«Чув тушган деҳқон энди қалампир чайнайдими?» Андижонлик фермерларда ҳам аччиқ қалампир муаммоси
Водий томон кишилари сарлавҳадаги иборани роса керак пайтда ишлатишади. «Пули куйган қалампир чайнабди». Бу гапнинг келиб чиқиши бир қизиқарли ҳикоя билан боғлиқ.
«Айтишларича, тоғлик чўпонлардан бири Андижон бозорига тушиб, майда-чуйда харид қилгач, қулупнай ҳам сотиб олади. Қарангки, унинг тоғдаги қишлоғида ҳеч ким қулупнайни кўрмаган экан. Ширин мевани еб кўрган чўпоннинг хотини ундан қўшнисига ҳам олиб чиқади. Қўшнининг хотини эса эрига «Озгина экан, еб тўймадик, сиз ҳам олиб келинг» дея зорланади. Содда ва дўлвор ҳамсоя чўпон тоғдан шаҳарга тушганида, «қулупнай» номини эслай олмай, савдогарлардан «майда-майда, ширин қизил мева бериш»ни сўрайди.
Қулупнай мавсуми тугагани учун бозорчилар у мева йўқлигини айтсалар ҳам қайсар чўпон мени алдашяпти дея ўйлаб, қалампирни кўрсатади ва «мана турибди, содда эмасман!» деб жуда катта пулга қалампир олади. Уйга келганида эса бу бошқа нарса экани маълум бўлади. Қайсар киши пули куйганига ачиниб, аччиғидан қалампир чайнаган экан».
Ҳозирда бу иборани ўзи наф бермайдиган нарсани қайсарлик билан ишлатган ва ўз қилмишига ачинган кишига нисбатан тагдор қилиб айтадилар.
Афсуски, бугунги мақолада биз мазкур иборани тўғри маънода ишлатамиз.
Деҳқонлар феъли содда келади. Шунинг учун улар қалампир экиб, етиштириш ва унинг орқасидан яхши даромад топиш мумкинлиги ҳақидаги лойиҳага ишонишди.
Андижон вилоятидаги деҳқонлар ҳам йил бошида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш йўлида 1000 гектар ерга қалампир кўчатлари экишганди.
Шундан 500 гектар ерга Тошкент шаҳридаги «General Machinery Group» масъулияти чекланган жамияти билан аччиқ қалампир кўчат етказиб бериш бўйича контрактация шартномаси тузилганди.
Маҳсулотни харид қилиб, хорижга экспорт қилиши белгиланган «Chiliuz» шартномасига ишониб, «Агробанк»дан кредит олган деҳқонларга кўчатлар етиб келади ва фермер хўжаликларида мўл ҳосил олиш учун ҳаракат бошланади. Кўчати 100 сўмдан олинган хорижий нав ҳамда бир тупининг нархи 60 сўм бўлган маҳаллий нав Андижон ерларида машаққатли меҳнат эвазига зўр ҳосил беради. Куз келгач, ваъда қилган харидор маҳсулотни олмаслигини билишганида, деҳқонлар ҳайрон қолишганди.
Асака туманида ҳам 122 гектар ерга қалампир экилди. Шундан 37 гектар ерда деҳқончилик қилган фермерлар «Chiliuz» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома қилишган. Туман фермерлари қалампир етиштириш учун «Агробанк»дан жами 746 миллион сўм кредит олишади. Шундан 400 миллион сўм кўчат учун тўланган бўлса, 346 миллион сўм агротехник тадбирлар учун сарфланади.
Биз тумандаги Иброҳимжон Аҳмедов бошчилигидаги «Кужгон олтин даласи» фермер хўжалигига бордик. Аччиқ қалампир экилган майдонда ишчилар ҳосилни йиғиштираётган эди.
Икки гектар ердаги қалампир ҳосилини кўриб ҳайрон қоласиз. Асаканинг бўлиқ ери «ажнабий» қалампирни роса суйибди. Бир тупда 1,5-2 кг ҳўл қалампир бор.
«Эрта баҳордан қилинган меҳнатимиз натижаси бу. Бу хорижий нав ерга жуда мос тушди. Аччиқлик даражасини ҳам лабораторияда ўлчатиб келдик. 600 даражада экан. Зўр натижа. Фақат, «Энди шунча ҳосилни нима қиламиз?» деган савол қийнамоқда. Меҳнат, минерал ўғитларга кетган сарф-харажатлар бор. Мана ҳозир қалампирни даладан кўчати билан йиғиштириб олиш жараёни кетяпти. Ишчиларга кунига иш ҳақи ёзилади. Банкдан олинган 40 миллион сўм миқдоридаги кредитни қоплашимиз керак. Шунча кўрган зараримизни тўлаш ўзимизга тушяпти. Ҳозир баҳорги шартнома бўйича ҳўл қалампиримизнинг килосини 3 минг сўмдан қабул қилишганда, 70 миллион сўм даромад кўрган бўлар эдик», дейди Иброҳимжон ака.
Асака туманида «Chiliuz»га ишониб 5 гектарга аччиқ қалампир эккан «Шукурлик тонг сабоси», 4 гектар ерда деҳқончилик қилган «Мироншоҳ» ва яна 22 нафар фермернинг «дод»и бир хил.
Асакадаги бошқа қалампир етиштирган фермер хўжаликлари туманда фаолият юритаётган мева-сабзавотларни қуритиб, қадоқлаб экспорт қилувчи «Обод турмуш» корхонаси билан шартнома тузган экан. Мазкур корхона ўз шартномалари шартларини бажариб, ҳосилни қабул қилмоқда.
Олтинкўл туманидаги «Қосимжон обод ерлари» фермер хўжалигида ҳам шу аҳволга дуч келдик. Фермер дала шийпонининг омборида қуруқ қалампир ёйилиб турибди.
«Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Кўчатни 6 миллион 500 минг сўмга кредит ҳисобидан олгандик. Ёз бўйи қилган меҳнатларимиз, икки марта чопиқ, етиштириш учун маҳаллий ва минерал ўғитларга кетган маблағга жавоб берадиган ташкилот борми?», дейди фермер.
Биз «Chiliuz»нинг вилоятдаги вакили Дилшодбек Ҳакимов билан боғландик. Вакил саволларимизга юзаки жавоблар бериш билан чекланди.
«Умид энг охирида сўнади» деганларидек андижонлик деҳқонлар ҳали ҳам пешона тери эвазига етиштирган ҳосилининг «эга»сини кутмоқда. Ахир улар ишонишган эди. Энг қийин касб эгаси бўлган миришкорларнинг янгиликларга ишончи қолмаслиги жуда ёмон. Асакалик фермер кетаётганимизда, «Нима қилишни билмай, нонуштага ҳам тушликка ҳам қалампир еяпмиз...», дея аччиқ ҳазиллашди.
Албатта, пулига, меҳнатига куйиб «чув» тушган деҳқоннинг «қалампир чайнаши» юқоридаги маталнинг фалсафасига тўғри келмайди.
Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири
Шу йилнинг 14 сентябрь куни «Kun.uz» сайтида «Аччиқ қалампир экканларни пиёз экканлар қисмати кутмоқдами?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақола сўнгида аччиқ қалампир етиштириш кампанияси натижасига умид қилиб, қалампир етиштирган фермерлар қандай муаммоларга дуч келаётгани хусусида навбатдаги лавҳаларда маълум қилиниши айтилганди.
Кейинроқ таҳририятнинг Самарқанд вилоятидаги мухбири мазкур масалада олиб борган ўрганишлари натижаларини тақдим этди. Унга кўра, Булунғур, Жомбой ва Тойлоқ туманларидаги деҳқонлар «General Machinery Group» МЧЖ ва «Chiliuz» МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича юзлаб гектар майдонларда қалампир етиштиришгани, аммо ҳосилни сота олишмаётгани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
19:14 / 23.11.2024
Полшалик фермерлар Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктини тўсиб қўйди
23:36 / 20.11.2024
Британиялик фермерлар янги мерос солиғи бекор қилинишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди
22:45 / 19.11.2024