойафзал ишлаб чиқариш корхоналари маҳаллий ишбилармонлар билан ўз маҳсулотларини экспорт қилишга 23 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартнома имзолади. 

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид