Жаҳон | 10:52 / 03.10.2018
10232
2 дақиқада ўқилади

Клинтон «Россия аралашуви»ни 11 сентябрь терактлари билан таққослади

Фото: РИА Новости

АҚШнинг президентлигига собиқ номзод Хиллари Клинтон Россиянинг АҚШдаги 2016 йилги сайловларга аралашувини 2001 йил 11 сентябрь терактлари билан таққослади. Бу ҳақда The Washington Post ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам «хорижий давлат Америка Қўшма Штатларига ҳужум қилди, аммо иккинчи ҳолатда президент ҳеч нарса қилмади. Бу 11 сентябрдан сўнг кичик Жорж Буш: «Менда бу ҳақда ташвишланишга вақт йўқ. Бу даҳшатли бўлди. Биз қайғудамиз. Биз Нью-Йорк ва Пентагонни қайта тиклаймиз, аммо бундан ташвиш тортмаймиз», дегани билан бир хил бўлди. Ҳозир ҳамма нарса шунга айланиб бормоқда», - деди собиқ давлат котиби.

2001 йил 11 сентябрда Қўшма Штатларда замонавий тарихдаги энг йирик теракт рўй берди. Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига иккита йўловчи самолёти келиб урилди, учинчиси Пентагон биносига қулади ва яна бири Пенсильвания штатидаги Шанксвилл шаҳри яқинида қулаб тушди. Натижада, 19 террорчини ҳисобламаганда, тахминан уч мингга яқин киши ҳалок бўлди, тўрт мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Ўшандан бери Қўшма Штатларда фавқулодда ҳолат режими ҳар йили узайтирилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид