Жамият | 11:58 / 12.10.2018
46321
3 дақиқада ўқилади

«Узумлар ғарқ пишган палла». Асаканинг «Қўнғирот» қишлоғи токзорларидан фотомақола

Ўзбегимнинг олтин кузи. Бозорлар турли мева-чевалар билан тўлган пайт. Айниқса, қуёш тафти ва миришкорлар меҳнати эвазига пишган узумлар шира боғлаб, тилни ёраман дейди..   

Андижоннинг Асакасидаги “Қўнғирот” узумлари таърифини эшитиб, ўз кўзимиз билан кўргани йўл олдик. Ҳақиқатда, узумларининг довруғи республика ва чет элларга ёйилган  қишлоқ хонадонлари томорқасида ток парвариш қилмаслик айб саналар экан. Ҳар бир хонадон кўча бетига ҳам сўриток кўтариб узум эккан.

“Қўнғирот” қишлоғидаги фермер боғбонларнинг токзорлари эса жаннат боғлари мисол. Узумнинг танасини “занг” дейишади. “Занг”дан ўсиб чиққан новдаларда худди атай ғуж илиб қўйилгандек осилиб турган узум бошларини кўрасиз. Токзорлардаги покизалик, бирорта нуқсони йўқ мевалар боғбонларнинг ўз касбининг миришкори эканлигидан далолат.

Қишлоқ нуронийлари 87 ёшли Қудратбой ота бошчилигида токзорларида ҳосили етилган боғбонларга “узиш” олдидан дуо бергани келишибди. Улар билан ток парваришлар сирлари, узум навлари ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Отахонлар қишлоқдаги узумчилик тарихи, “Ҳасайни”, “Ҳусайни”, “Ризамат ота” “Кишмиш” “Қаттақўрғон”, “Кетмонсопи”, “Келинбармоқ”, “Даройи” навларининг ўзига хос томонларини гапириб беришди.

Қизиғи, биз жараён давомида узумнинг қандай узоқ вақт - 9-10 ой сифатини бузмай сақланиш сирини билиб олдик. Боғбонлар узилган узумларни ёғоч идишларга жойлаётиб, бандини сувли идишга солиб қўяр экан. Узум банди орқали сув билан озиқланиб, сўлимасдан турар экан.

Равшанбек Орзиев бошчилигидаги “Қўнғирот токзорлари” хўжалиги 3 гектар токзорнинг ҳар гектаридан 17 тоннадан ҳосил етиштирибди. “Қўнғирот илғор боғбони” хўжалигига эса Адҳамжон Ҳасанов етакчилик қилади. Ҳар икки боғбон токзорларидаги узумнинг бир боши икки килограммгача етган.

Боғбонлар ўз ҳосили билан маҳаллий бозорни тўлдирадилар. Катта қисми эса бошқа давлатларга экспорт учун. Боғларни кўп кезиб, ҳайратимизни яшира олмаганимиз бор гап.   

Сафар давомида кўпдан-кўп фотосуратлар олдик. “Илинганимиз” эса энг саралари. Мақола тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Асака туман ҳокимлиги ва ҳоким ўринбосари Улуғбек Султоновга алоҳида ташаккуримиз бор.    

 Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид