Ўзбекистон | 07:42 / 12.10.2018
8283
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Бухоро вилоятида кичик саноат зоналари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Бухоро вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг Бухоро вилоятида давлат мулкининг ва давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида кичик саноат зоналарини (КСЗ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда бир ой муддатда фойдаланилмаётган тегишли ишлаб чиқариш майдонлари ва давлат мулки объектларининг Бухоро вилояти ҳокимлигига белгиланган тартибда ўтказилишини, шунингдек, давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятлари бошқарув органларининг мажлисларида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектларни уларнинг устав жамғармаларидаги давлат улушини ва хўжалик бошқаруви органларининг улушини тегишли равишда ўтказилаётган активларнинг қолдиқ (баланс) қиймати суммасига камайтирган ҳолда Бухоро вилояти ҳокимлигига топшириш масаласи кўриб чиқилишини таъминлайди. 

Белгилаб қўйилишича: 

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларни бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолиш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган ҳолда 10 йилга узоқ муддатли ижарага берилади; 

КСЗ ҳудудидаги кўчмас давлат мулкидан ижара даврида фойдаланиш учун ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади; 

КСЗ иштирокчиларига инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3356-сон қарори билан ташкил этилган Бухоро вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинади. 

Белгиланишича, КСЗ дирекцияси ва иштирокчиларига 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар улар эгаллаб турган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг белгиланган энг кам миқдори – уч баравардан кам бўлмаган ягона солиқ тўлови бўйича қонунчиликда назарда тутилган талаблар татбиқ этилмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид