Жамият | 16:49 / 06.10.2018
68167
5 дақиқада ўқилади

Бухорода ИИБ ходимлари ваколат доирасидан четга чиқмоқда: фуқароларнинг қўй-эчкилари судсиз мусодара қилинмоқда

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг интернетдаги расмий веб-сайти орқали «Пахтани пайҳон қилиш ҳолатларини аниқлаш борасидаги тадбирлар натижалари» сарлавҳали хабар эълон қилинди.

Хабарга кўра, вилоятнинг Пешку туманида 2018 йил 1 октябрь куни соат 7:00ларда туманнинг «Хуррам» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1965 йилда туғилган фуқаро Таваккал Тўйев ҳамда шу манзилда яшовчи Нодир Юлдашевлар ўзларига тегишли бўлган 6 бош қўй ва эчкиларини қаровсиз қолдирганликлари оқибатида, ушбу чорва моллари «Нодирбек Дилнура» фермер хўжалигига қарашли пахта даласини пайҳон қилганлиги аниқланган. 1 бош қўй ва 1 бош эчки сўйилиб, ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга тарқатилган.

Шунингдек, 2018 йил 4 октябрь куни Бухоро туманида «Талалиён» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро Шавкат Турсунов ўзига тегишли бўлган 1 бош йирик шохли қорамоли ва 1 бош қўйини «Юринпоён ери» фермер хўжалигига қарашли пахта даласида боқиб, пайҳон қилганлиги аниқланган. 1 бош қўй сўйилиб, унинг гўшти ҳудуддаги 38-сон мактабгача таълим муассасасига топширилган.

Иккала ҳолат юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддасига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган, дейилади Бухоро вилоят ИИБ расмий сайтидаги хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш» деб номланган 104-моддасига кўз югуртирамиз:

Чорва моллар ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиши ёки уни йўқ қилиб юбориши, кўчатларга шикаст етказиши — фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун талабига кўра, бундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо қўллаш учун маъмурий судьяларнинг белгиланган тартибда чиқарган қарори (МЖтКнинг 245-моддаси) талаб этилади.

Энг қизиғи, амалдаги қонун ҳужжатларида пайҳон учун чорва моллари мусодара қилиниши ёки гўшти кам таъминланган оилалар ва бошқа муассасаларга текин берилиши ҳақида қоида белгиланмаган.

Тан олиш керак, пахта даласини пайҳон қилинишига йўл қўйган фуқаро белгиланган тартибда жаримага тортилиши шарт, бироқ фуқаронинг мулки ҳисобланган мол ёки қўй ўзбошимчалик билан сўйиб юборилиши ва гўшти ўзга шахсларга тарқатиб юборилишини қонунларга зид ҳаракатлар мажмуи, деб баҳолаш мумкин. Чунки Ўзбекистон Республикасида мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади.

Қонун устуворлиги таъминланадиган фуқаролик жамиятида яшаймиз. ИИБ ходимларининг мазкур ҳаракатлари на бир қонун ва на бир тартиб амал қиладиган Африка қитъасининг қолоқ мамлакатларини эсга солади.

Аслида, бу ҳолат юзасидан суд жараёни бўлиши, унда ҳосили нобуд қилинган фермер иштирок этиб, етказилган зарар ҳақида маълум қилиши, ўз даъвосини илгари суриш керак эди. Шундан сўнг, қонунда кўрсатилган тартибда жазо белгиланиши лозим эди.

Kun.uz томонидан мазкур мақола эълон қилингандан сўнг сўйилган қўй ва эчки эгаларининг уларни сўйиб, гўшти текин тарқатилиши учун розилик берганлиги ҳақидаги «тилхат»лари ёхуд ушбу ҳолатни ижобий деб қабул қилиш учун асос бўладиган бошқа «далиллар» ҳам пайдо бўлиб қолса, ажаб эмас...

Аслида,  шу ишга ташаббус кўрсатган ИИБ ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши, зарар етказган шахслар томонидан фуқароларга етказилган зарар тўлаб берилиши, ўз навбатида, фуқаролар қонунда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши, улардан ундириладиган жарималар давлат бюджетига кирим қилиниши лозим.

Кўрамиз, Бухородаги Ички ишлар бошқармасидаги мутасаддилар бунинг қай бирини танлашар экан?..

Мавзуга оид