Ўзбекистон | 09:20 / 14.10.2018
71715
5 дақиқада ўқилади

Хорижликлар Zeromax’нинг қарзлари Гулнора Каримованинг музлатилган активлари ҳисобидан тўланишини талаб қилишмоқда

Фото: Wikipedia

Швейцариянинг Tages-Anzeiger ва Tribune de Genève нашрларининг хабар беришича, Zeromax компанияси 2006-2009 йиллар давомида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг харидларини тўлаб келган.

2009 йилда «Наша газета»га берган интервьюсида Гулнора Каримова Zeromax компаниясига алоқаси йўқлигини таъкидлаган эди.

2008 йилда Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Женевада жойлашган БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларидаги доимий вакили этиб тайинланди. 2013 йилда у дипломатик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлди: Швейцария прокуратураси уни пулларни «ҳалоллаш»да гумон қилиб, унга нисбатан жиноят иши очди ва Швейцариядаги ҳисоб рақамларида турган 800 миллион франкни музлатиб қўйди. Ўзбекистонда ҳам уни талон-тарожда айблашди ва уй қамоғига солишди. Энди Швейцария мутасаддилари Каримованинг ҳибс этилган миллионларини нима қилишни ўйлашаяпти. Бу пулларга даъвогарлар сафида Zeromax компанияси ва ўзбек халқи ҳам бор.

Zeromax компанияси 2005 йилда Цуг шаҳрида рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистоннинг нефть ва газга доир битимларини тузиш билан шуғулланган. 2010 йилда Zeromax банкрот бўлади ва ўзидан 191 нафар кредитор олдидаги жами 5,6 млрд франк миқдоридаги қарзни қолдиради. Компания банкротлигидан Швейцария ва Германиядаги кўплаб компаниялар азият кўради. Энди улар Zeromax компанияси Каримовага тегишли бўлганини иддао қилишмоқда ва музлатилган активларнинг бир қисми зарарни қоплаш учун уларга берилишини сўрашмоқда. Масалан, Швабиядаги қурилиш фирмаси директори Юрген С. Tages-Anzeiger нашрига Zeromax томонидан буюртма берилган, Тошкентдаги президент саройи учун мўлжалланган пиллапояларнинг муҳташам, миллионлаб евро турадиган суянчиқларини ясаб бергани учун пулини ҳали ҳам кутаётганини айтган.

Zeromax кўпинча Гулнора Каримова номи билан боғланади, бироқ ҳақиқатда уни ким бошқаргани номаълум. 2009 йилда «Наша газета» Гулнора Каримовадан унинг Zeromax’га дахлдорлиги ҳақида сўраганида у бундай жавоб қилган эди: «Бундай маълумот ҳақиқатда интернетда кўриниш берган эди ва шундан кейин бу гап менга ёпишиб қолди. Бу компанияга менинг алоқам йўқ, бироқ компания билан яхши танишман, албатта. Бунинг боиси у ерда бир неча дўстим ишлаётгани, қолаверса, компания мамлакатимиз ҳаётида муҳим рол ўйнаётганидир».

Tages-Anzeiger ва Tribune de Genève журналистлари эса бошқача фикрда. Уларнинг қўлига 2016 йилда тузилган полиция ҳисоботи тушган. Ҳужжатдан маълум бўлишича, Гулнора Каримованинг уйи ва Женеванинг Lombard Odier банкидаги сейфи тинтув қилинганида жами 38 миллион франк турадиган соат ва ювелир буюмлар топилган, шу жумладан, ёқутли колье ва улкан қизил бриллиант тошли узук. Бундан ташқари, полиция баённомасида швейцар ва немис компанияларининг Колонья шаҳридаги Каримовага тегишли «Магнолия» вилласи таъмири учун юборган ҳисоблари, Франция ва Ҳонгконгда кўчмас мулк хариди ҳақидаги маълумотлар, Ўзбекистон футбол жамоалари учун европалик футболчиларни сотиб олиш трансфер тўловлари ҳақида келтирилган. Бу тўловларнинг баъзиларини Гулнора Каримованинг ўзи тўламаган, балки Zeromax компаниясига ўтказиб юборган. Каримованинг фойдасига ва журналистларнинг фикрича, унинг топшириғи билан Zeromax томонидан амалга оширилган тўловлар ҳажми 127 млн франкни ташкил этади.

TdG нашрининг хабар беришича, изқуварлар Каримова билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган, Газпромбанкнинг Цюрих филиалидаги Zeromax ҳисоб рақамларидан офшор компания ҳисоб рақамларига пул ўтказилганининг исботини топишган: 2006-2009 йиллар давомида 370 млн франк ўтказилган. Сал кейинроқ, 2010 йилда, ҳамма пуллари чиқариб олинган Zeromax банкрот бўлган.

Швейцария савдо реестрида компания Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси номига расмийлаштирилган. 2017 йилгача Zeromax’нинг банкротлиги ҳақидаги иш Каримовага қарши тергов ишининг бир қисми бўлган. Бироқ кейинроқ федерал жиноят суди Zeromax’нинг Каримова фойдасига қилган кўплаб пул ўтказмалари «Гулнора Каримованинг компания устидан бошқарувни амалга оширганидан дарак бермайди». Суд  Zeromax собиқ менежерларининг Каримова компания билан боғлиқ бўлмагани ҳақида берган кўрсатмаларини муҳимроқ санади. Аммо Zeromax кредиторларининг адвокатлари менежерлар босим остида кўрсатма берган, деб ҳисоблашяпти. 

9 май куни Федерал кенгаш дастлабки қарорни қабул қилди: музлатилган 800 миллион франк Ўзбекистонга тўлиқ ҳажмда қайтарилиши керак, зеро пуллар «тахминга кўра Ўзбекистон давлати зарарига қилинган коррупцион ҳаракатлар натижасида қўлга киритилган».

Мавзуга оид