Ўзбекистон | 12:10 / 28.09.2018
21022
2 дақиқада ўқилади

Душанбеда МДҲ саммити бошланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги «Кўҳи сомон» саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бошланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди. 

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, унда нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев жаҳонда жадал ўзгаришлар рўй бераётган, хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги зарурлигини, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаган.

«Ўтган йил Ўзбекистоннинг МДҲдаги фаолиятида янги босқич бўлди. Мамлакатимиз Ҳамдўстликнинг иқтисодиёт, энергетика, фан ва инновациялар, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларни қамраб олган 10дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди. Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жадал ўсмоқда.

Мамлакатимиз ташаббуслари МДҲ минтақасида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда», дейилган хабарда. 

Саммитда Шавкат Мирзиёев кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб ва истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтган.

Ўзбекистон 2020 йилда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказишга тайёр эканини тасдиқлаган.

 

Мавзуга оид