Жамият | 13:11 / 06.10.2018
43109
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим муассасасининг ўқитувчи ва икки талабаси пора билан қўлга олинди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тақдим этган хабарга кўра, жорий йилнинг 24 сентябрь куни фуқаро Ч.Н. Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилган.

Унда Тошкент давлат юридик университети талабаси “Р” исмли шахс ва ўзини Меҳнат вазирлигининг юқори лавозимида ишловчи раҳбар ходими деб таништирган “Х” исмли шахс унинг икки танишини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг раҳбарлари орқали Тошкент автомобиль йўллари коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришини талаб қилаётганликларини маълум қилган.

Ариза асосида, шу куни ИИВ тезкор ходимлари томонидан Юнусобод туманида ўтказилган тадбир давомида, Тошкент давлат юридик университетининг 4-босқич талабаси Ж.Р. ариза муаллифи Ч.Н.дан 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ж.Р. ушбу пуллардан 1000 АҚШ долларини ўзига улуш сифатида олиб қолиб, қолган 2000 АҚШ долларини ўқишга жойлаштириш масаласини ҳал этиш учун “Х” исмли шеригига бериши лозим бўлганлигини кўрсатганлиги сабабли тезкор тадбир давом эттирилди. 

Натижада, 27 сентябрь куни Ўзбекистон  Миллий университетининг 2-босқич талабаси Х.Х. ҳамда ушбу университетининг Ижтимоий фанлар факультети катта ўқитувчиси лавозимида ишловчи Х.С.лар 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушландилар.

Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан фуқаролар Ж.Р., Х.Х. ва Х.С.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинганлар. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид