Ўзбекистон | 23:56 / 04.10.2018
8524
5 дақиқада ўқилади

Туркия инсонпарварлик ёрдами кўрсатувчи мамлакатлар орасида биринчи

Бугунги кунга келиб жаҳон миқёсида қочқинларга бошпана берган ва уларга ёрдам кўрсатаётган мамлакатлар орасида Туркия етакчилик қилмоқда. KUN.UZ мухбири Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Башар Шеннинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Рақамлар

Элчининг таъкидлашича, 12 йил аввал Туркиянинг бошқа мамлакатларга кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами ҳажми 85 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 3,1 миллиард долларга етган, 2016 йилда Туркиянинг гуманитар ёрдам кўрсаткичлари 6 миллиард долларни қайд этган ва 2017 йилга келиб 8,07 миллиард долларга баҳоланган.

Туркия ушбу кўрсаткичлар билан дунёдаги энг кўп инсонпарварлик ёрдамини кўрсатувчи мамлакат сифатида эътироф этилган. Ундан кейинги ўринда келган Америка Қўшма Штатлари эса 6,68 миллиард доллар кўрсаткич билан иккинчи поғонани қайд этган.

Инсонпарварлик ёрдами кўрсатувчи топ-5 давлатлар рейтинги:

1. Туркия;

2. АҚШ;

3. Германия;

4. ЕИ институтлари;

5. Япония.



2016 йилнинг 23-24 май кунлари Туркия Республикаси ташаббуси билан биринчи марта Жаҳон инсонпарварлик саммити (WorldHumanitarianSummit - WHS) ўтказилди. Ундан мақсад - дунё мамлакатлари билан келишган ҳолда эҳтиёжмандларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш.

Туркия қайси давлатларга ёрдам қўлини чўзмоқда?

Туркия нафақат ўз ҳудудида, балки дунёнинг турли бурчакларидаги эҳтиёжманд кишиларга ёрдам бериб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Судан. Бу мамлакат мушкулини оз бўлса-да енгиллаштириш мақсадида 2018 йилнинг июнида Туркия 10 минг тонна буғдой етказиб берди.

Сомали. Қурғоқчилик оқибатларини енгиллаштириш мақсадида 2016 йилда Сомалига 20 минг тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ташаббуси билан 2017 йилда "Умидли бўл" шиори остидаги ёрдам кампанияси бошлаб берилди ва 2017 йилнинг 17 июнида Могадишога инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Ливия. Шифохона ва тиббиёт марказларининг шошилинч тиббий жиҳоз ва дори-дармонга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2017 йилнинг май ойида Туркия Қизил ярим ой жамияти томонидан тайёрланган 22 тонна дори воситалари ва тиббий эҳтиёж маҳсулотлари Ливияга юборилди.

Яман. 2017 йил апрелида амалга оширилган "Ямандаги инсоний инқироз бўйича юқори даражали ваъда" тадбирида ваъда қилинган 1 миллион доллар вабо эпидемиясига қарши курашда фойдаланиш учун ЮНИСЕФ ҳисобига ўтказилди. Шунингдек, вабони даволашда қўлланилувчи 50 тонна атрофидаги дори воситалари ва тиббий жиҳозлар етказилди. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, тиббиёт аравачалари ва икки саҳро мобил шифохонасидан иборат ёрдам денгиз транспорти орқали Адан шаҳрига йўлланди. 10 560 тонна оғирликдаги ушбу ёрдамларнинг умумий қиймати 8 миллион 840 минг АҚШ долларига тенг.

Мьянма. 2017 йил августида Аракан провинцияси шимолида юзага келган вазиятдан кейин Туркия Мьянма ва Бангладешдаги роҳингя мусулмонларига катта ёрдам бериб келмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари, мобил касалхона, яшаш ва даволаниш объектларини ўзида жамлаган кенг кўламли лагерь қурилишига доир ишлар шулар жумласидандир. Башар Шеннинг сўзларига кўра, бугунга келиб 30 нафар шифокор Бангладешдаги роҳингя мусулмонларига тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, қочқинлар ҳар куни иссиқ овқат билан таъминланади. Бангладешдан бошпана топган роҳингя мусулмонларига жами 7 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатилган.

Фаластин. Туркия бу мамлакатга кўрсатаётган амалий ёрдамларидан ташқари, Фаластинлик қочқинларга кўмак бериш агентлиги (UNRWA)га ҳам ёрдам беради. Туркиянинг UNRWA 2017 йилги бюджетига қўшган ҳиссаси 1,5 миллион долларни ташкил қилган бўлса, кейинчалик Агентлик талабига кўра 500 минг АҚШ доллари миқдорида, Агентлик котибияти фондини ташкил қилишга яна 100 минг АҚШ доллари ажратилди. 2018 йил февраль ойида - 1,5 миллион, кейинроқ қўшимча яна 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Туркия ушбу мамлакатга 2017 йилда 15 тонна, 2018 йилда эса 26 тонна етказиб берган.

Ғазо сектори. Бу ҳудуддаги жабрланганларга шошилинч ёрдам зарур бўлган вазиятларда фойдаланиш учун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам трансфери амалга оширилди.

Сурия. Сўнгги йилларда Туркия зўравонликлардан қочган сурияликларга нисбатан очиқ эшиклар сиёсатини давом эттирмоқда. Халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида уларнинг мажбуран қайтариб юборилмаслиги ва чегарадан қайтарилмаслиги тамойилларини жорий қилиб, сурияликларни ажратмасдан, “вақтинчалик ҳимоя”  билан таъминлаб келмоқда.

Умумий ҳисобда Туркия 4 миллиондан зиёд қочқинга жой берган бўлса, уларнинг аксариятини сурияликлар ташкил қилади. Элчининг таъкидлашича, Суриядаги зўравонликлардан қочиб, Туркиядан қўним топганлар сони 3,5 миллиондан ошган. Сўнгги 7 йил ичида Туркияда 300 мингдан ортиқ суриялик чақалоқ дунёга келган. 2018 йил август ойида Туркияда мактаб ёшида бўлган суриялик болаларнинг сони 976 мингдан ошди, бу болаларнинг 620 мингга яқини шу мамлакатда таълим олмоқда. Мамлакат шифохоналарида 1,5 миллион жарроҳлик операциялари амалга оширилди.

Туркиянинг инсонпарварлик ёрдамлари бўйича видеоматериални қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин:

Мавзуга оид