Ўзбекистон | 09:27 / 11.10.2018
15932
3 дақиқада ўқилади

9-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш бўйича лойиҳа ишга туширилди

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

“MyWay Proforientation” компанияси касб-ҳунарга йўналтириш ва ривожлантириш маркази ХТВ кўмагида Тошкент шаҳридаги 9-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

“MyWay Proforientation” касб-ҳунарга йўналтириш ва ривожлантириш маркази Халқ таълими вазирлиги кўмагида касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди, у орқали умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари келажакда қандай касбни танлашлари кераклигини билиб оладилар.

Амалиётнинг кўрсатишича, аксарият ҳолларда ўсмирларнинг ота-оналари фарзандларининг қизиқиши ва қобилиятларини ҳисобга олмасдан, уларнинг келажакда қандай касб эгаси бўлишини ҳал қилишади. Натижада, битирувчиларнинг аксарияти ўз вақти ва пулини барибир келажакда ишламайдиган, ишласалар ҳам ҳузур олмайдиган мутахассисликни эгаллашга сарфлашади.

Касб-ҳунарга йўналтирилган лойиҳа ўқувчиларга шахсий хусусиятларини, қизиқишлари ва қобилиятларини аниқлаш имконини беради ҳамда мазкур маълумотларга таяниб, уларнинг шахсий имкониятларига мос келувчи касбни танлаш имконини беради. “MyWay Proforientation” компанияси Москва давлат университетининг (Россия) “Гуманитар технологиялар” Тест марказининг расмий ҳамкори ва “Профориентатор”, “Профмастер”, “Профнавигатор” ва бошқа дастурлардан фойдаланиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга бўлиб, Тошкентдаги бешта мактабда 9-синф ўқувчиларини тест синовларидан ўтказади.

Мактаб ўқувчилари “Профориентатор” дастуридаги “Шахс ва касб” блокининг махсус тестидан ўтадилар, бу болаларнинг индивидуал хусусиятларини аниқлаш имконини беради. Олинган маълумотларга асосланиб, “MyWay Proforientation” компанияси мутахассислари болалар билан гуруҳларда суҳбатлар ўтказадилар, келажакда қандай касб танлаш бўйича ўз тавсияларини беришади ва ўғил-қизларнинг саволларига жавоб беришади.

Дастлабки босқичда лойиҳа пойтахтдаги бешта мактабни қамраб олади. Келгусида Халқ таълими вазирлиги ва “MyWay Proforientation” компанияси пойтахтдаги барча мактабларни қамраб олишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид