Қарз олди-бердиси: бу борадаги муносабатларнинг айрим жиҳатлари ҳақида

Улуғ аллома Маҳмуд Замаҳшарий ўз даврида "Инсофли одам биродарининг ҳақини ейишни ёмон кўргани учун уни эгасига беради, инсофсиз одам эса, бировнинг ҳаққига ишқибоз бўлгани учун уни эгасига қолдирмасдан еб қўяди", дея қайд этгани бежиз эмас. Зотан, инсониятнинг гўзал одатларидан бири бу — муҳтож одамга кўмак бериш, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашдир.
Инсоний кўмак ҳақида сўз борганда, ушбу одат қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билиш ва ҳамкасблар ўртасида кенг тарқалгани ҳамда асосан икки хил кўринишда амалга оширилишини таъкидлаш лозим.
Биринчидан, беғараз моддий қўллаб-қувватлаш — қайтиб олмаслик шарти билан ҳадя, тўёна ёки совға тарзида бериладиган ёрдамдир.
Иккинчидан, қайтариш шарти билан вақтинча қарзга пул ёки бошқа моддий неъматни бериб туриш ҳам инсоний кўмак ҳисобланади.
Айни пайтда одамлар ўртасида кўпроқ учрайдиган иккинчи ҳолат, яъни қарзга пул бериш оқибатида турли хил низо ва муаммолар келиб чиқаётгани ҳам бор гап. Баъзан эса, афсуски, бундай зиддиятлар, ҳатто тузатиб бўлмас фожиалар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлаётир.
Масалан, статистик маълумотларга қараганда, 2018 йилнинг биринчи ярмида жами пул ва бошқа қимматликларни фирибгарлик йўли билан қарз ниқоби остида олиб, қайтармагани сабабли 128 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлар судда кўрилган.
Уларнинг 108 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 35 нафарига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси, қолганларига нисбатан эса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Худди шу даврда фуқаролик ишлари бўйича судларга қарзни ундириш тўғрисида 5 823 та даъво ариза берилган. Шундан 4 515 та даъвони қаноатлантириш, жавобгарлардан жами 67 миллиард сўмликдан зиёд қарзларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Шунингдек, 503 та даъво талаби асоссизлиги сабабли рад этилган, 412 та ҳолатда жавобгар тараф даъвони тан олиб, қарзни қайтарганлиги сабабли фуқаролик иши тугатилган.
Суд амалиёти таҳлилидан келиб чиқиб, қарз берувчиларни ҳам, қарз олувчиларни ҳам икки тоифага ажратиш мумкин.
Қарз берувчи — биринчи ва кўпчиликни ташкил этувчи тоифа. Одатда, холисона ёрдам бериш ниятида, бирон-бир фойдани кўзламасдан, демакки, одамгарчилик нуқтаи назаридан ёрдам қўлини чўзиб, иккинчи тарафга қарз берганлар ушбу тоифани ташкил этади.
Аксарият ҳолатларда ўртадаги ишонч ва истиҳола сабаб қарз берувчи ва қарз олувчи ўртасидаги ушбу муносабат қонуний расмийлаштирилмайди. Оқибатда қарз олувчининг ноинсофлиги ёки тўлов имконияти бўлмаганлиги сабабли қарзни қайтариш масаласида низо келиб чиқади.
Шу ўринда қарз беришнинг қонуний асосларига тўхталсак, ўйлаймизки, фойдадан холи бўлмайди.
Фуқаролик кодексининг 41-бобида қарз ва кредит масалаларига доир нормалар белгиланган. Яъни фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Мабодо шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлса, у ҳолда қарз миқдоридан қатъи назар ўртадаги шартнома ёзма шаклда тузилади.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик Фуқаролик кодексининг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади. Бошқача айтганда, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини англатмайди, бироқ низо келиб чиққан тақдирда, тарафларни битимнинг тузилгани, мазмуни ёки бажарилганини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Суд амалиётида оддий ёзма битим тузилмаган ҳолатларда гувоҳлар кўрсатмаларига асосланган ҳолда қарз ундириш ҳақидаги талабни ёки айрим ҳолатларда қарзнинг қайтарилганини тасдиқлашга оид талаблар кўплаб учрайди.
Ваҳоланки, юқорида келтирилган қонун нормасида, битим тузишнинг оддий ёзма шаклига риоя қилинмаган ҳолатларда, унинг тузилганлиги, мазмуни ёки бажарилганлигини гувоҳлар кўрсатмалари билан тасдиқлаб бўлмаслиги аниқ белгиланган.
Ёзувчи Тоҳир Малик қайд этганидек, “қарз олиш ва бериш қадимдан мавжуд”.
Шу боис ҳеч бир замонда бу масала эътибордан четда қолдирилмаган. Аниқ тартиблар жорий этилган. Афсуски, бугунга келиб бу тартибларга риоя қилинмайди. Шу тартиблардан бири — қарзни гувоҳлар иштирокида бериш.
Қарз олди-бердисига доир машмашаларнинг келиб чиқиш сабабини жоҳилликдан қидириш керак. Агар кишида илм бўлса ва бу илмига амал қилса ёки илм олишга интилувчилардан бўлса, тўғри йўлдан юради ва боши ғавғолар дўлига учрамайди".
Қарз олди-бердисида икки ўртада ўзаро ишонч ва ҳурмат бўлгани яхши, албатта.
Аммо муайян вақт ўтгач, қарз олувчи кутилмаганда, олган қарзини тан олмаса ёки тан олса-да, "қайтарганман", деб туриб олса, табиийки, ўртада низо келиб чиқади.
Шунинг учун қарз олди-бердисини нотариал расмийлаштириш ёки оддий ёзма битим — тилхат орқали расмийлаштириш лозим. Бунда, аввало, қарз олувчи қарз олди-бердисини расмийлаштиришда ташаббус кўрсатиши лозим.
Ҳаётда негадир қарз берувчи ҳам, қарз олувчи ҳам қарз олди-бердисини нотариал расмийлаштиришга ҳаракат қилмайди. Бу, эҳтимол, уларнинг нотариал идорага бориш, қарз шартномаси расмийлаштириш учун вақт сарфлагиси келмагани билан изоҳланади.
Балки бунинг бошқа сабаблари ҳам бордир. Ҳар тугул, нима бўлганда ҳам, қарз олди-бердисида асосий шарт — нотариал расмийлаштиришнинг эътибордан четда қолиши оқибатда кўнгилхираликларга сабаб бўлаётгани ҳозирда кўп кузатилмоқда.
Шу ўринда амалдаги қарз шартномасига айрим ўзгартиришлар киритиш юзасидан ўз таклифларимизни билдирамиз.
Биринчидан, қарз шартномаси тузиш тартибига ўзгартириш киритиб, махсус ҳимояланган ва рақамланган бланкалар чиқариш тавсия этилади. Хусусан, юз минг сўмдан — бир миллион сўмгача; бир миллиондан — ўн миллион сўмгача; ўн миллиондан — эллик миллион сўмгача бўлган ва ҳоказо миқдордаги қарзни расмийлаштириш учун махсус бланкалар жорий этиш лозим.
Иккинчидан, ушбу бланкалар — қарз варақаларини нотариал тасдиқланган қарз шартномасига тенглаштириш масаласини ўйлаб кўриш керак. Шунда қарз олувчи ўзига зарур суммага оид бланкани сотиб олади, сўнгра у қарз олувчи ва қарз берувчи томонидан тўлдирилади ва имзоланади. Агар қарз кўрсатилган муддатда қайтарилмаса, муаммони судсиз, нотариал идорага ижро хати бериш учун мурожаат қилиш орқали ҳал этиш имконияти юзага келади.
Ўз навбатида, қарз берувчиларнинг иккинчи тоифаси ҳақида фикр юритадиган бўлсак, бу тоифага асосан қарз бериш орқали фойда кўрувчилар, демакки, судхўрлар мансуб. Улар муайян миқдорда фоиз эвазига, албатта, кафиллик ҳисобига қарз берадилар.
Бу тоифа вакиллари аксарият ҳолатларда берган қарзлари эвазига гаров шартномаси тузиш ўрнига, нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси расмийлаштирган ҳолда қарз беради. Шартномада қарз олувчи қарзини қайтарса, қарз берувчи унинг уйи ёки бошқа қимматбаҳо мулкини қайтариши мумкинлиги кўзда тутилган бўлади.
Қарз вақтида қайтарилмаган ҳолларда эса, қарз берувчи нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан уйни ёки бошқа мулкни сотиб олгани, ўртада ҳеч қандай қарз олди-бердиси бўлмаганини билдириб, қарздорни уйдан кўчириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилади.
Бунда қарз олувчи қонуний, нотариал тасдиқланган ҳолда тузилиб, ўзи томонидан имзоланган олди-сотди шартномаси — қарз эвазига тузилганини ҳар доим ҳам асосли далиллар билан исботлай олмайди. Негаки, қарз олди-бердиси тўғрисидаги тилхат қарз берувчида бўлади, уй ёки бошқа мулк эса, қарз берувчи номига эмас, балки бошқа шахс номига расмийлаштирилган бўлади.
Бундай вазиятларга дуч келмаслик учун, албатта, қарз шартномасини қонуний расмийлаштириш даркор. Агар қарз берувчи гаров талаб қилса, айнан гаров (олди-сотди эмас!) шартномасини расмийлаштириш керак ва бу келгусида турли низолар келиб чиқишининг олдини олади.
Шу билан бирга, қарз олувчиларни ҳам икки тоифага ажратиш мумкин. Чиндан ҳам, пулга муҳтож бўлиб, қарзни кейинчалик астойдил қайтариб бериш ниятида олганлар — биринчи тоифага киради. Бундай ҳолатда, агар турли сабабларга кўра, қарз қайтарилмаган бўлиб, қарз берувчи судга мурожаат қилса — қарз суммаси, кечиктирилган муддат учун фоизлар ҳамда давлат божи қарздордан ундирилади.
Қарз олувчиларнинг иккинчи тоифаси эса, қарз олган вақтнинг ўзидаёқ қарзни қайтариш ниятида бўлмайди. Яъни бундайлар қарз олиш орқали қарз берувчини алдайди, унинг мулки ёки мулкий ҳуқуқини қўлга киритади. Бу ҳол, ўз-ўзидан, ўша "қарз олувчи"нинг фирибгар сифатида Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилишини келтириб чиқаради.
Хулоса қилиб айтганда, улуғ алломаларимизнинг сўз тўғрилиги, қўл тўғрилиги ва қалб тўғрилиги ҳақидаги панду ўгитлари ҳаётнинг ўзидан олинган, ҳеч қачон эскирмайдиган тарбиявий ҳикматлардир. Зеро, ҳақиқатан ҳам, қарз олди-бердисида қарз олувчи ва қарз берувчи тўғри йўл тутса, хусусан, бу борадаги фуқаролик муносабатларини қонуний тартибда расмийлаштирса, икки орада ҳеч қандай низо ва кўнгилхираликлар келиб чиқмаслиги тайин.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари,
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси