Иқтисодиёт | 17:40 / 12.10.2018
27470
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда сабзи ва пиёз кескин қимматлашди - Қирғизистон ва Ўзбекистондан импорт бошланди

EastFruit маълумотларига кўра, жорий ҳафтада Тожикистонда сабзининг улгуржи нархлари кескин ошди.

Ҳозир юқори сифатли маҳсулотга ўртача нарх бир килограмм учун 0,35 долларга етади, бу бир ҳафта олдингидан бир ярим баробар кўп. Бозор иштирокчилари маълумотига кўра, Қирғизистондан импорт қилинган сабзи Тожикистон бозорига кириб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, баҳор-ёз мавсумида Тожикистон фермерларида сабзи савдоси билан катта муаммолар пайдо бўлди, уни ҳатто бир килограмм учун 0,06 долларга ҳам сота олишмаган. Катта эҳтимол билан, сабзининг бундай паст нархи ва унга бўлган талабнинг йўқлиги кўплаб ишлаб чиқарувчилар бу бизнесни тарк этишига олиб келди, бу эса ҳозир нархлар кўтарилишининг асосий сабаби бўлди.

Сабзидан ташқари, Тожикистонда пиёз нархи ҳам ошди. Бир ҳафта давомида пиёз нархи 15%га ўсди, бу уни Ўзбекистондан импорт қилишга олиб келди. Бозор иштирокчиларининг сўзларига кўра, маҳаллий фермерлар маҳсулотни сотишни исташмаяпти, улар Россияга пиёз импорти мавсумини кутишмоқда, сабаби у ерда ҳам нархлар кўтарилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз маҳсулотларини нафақат Тожикистонга, балки Россияга экспорт қилишни бошлади. Қозоғистон орқали ўзбек пиёзи Украина бозорига ҳам кириб келмоқда.

Ҳозирги вақтда Тожикистонда сифатли пиёз Ўзбекистонга қараганда тахминан 20 фоизга қимматроқ. Унинг улгуржи нархи ҳар бир килограмм учун 0,10 долларни ташкил этади, бу икки ҳафта аввалгидан анча қиммат. Тожикистонда пиёз нархининг кўтарилиши уни экспортга юклаш жараёнини кечиктирмоқда.

Мавзуга оид