Ўзбекистон | 00:56 / 05.10.2018
8224
3 дақиқада ўқилади

"Ипак йўлида туризм" кўргазмасида асосий эътибор нимага қаратилган?

3-5 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган "Ипак йўлида туризм" халқаро кўргазмасида икки омилга катта эътибор қаратилган - инфратузилмани йўлга қўйиш ва хизматларни тақдим этиш. KUN.UZ мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Маркетинг тадқиқотлари бошқаруви ва миллий туристик маҳсулот тарғиботи бўлими раҳбари Беҳруз Ҳамзаев берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"Тошкент Халқаро Туризм ярмаркаси аслида анъанага айланган, лекин бу йилги "Ипак йўлида туризм" кўргазмамиз ўтган йилдагилардан фарқли. Биринчиси - бу кўргазманинг йигирманчи марта ўтказилиши, яъни юбилей сана. Иккинчиси, шу йилнинг бошида Президентимиз ташаббуси билан туризмни давлат тараққиётининг локомативига айлантириш мақсадида бу йўналишда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

БМТнинг бутунжаҳон туризмни ривожлантириш ташкилотининг Европа минтақавий директори ўринбосари Кристофер Ибсен айтганидек, бугунги кунда туризм жаҳон ЯИМдаги улуши бўйича учинчи ўринда, ҳатто автомобиль ишлаб чиқаришдан олдинги ўринларда туради. Бу нимадан далолат беради? 

Ишлаб чиқаришга хомашё етказиб бериш керак. Масалан, кийим-кечак ишлаб чиқариш учун пахта етказиб бериш зарур, машина ишлаб чиқариш учун - темир. Туризм эса шундай соҳаки, унда сервис асосий омилдир. Унда хомашё йўқ. Бизнинг хомашёмиз ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган тарихий ёдгорликларимиз, қадимий шаҳарларимиздир. Энг асосийси - хизматларни тўғри тақдим этиш ва инфратузилмани йўлга қўйиш. Шу боис бу йилги кўргазмада шу икки омилга алоҳида эътибор қаратилган", - дейди Беҳруз Ҳамзаев. 

Миллий павильон

Унинг сўзларига кўра, бу йилги кўргазмага хорижликларнинг ҳам қизиқиши катта. Шу боис "Ипак йўлида туризм" кўргазмаси бирйўла икки панель - Миллий павильон ва Халқаро павильонда ўтказилмоқда. Миллий павильонда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ўзининг туристик салоҳиятини намойиш этмоқда. Халқаро павильонда эса хорижлик меҳмонлар билан ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга доир масалалар муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.

Халқаро павильон
Халқаро павильон
Халқаро павильон
Халқаро павильон

"Тўғридан-тўғри шартномаларни инобатга олган ҳолда, бизда HostedBuyers номли ташаббус бор. Бу ерга йирик туркомпаниялар ва медиакомпаниялар вакилларини таклиф қилганмиз. Халқаро павильоннинг бир қисмини музокаралар олиб борилувчи ва имзоланувчи хоналар учун ажратганмиз. Демак, Тошкент Халқаро Туризм кўргазмаси шунчаки оддий кўргазма эмас, балки амалий натижа келтирувчи тадбирдир", - дея қўшимча қилди мутахассис. 

Мавзуга оид