Жаҳон | 22:51 / 09.10.2018
5187
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги зилзила қурбонлари сони ошишда давом этмоқда

Индонезиядаги зилзила ва ундан кейин юз берган цунами оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2002 кишига етди. Маҳаллий ҳукуматнинг маълум қилишича, 1068 нафар қурбон жасади учта оммавий қабрда кўмилган, 934 жасад дафн қилиш учун яқинларига топширилган.

Жабрланганлар сони 4084 кишигача кўпайган. Палу, Донгала ва Сирида 67 мингдан кўпроқ бинога зиён етган.

Аввалроқ қурбонлар сони 1944 кишига етгани маълум қилинганди.

Мамлакатнинг табиий офатларга қарши курашиш агентлиги вакили Сутопо Пурво Нугрохо 5 мингдан кўпроқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётганидан ташвиш билдирган.

Индонезия метеорология, иқлимшунослик ва геофизика агентлиги Палудан 5 км узоқликда 5,2 магнитудали навбатдаги ер силкиниши қайд қилингани маълум қилган. Нугрохо одамларни ижтимоий тармоқларда охирги ер силкиниши оқибатида янги қурбонлар бўлгани ҳақида тарқалган лавҳалар ва маълумотларга ишонмасликка чақирган. Унинг айтишича, бу лавҳалар 28 сентябрда Сулавеси оролидаги зилзиладан кейин суратга олинган.

Жабрланган ҳудудларга гуманитар ёрдам етказиш давом этмоқда, бироқ аҳоли ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслигини ҳис қилмоқда.

28 сентябрь куни Индонезияда 7,4 магнитудали зилзила рўй берди, сўнгра яна 360та такрорий ер силкиниши қайд этилди. Улар цунами келиб чиқишига сабаб бўлди, унинг тўлқинлари баландлиги 5-7 метрни ташкил этди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид