Жаҳон | 00:34 / 01.10.2018
14986
2 дақиқада ўқилади

Сурияда ҳалок бўлган россияликлар ҳақида маълумот берилди

Фото: Дмитрий Виноградов/ РИА "Новости"

Сурияда Россия 3 йилдан бери олиб бораётган ҳарбий амалиёт вақтида 112 россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳақда Россия федерация кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Виктор Бондарев маълум қилди.

“Бугунги кунга келиб қуролли кучларимизнинг Суриядаги йўқотишлари 112 кишини ташкил қилади, улардан ярми Ан-26 фожиаси ва Ил-20’нинг уриб туширилишига тўғри келади. Техникадан 8 та самолёт, 7 та вертолёт ва эҳтимол 1-2 та БТР ва зирҳли автомобил йўқотилган”, деб айтган Бондарев.  

Бондарев йўқотишлар ҳақида гапираркан, Афғонистондаги урушни эслаб ўтган. Унинг таъкидлашича, ўшанда 3 йил ичида 4,8 минг киши ҳалок бўлган. 

Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти Сурияда 6 март куни ҳалокатга учраган. У Ҳмаймим базасига қўниш вақтида полосагача 500 метр қолганда қулаб тушган. Самолёт бортида 39 киши бўлган.

Ил-20 эса 18 сентябрда Ўрта ер денгизи яқинида уриб туширилган. Фожиа оқибатида 15 ҳарбий ҳалок бўлган.  

Россия Сурияда 2015 йил сентябрдан ҳарбий амалиёт олиб боради. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид