Жаҳон | 15:22 / 04.10.2018
13755
2 дақиқада ўқилади

Кўп йиллик танаффусдан кейин Душанбе ИЭМ-1 ўзбек газида ишлай бошлайди

Фото: "Барки Точик"

Ноябрь ойининг биринчи кунларига тўғри келган иситиш мавсуми бошланиши билан Душанбе ИЭМ-1 ўзбек газида ишлашни бошлайди, дея хабар беради Asia-Plus.

«Ўзбек газини Душанбе ИЭМ-1 эҳтиёжлари учун етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. 10 йилдан ортиқ муддатга тўхтатиб қўйилган Ўзбекистондан газ етказиб бериш ишларининг бошланиши билан, Душанбе ИЭМ-1 ишга туширилади, у иссиқлик билан бирга электр энергиясини ҳам ишлаб чиқаради. Бу ҳолда Тожикистоннинг энг йирик энергия истеъмолчиси бўлган Душанбеда электр энергияси сарфи камаяди», - дея таъкидлаб ўтди Тожикистон ҳукуматидаги манба.

Душанбе ИЭМ-1’нинг умумий лойиҳа қуввати 198 МВт. У 1957 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. ИЭМда асосий ёқилғи экспорт қилинувчи табиий газдир, бироқ Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб беришни тўхтатганидан сўнг захира ёқилғи - мазутдан фойдаланиш бошланди.

Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб беришни тўхтатганда, ҳукумат ҳар йили Душанбе ИЭМ-1 эҳтиёжлари учун қарийб 30-35 минг тонна мазут сотиб олган.

 

Мавзуга оид