Ўзбекистон | 17:04 / 08.10.2018
12654
3 дақиқада ўқилади

Искандар Абдуллаев: "АЭСга ИЭСдан 10 баравар кам сув сарфланади"

Атом электр станцияси (АЭС)га ўтишдан ҳеч ким ютқазмаган, ҳатто иқтисодчиларнинг фикрича, Германиянинг АЭСдан воз кечиб қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиши ҳам уларнинг энергетика сиёсатини мутлақо беқарор даражага тушириб юборган. Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ - CAREC) ижрочи директори Искандар Абдуллаев KUN.UZ мухбирининг АЭС ҳақидаги саволига шу мазмунда жавоб берди. 

Искандар Абдуллаев

"Бугунги кунда АЭСнинг учинчи-тўртинчи авлоди ишга туширилаётганини инобатга олиб, хавфсизлик билан таъминласак, бу жуда яхши ғоя. Ҳамма уни сув билан таъминлаш ҳақида гапиради, аслида Иссиқлик электр станцияси (ИЭС)га АЭСдан 10 баравар кўп сув сарфланади. Масалан, Навоийда ИЭС ишлаяпти, унга ҳам сув кетяпти, нега энди ундан анча кам сув сарфланадиган АЭСни ишга туширмаслик керак? Таҳлил ва назорат бўлса бўлгани", - дейди мутахассис. 

Шу ўринда Искандар Абдуллаев электр энергияси билан таъминлаш нуқтаи назаридан атом электр станциясининг аҳамияти ҳақида сўзлади. 

"АЭС уранда ишлайди, бизда эса уран бор. Биз уни ҳеч кимдан сотиб олмаймиз, бу эса электр энергия баҳосини арзонлаштиради. Фақат бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим - қатъий экологик назорат бўлиши керак. Бундай станцияларни назорат қиладиган экологик хизматларни ишга тушириш лозим. Ҳатто бизнинг амалдаги техник иншоотларимиз ҳам назорат остида бўлиши керак. Яқинда экологик назорат кучайтирилиши ҳақида ўқидим ва бу жуда яхши", - дейди у.

Олимнинг фикрича, Ўзбекистонга АЭС керак. Сўнгги вақтларда Ўзбекистонга турли мамлакатлардан жуда кўплаб инвестициялар ва технологиялар кириб келмоқда. Бундай даврда эса барқарор электр энергия манбаи бўлиши жуда муҳим. 

"Технологиялар одамларга боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган эҳтиёж шиддат билан ўсиб бормоқда. Бу эса бизга йил сайин 7-8 фоиз кўпроқ электр энергияси керак дегани. Бундан ташқари, аҳоли сони ошиб бораётгани ва янги уйлар қурилаётгани билан боғлиқ омиллар ҳам бор", - дея қўшимча қилади у. 

Лола Рахманбаева

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид