Жаҳон | 13:00 / 14.10.2018
33924
7 дақиқада ўқилади

Йўқолган журналист бўйича текширувлар марказида Apple Watch. ОАВ унинг соати ўлим лаҳзаларини ёзиб олганини тахмин қилмоқда

Саудия арабистонилик журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги консулхонасига кирганидан кейин изсиз ғойиб бўлган. «Ақлли соат» жумбоққа ечим топиши мумкин.

Жамол Қошиқчи ва унинг қаллиғи Хадича Денгиз
Фото: шахсий архив

Жамол Қошиқчи Саудия Арабистони сиёсатини танқид қилган ва The Washington Post учун мақолалар ёзган

2017 йилнинг июлида Жамол Қошиқчи шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон сўз эркинлигини чеклаш ҳаракатларини бошлаши фонида қамоққа тушишдан қўрқиб, Саудия Арабистонини тарк этган.

«Биз сиз билан гаплашиб турган паллаларда саудиялик зиёлилар ва журналистлар қамоққа олинмоқда. Бугунги кунда у ерда ҳеч ким ислоҳотларни танқид қилишга ҳақли эмас», деганди журналист.

У кейинги вақтларда Виржинияда ҳамда Истанбулда яшаб келди. У шунингдек, Лондонда ҳам кўп вақт ўтказган. У АҚШ резиденти ҳисобланади.

Саудиялик журналист ўз фаолияти давомида СССРнинг Афғонистонга қўшин киритиши ва Усама бин Лодиннинг тарихини ёритган. У маълум даврда саудиялик амалдорларга маслаҳатчилик ҳам қилган, аммо сиёсий қарашлари туфайли давлат лавозимини тарк этиб, «Ал-Ватан» газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаб, давлат амалдорлари қораланган ультраконсерватив материалларини нашр этган.

59 ёшли Қошиқчи кейинги вақтларда Американинг The Washington Post газетасидаги колонкаси орқали танилганди. Нашрдаги охирги материалларидан бирида у «Саудия Арабистонидаги қатағон чидаб бўлмас даражага етгани» ҳақида ёзганди. У Ғарбнинг бошқа нашрлари учун ҳам Саудия Арабистони сиёсати ҳақида шарҳлар берарди. 4 октябрь куни, унинг йўқолиб қолиши ҳақидаги хабардан икки кун ўтиб The Washington Post публицистини қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг колонкаси жойини бўш ҳолда нашр этди. «Йўқолган овоз» мақоласи нашрнинг босма ва электрон версияларидаги «Фикрлар» бўлимида жума куни пайдо бўлди.

«Юқорида Жамол Қошиқчининг сўзлари акс эттирилган бўлиши керак эди. У икки кундан бери, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасига кириб кетганидан буён изсиз ғойиб бўлган»

Журналист ўз мамлакати консулхонасига кирган ва қайтиб уни ҳеч ким кўрмаган

2 октябрь куни Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига келганди. У бу ерга Саудия Арабистонида яшайдиган биринчи хотини билан ажрашгани ҳақидаги ҳужжатни расмийлаштириш учун келганди. Журналист Туркияда қаллиғи Ҳадича Денгиз билан янги никоҳини расмийлаштириши учун ана шу ҳужжат керак бўлган. Консулхонадаги учрашув соат 13:30га белгиланган, Қошиқчи у ерга соат 13:14да келган. Журналистнинг қаллиғига у ерга киришга рухсат беришмаган ва у ташқарида 5 соат кутиб ўтирган. Шундан сўнг журналистни ҳеч ким кўрмаган. Кузатув камераларида фақатгина унинг ичкарига киргани қайд этилган.

Қошиқчи консулхонага кириб кетаётгани тасвирланган кадр. The New York Times нашри талқинига кўра, у орадан икки соат вақт ўтиб ўлдирилган

Саудия Арабистони ҳукумати Қошиқчи йўқолиб қолганини тасдиқламоқда. Саудиялик мулозимлар Жамол Қошиқчи консулхонани тарк этганини таъкидлашмоқда, аммо унинг чиқиб кетгани тасвирланган видеоёзувни тақдим этмаяпти.

Туркия Саудия Арабистони разведкасини айбламоқда. 10 октябрь куни Daily Sabah газетаси Жамол Қошиқчи йўқолган куни Туркияга Саудия Арабистонидан 15 киши келгани ва улар консулхона яқинидаги меҳмонхонага жойлашишгани ҳақида ёзди. Уларнинг барчаси ўша куни кечқурун мамлакатни тарк этишган. Газета исбот сифатида саудиялик эҳтимолий «агентлар» фотосуратини тақдим этган. Би-би-си нашрида суратдаги кишилардан бири Саудия разведкасининг собиқ полковниги деб қайд этилган.

Ўз номини ошкор этишни истамаган юқори мартабали амалдорнинг The New York Times нашрига айтишича, журналист ичкарида ўлдирилган ва унинг танаси бўлакларга ажратилиб, Туркия ҳудудидан олиб кетилган. Унинг танасини ҳалигача топишгани йўқ.

ОАВ маълумотига кўра, журналист қийноқ ва қотиллик саҳналарини Apple Watch соатига ёзиб қолдирган

Туркиянинг Sabah газетаси (ҳукуматпараст нашрлиги билан маълум) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги манбаларига таяниб маълум қилишича, Қошиқчи консуллик биносига киришидан олдин қайлиғига iPhone’ини қолдирган ва Apple Watch соатини аудиооёзув режимига қўйган. Ҳадича Денгиз хоним смартфон «журналистнинг қўлидаги Apple Watch билан синхронлашгани»ни маълум қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, олинган материаллар шуни кўрсатмоқдаки, Қошиқчини қийноқлар воситасида сўроқ қилишган ва кейин ўлдиришган. Аммо Apple Watch барчасини узатиб бера олмаган: саудиялик агентлар аудиоёзувларни ўчириб юборишган.

Қайд этилишича, Саудия разведкаси ходимлари ўлдирилган журналистнинг бармоқ излари орқали соатнинг блокини бузиб киришган. Улар барча файлларни ўчира олишмаган: iPhone’га автоматик равишда узатилган маълумотлар Apple iCloud’га юкланган. Сақланиб қолган ёзувлар ўрганиб чиқилганидан кейин қотиллик содир этилгани тасдиқланган.

Ҳадича Денгиз терговчиларга барча маълумотларни етказган. Туркия ҳукуматига берилган маълумотларда консулхонадаги жараён аудиоси ва видеоёзувлари бор-йўқлиги тасдиқланмаган.

Туркия томони талқини айрим саволларни туғдиради
Қошиқчи қандай қилиб Apple Watch орқали маълумотларни етказгани номаълум

Ичкарида қийин аҳволда қолган Қошиқчи қандай қилиб аудиоёзувларни қаллиғининг қўлидаги iPhone ва в iCloud’га узатгани маълум эмас. Туркияда Apple Watch уяли алоқани қўллаб-қувватламайди.

Apple Insider тахминига кўра, маълумотлар iPhone орқали булутли хизматга уланган ёки Wi-Fi орқали: иккинчи вариант нисбатан ишончсизроқ, консулхона ҳудудида бунинг имконияти деярли йўқ.

Apple Watch билан iPhone боғланиши учун масофа узоқ бўлмаганми?
IT-экспертлари соат iCloud’га маълумот етказиб беришига шубҳа туғдирувчи қатор омилларни келтиришган. Масалан, Apple Watch Bluetooth орқали iPhone билан боғлана олиши учун масофа 15 метрдан кўп бўлмаслиги керак. Агар соат ва смартфон Wi-Fi орқали уланган бўлса, масофанинг аҳамияти бўлмайди, аммо бу вариант Қошиқчи ва Денгизнинг вазиятига мос келиши амри маҳол.

Саудия разведкаси Apple Watch’ни қандай очган бўлиши мумкин?
Sabah нашри саудиялик агентлар соатни ўлдирилган журналистнинг бармоқлари ёрдамида очганини ёзган. Аммо Apple Watch’да бундай функция йўқ. Фақат Денгиз хонимдаги телефон олиб қўйилган ҳолатдагина бунинг имкони бўлган, аммо бу версия юқоридагиларига мос келмайди.

Қошиқчи қандай иловадан фойдалангани маълум эмас
Туркия нашрлари материалларида Жамол Қошиқчи Apple Watch орқали диктофон ёзуви амалга ошириш учун қандай иловадан фойдалангани келтирилмаган. Унинг қўлида қандай моделдаги соат бўлгани ҳам ҳозирча аниқ эмас.

Мавзуга оид