Семизлик - бу касаллик. Унга чалинмаслик учун нима қилиш керак?
KUN.UZ таҳририяти “Соғлом ҳаёт” лойиҳаси давомида бугунги кунда кўп учраётган касалликлар тўғрисида маълумот беришда давом этади. Бугун, 11 октябрь - бутунжаҳон семизликка қарши кураш куни муносабати билан семизлик касаллиги ҳақида атрофлича маълумот берамиз. Хўш, семизлик қандай касаллик ўзи? Унинг келиб чиқиш сабаблари, ташхис ва даволаш усуллари қандай?
Ўтган ярим аср давомида семиз беморларнинг сони уч баробарга ошди. Бугунги суҳбатдошимиз академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази эндовизуал хирургия бўлими хирурги Набижон Садиков.
Видео: TasIX
Видео: YouTube
Семизлик ва унинг турлари ҳақида
Тўқималар ва органларда ортиқча ёғ борлиги семизлик дейилади. Бу касаллик тана вазни нормадан 20 фоиз ва ундан кўпга ошиб кетиши билан намоён бўлади.
Семизликнинг 3 та тури мавжуд: бирламчи, гипоталамо ва эндокрин семизлик. Бирламчи семизлик тез-тез ортиқча егулик ейиш билан ва зарур жисмоний фаолият йўқлиги билан ривожланади. Гипоталамо семизликда миянинг гормонлар ишлаб чиқариши бузилганида ривожланади. Эндокрин семизлик организмдаги безлар бузилиши фонида шаклланади.
Семизлик нимадан келиб чиқади?
Энг кенг тарқалган сабаби - ортиқча овқат истеъмол қилиш туфайли овқатланиш хулқ-атвори бузилганлиги бўлади. Организмга кириб келган калориялар кундалик жисмоний фаолият жараёнида ёқилиб кетади, ёнмаган калориялар эса кўпинча ёғ тўқималарида сақланади.
Бундан ташқари, семириб кетишнинг бир неча сабаблари бор: кам ҳаракатли ҳаёт тарзи, антидепрессантлар ва гормонлар ичиш, жисмоний аҳволи (ҳомиладорлик, эмизиш, жисмоний салоҳият камайиши), генетик мойиллик.
Семизликка олиб келувчи энг муҳим сабаблар
Оддий қилиб айтганда, бир-бирини тўлдирадиган 6 та асосий сабаб қуйидагича: юқори калорияли озиқ-овқатларни, шакарли ва спиртли ичимликларни ортиқча истеъмол қилиш, уйқу бузилиши (кам ёки ортиқча уйқу), узоқ телевизор кўриш ва жисмоний фаолият камлиги.
Семизликнинг салбий таъсири
Семизлик бу нафақат эстетик камчилик, балки ривожланиши мумкин бўлган хавфли касалликлар ҳам – қандли диабетнинг 2 тури, саратон, оғир юрак-қон томир касалликлари, томирларнинг варикоз кенгайиши, қўшма касалликлар ва бошқалар. Шу билан бирга, семиз эркак ва аёлларда туғиш функцияси камаяди ёки йўқолади, қандли диабет, жигар семириб кетиши, юрак-қон томир касалликлари ва бошқа касалликлар ривожланиши мумкин. Ўйлашнинг ўзи қўрқинчли, лекин афсуски бу ҳақиқат – ортиқча вазн бевақт ўлим хавфини уч марта оширади.
Семизликни қандай қилиб аниқлаш мумкин?
Биринчи навбатда, беморнинг тана вазни индексини (ТВИ) аниқлаш зарур. ТВИ қуйидаги формула орқали ҳисобланади: оғирликни (кг) бўйини квадратга оширилган узунлигига ( ) бўлинади. Масалан, беморнинг оғирлиги 84 кг ва бўйи 1,65 м, шунда ТВИ = 84/ = 30,9. Бу биринчи даражадаги семириш бўлади. Ушбу формула 1997 йилда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан таклиф этилган эди ва шу кунгача долзарб бўлиб қолмоқда.
ТВИ натижаси оғирликни меъёрдан оғиш даражасини тушуниш имконини беради: ТВИ 18,5 кам бўлса – вазн етишмовчилиги; ТВИ 18,5 дан 24,9гача – меъёрий вазн; ТВИ 250 дан 29,9гача – ортиқча вазн; ТВИ 30 дан 34,9гача – 1-даражали семизлик; ТВИ 35дан 39,9гача – 2-даражали семизлик; ТВИ 40дан 50гача – 3-даражали семизлик; ТВИ 50дан юқори – 4-даражали семизлик, оғир семизлик; |
Шунингдек, семизликнинг турли хилларини диагностика қилиш мақсадида баъзан тест ва бош суяги ҳамда умуртқа поғонасини рентген остида ўрганилади. Беморлар қондаги глюкоза даражасини назорат қилишлари керак, айниқса агар доимий ташналик ва оғиз қуруқлиги қийнаётган бўлса.
Бугунги кунда семизликни даволашнинг қандай усуллари бор?
Семизликни даволаш учун ҳар доим ҳар томонлама ёндашиш керак. Ортиқча вазн йўқолгандан сўнг уни меъёрида ушлаб туриш зарур бўлади. Соғлиққа таъсири фойдали бўлиши учун, вазнни аста-секин тушириш керак. Шунинг учун, биринчи 6 ой ичида тана вазнининг 10% дан ортиғи йўқолмаслиги керак, агар бу эришилган бўлса, вазнни йўқотишни давом эттирса бўлади. Семизликнинг бир неча турлари бор бўлса-да, ҳар доим кенг қамровли даволаш усули энг яхши натижани беради – бу паст калорияли диета, психологик ёрдам ва психотерапия. Шуни таъкидлаш лозимки, вазн йўқотиш самаралироқ булиши учун интенсив машқларни диета билан бирлаштириш жоиз. Семизликни дори-дармон билан даволаш бу алоҳида масала. Асосан бу иштаҳани бўғувчи ёки қондириш ҳиссини кучайтирувчи ва ичакда озиқ-моддалар сўрилишини камайтирувчи дорилар бўлади. Лекин, дунёнинг турли марказларида ўтказилган тадқиқотларга кўра, семизликни фақат доривор даволашда кўп ёмон таъсирлар бор ва у самарасиз ҳисобланади.
Семизликни жарроҳлик йўли билан даволаш бариатрия дейилади. Бариатрик жарроҳликнинг моҳияти – ошқозон-ичак трактини ўзгартириб калория истеъмолини камайтиришдир. Бундай процедуралар фақат кўрсатмалар бўйича амалга оширилади, деб таъкидлаш лозим. Бугунги кунда бариатрия жарроҳликдаги алоҳида бир йўналиш сифатида мавжуд. Кўп мамлакатлардаги ўтказилган тадқиқотларнинг натижаларига кўра, 50% ортиқ вазн йўқотишниинг ва бирга кечадиган касалликларни даволашнинг ягона йўли – бу бариатрик операция. Шуни таъкидлаш муҳимки, 2000-йиллардан бошлаб бариатрик жарроҳликка лапароскопик технологиялар орқали катта инновациялар киритилган. Лапароскопия – бу жарроҳликнинг замонавий усули бўлиб, ички органлар операцияси кичик, одатда 0,5-1,5 см тешиклар орқали амалга оширилади, анъанавий (эски усулдаги) жарроҳлик эса катта кесимлар талаб қилади. Ҳозирги вақтда, деярли барча бариатрик жарроҳлик лапароскопик усул билан амалга оширилади.
Бариатрик жарроҳликнинг 3 тури мавжуд: ошқозон ҳажмини камайтириш, ичакдаги сўрилишни камайтириш ва аралаш процедуралар. Ошқозон ҳажмини камайтиришда ундан тор бир қувур ҳосил қилинади. Шунда, ошқозон тез тўлгани ва бўшаши секин бўлгани туфайли озиқ-овқат истеъмоли камаяди. Ичакдаги сўрилишни камайтиришда – ингичка ичакнинг бир қисми олиб ташланади ва шундай қилиб ингичка ичакда озиқ моддалар сўрилиши камаяди.
Бундан ташқари, ошқозон ичига баллон ўрнатиш хам амалга оширилади. Бу ҳолда, ошқозон ичига силикон баллон киритилиб уни физиологик эритма билан тўлдирилади. Бу ерда ўрнатиш мақсади бир хил – ошқозон ҳажмини камайтириш ва уни тез қондириш. Шуни ҳисобга олиш керакки, бу усул – бариатрик операциядан олдин тайёрлов босқичи сифатида энг юқори даражада семириб кетган беморларда қўлланиланиди ва баллон 6 ойдан узоқ муддатга қўйилмайди.
Cемизликнинг олдини олиш учун тавсиялар
Ҳар доим истеъмол қилинаётган озиқ-овқат калориясини кузатиб бориш керак. Овқат қанча ёғли бўлса унда шунча кўп калория мавжуд бўлади. Одатда 1 грамм ёғ 9 килокалорийга тенг бўлади, 1 грамм оқсил ёки углеводлар эса – 4 килокалорийга тенг. Кунига атиги 23 грамм қўшимча ёғ истеъмол қилса – йилига қўшимча 8 кг йиғилади. Агар овқатда камида 10-15% оқсил бўлса, ва 30-35% ёғ бўлса, рацион мувозанатли ҳисобланади. Углеводлар эса 50-75% ташкил этиши керак. Шакар, нон ва ширинликлардан 10% дан кўп энергия олмаслик керак, қолганини эса мева, сабзавот ва дондан олиш мумкин. Вазнни камайтиришда биологик фаол қўшимчаларни қўшиш жоиз, аммо суиистеъмол қилиш бўлмайди. Шуни эсда тутиш керакки, кўп шашлик, ош ва сомса еб, бир вақтни ўзида оздираган сеҳрли дори бўлмайди. Вазнни йиғиш уни йўқотишдан осонроқ. Бир оз вазн йўқотиш учун анча ҳаракат қилиш керак – кўпроқ жисмоний ҳаракат, парҳез ва ҳатто психологик ёрдам керак бўлиши мумкин.
Вазнни йўқотгандан сўнг, уни ушлаб туриш керак, чунки нотўғри овқатланиш билан йўқотилган вазнни организм икки баробар қилиб қайта йиғиб олади ва бемор олдингидан-да оғирроқ вазиятга тушади. Бунинг олдини олиш учун, вазнни мутахассислар билан йўқотиш керак.