Жамият | 00:44 / 30.09.2018
160470
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда 1 тонна ош дамлангани ҳақида мунгли репортаж

Бу ерда бугун Самарқанддаги Ислом Каримов кўчасида дамланган бир тонналик ош, уни нима мақсадда дамлашгани, ташаббус кимдан чиққани, қанақа масаллиқлар ишлатилгани, кимлар ва қандай пиширгани ҳақидаги репортаж бўлиши мумкин эди.

Эди! Лекин бўлмайди. Ош борасида сизга маълум қилишимиз бўлган ягона нарса — уни Мурод Ражабов муаллифлигидаги «Ошга марҳамат» ток-шоусида ош пишириш бўйича чемпион бўлган самарқандлик ошпаз Абдуманнон пиширди. Унинг ҳаттоки фамилиясини аниқлашнинг ҳам иложи бўлмади.

Мазкур мақола асосан ўша ошпазнинг фамилиясини аниқлаш нега иложсиз бўлгани ҳақида.

Ҳаммаси оддий — ош пишириш жараёнини яқиндан суратга олиш ва интервью уюштириш учун Самарқанд вилоят ИИБ ходимлари журналистларни, жумладан, мени ҳам қўйишмади. Қозонга яқинлаштиришмади, қисқаси.

Узоқдан, томошабин одамларнинг ичидан туриб ишлашга маҳкум бўлдик.

«Кимдан рухсат олишим керак, яқиндан бемалол ишлашим учун, айтинглар ахир?!», деб савол бердим тартиб посбонларига. «ЖТСБ бошлиғи Убайдулла акадан», дейишди. Убайдулла акани шу атрофда турган тўрт-беш чоғли милиция ходимидан суриштирдим. «Фуражкада юрибди, шу ерда», дейишди. Фуражкали бошлиқ эса ҳадеганда кўриниш бермасди…

Наҳотки, ҳаммасининг қўлида рация бўлган милиционерлар бошлиғига алоқага чиқиб, рухсат ё тақиқ олиб олишни уддалай олишмаса? Наҳотки, буларга фикрлаш шу қадар чеклаб қўйилган? Наҳотки, Самарқандда ички ишлар органи ходимлари шу қадар журъатсиз?

Энг ҳайратланарлиси, «нега қўймаяпсизлар ўзи?» — деб сўрасам, «вилоят ИИБ бошлиғи (Азиз Тошпўлатов!) шахсан ўзи келиб қозонни очиб беради, унгача ҳеч кимни яқинлаштирмаслик тайинланган», деган жавобни олдим. Ол-а!!! 

Тўғри, мен эътирозлар билдирдим ва ош пиширилаётган жойни мақолани айнан мана шу кўринишда ёзишни айтиб ва кўнгилга тугиб тарк этдим.

Тўғри кейинроқ, мен кетганимдан кейин нималардир бўлган шекилли, қозон бошидан туширилган суратлар интернетда тарқала бошлади. Аллақайси мулозим ҳозир ушбу мақолани ўқиб, «Кўп бошни гангитмасдан ўша тарқалган расмлар ва видеолардан фойдаланса бўлар эди-ку?» дейиши мумкин.

Шундайлар учун бир неча пунктларда бу нарса Kun.uz сиёсатига нега тўғри келмаслигини тушунтираман:

  1. Kun.uz ўз мухбирларини керакли аслаҳалар билан таъминлаган ва имкон қадар бошқа таҳририятлар ва матбуот хизматлари томонидан туширилган фото ва видео лавҳалардан фойдаланмасликка ҳаракат қилади.
  2. Чунки Интернетда тарқалган видео ва расмларнинг барчасида таҳририят ва блогларнинг логотипи турибди. Биз ўша логотипларни қирқа олмаймиз.
  3. Kun.uz бошқа таҳририятларда ишловчи фотосуратчиларнинг ишларидан фойдаланган тақдирда ҳам, албатта уларнинг муаллифи ва манбасини таҳририятдан сўраб кўрсатади. Бу эса ўша таҳририятларда ишловчи журналистларнинг иш жойида тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
  4. «Сабр қилганингизда фуражкали Убайдулла ака ҳам топиларди, кейинроқ рухсат ҳам бериларди», дейдиганларга: Kun.uz’да ҳар бир дақиқа ўлчовли. Шу куни таҳририят томонидан белгиланган, ошдан бошқа топшириқлар ҳам бор эди: масалан, ЕИнинг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс билан бирга ЕИ шафелигида вилоятда амалга оширилган лойиҳалар билан танишиш. Мана, 13-мактабда у билан бўлиб ўтган учрашувдан фотосурат:

Бундай гигант қозонларда ош юртимизда биринчи марта пиширилмаяпти. Айниқса, ўтган йили 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида дамланган 7 тонналик ошни тарқатиш жараёнида рўй берган тартибсизликлар барчани асабийлаштирган эди. Самарқанддаги ош пишириш жараёни иш кунига тўғирлангани, олдиндан кўп ҳам реклама қилинмаганидан, мақсад бундай талотўпларнинг олдини олиш бўлгандек.

Бу аслида бир қараганда!

Интернетда тарқалган маълумотлардан маълум бўлдики, пиширилган ошнинг порцияси 9000 сўмдан сотилган. Тартибсизлик эса одатда текин жойда бўлади, пуллик жойда эмас. Яъни, автозак автобусни Регистон майдонига элтувчи тротуарга келтириб қўйиб, халқни қўрқитиш шарт эмасди.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид