Жаҳон | 10:56 / 03.10.2018
26086
3 дақиқада ўқилади

Скрипаль Россияда жуда юқори даражадаги коррупция схемаси ҳақида гапирди

Фото: Globallookpress

Заҳарли модда ёрдамида ўлдирилмоқчи бўлинган ГРУ собиқ ходими Сергей Скрипаль Британия разведкасига 1990-йиллардаги коррупция схемаси ҳақида маълумот берган, унда ФХХ собиқ раҳбари, Россия Хавфсизлик кенгашининг ҳозирги котиби Николай Патрушев ҳақида сўз юритилган. Бу ҳақда «Би-би-си» журналисти Марк Урбаннинг китобида айтилади, деб хабар қилмоқда New York Times.

Скрипалнинг ўтган йил Урбан билан суҳбатда маълум қилишича, Россия ҳукуматидаги жуда юқори мансабдор шахслар ўртасидаги коррупция ҳолатлари бўйича маълумотлар «жуда жиддий» бўлган. Собиқ жосуснинг билдиришича, денгиз зобитларидан бири Россия ташқи разведкасига ишлаган ва, худди ўзи каби, Ғарбга маълумот бериш чоғида ушланган. 2004 йилда, Россия махсус хизматлари томонидан сўроқ қилингандан сўнг, зобит ҳарбий госпиталда ўлик ҳолда топилган. Расмий равишда унинг ўлими ўз жонига қасд қилиш, деб айтилган, аммо унинг қўлида бир неча бармоқлари бўлмаган, дейилади китобда. Британия разведка хизматларининг фикрича, Скрипаль шундай тақдирдан қочишга муваффақ бўлди, сабаби сўроқларда Патрушевга олиб борадиган коррупция схемаси ҳақида айтмаган.

Урбаннинг ёзишича, Скрипаль СССРнинг парчаланишидан хафа бўлган ва Россия Федерациясига хизмат қилишни хоҳламаган. Аммо ГРУ малакали мутахассисга муҳтож бўлган, шунинг учун 1992 йилда унинг истеъфоси қабул қилинмаган ва Мадриддаги ишга юборилган. Тўрт йил ўтгач Скрипаль Британиянинг MI6 разведка хизматига Мадриддаги ГРУ қароргоҳида рўй берган тизимли порахўрлик ҳақида маълумот топширади. Унинг сўзларига кўра, зобитлар харид қилинган нарсалар учун ортиқча пул тўлашган ва қатор харажатларни шунчаки ўйлаб топишган, улуш эса унвон бўйича юқори турувчиларга берилган.

Урбаннинг «Скрипаль иши: россиялик жосус ҳаёти ва деярли ўлими» китоби Қўшма Штатларда 2 октябрь, сешанба куни чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергей Скрипаль Россиядан бундай суиқасдни кутмагани хабар берилганди.

Мавзуга оид