Спорт | 15:38 / 06.10.2018
11933
2 дақиқада ўқилади

Олимпия чемпиони ичкиликбозликка муккасидан кетганини тан олди

Фото: ТАСС

Америкалик сузиш устаси, олти карра олимпия чемпиони Райан Лохте спиртли ичимликларга қарамлик билан курашиш курсидан ўтади.

Лохте Калифорниядаги меҳмонхоналардан бирида юз берган ҳодисадан сўнг шифокорлар билан ишлашга рози бўлди. Ўшанда у маст бўлиб, меҳмонхонадаги ўз хонасининг эшигини бузиб киришга уринган, шунингдек, меҳмонхонада яшаётганлар ва ходимлар билан номақбул муносабатда бўлган. Можаро натижасида полиция ходимлари етиб келишди, улар чемпионни тинчлантиришга муваффақ бўлдилар.

Вазият Лохтени муаммолар бор эканини тан олишга мажбур қилди - сузувчи Токиодаги 2020 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун ўз ҳаёт тарзини ўзгартирмоқчи.

«У профессионал ёрдамга муҳтож эканини ва шу заҳотиёқ бундай ёрдамни қабул қилиб олишини англади», - дея маълум қилди сузувчининг адвокати Жефф Остроу TMZ порталига.

Бу америкаликнинг можароли ҳодисалар хроникасида пайдо бўлиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Хусусан, 2016 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари вақтида Лохте ва АҚШдан яна уч сузувчи полицияга қўнғироқ қилиб, уларни тунаб кетишгани ҳақида хабар беришганди. Суриштирув шуни кўрсатдики, спортчилар маст бўлган ва Рио-де-Жанейродаги АЁҚШлардан бирида можаро келтириб чиқариб, сўнг жазодан қочишга ҳаракат қилишган.

Мавзуга оид