Ўзбекистон | 15:11 / 15.10.2018
5740
5 дақиқада ўқилади

Давлат ислоҳотлари: кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва соҳага келтирилаётган фойда

Тошкент шаҳридаги “Симпозиумлар саройи”да Президент Шавкат Мирзиёевнинг 10 августда пойтахтдаги Шайхонтоҳур туманига ташкиллаштирилган танишув ташрифи натижаларини муҳокама қилишга доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитларга оид масалалар кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди. Жумладан, йиғилишда иштирок этган бир қатор тадбиркорлар томонидан шу ва бошқа соҳада учраб келаётган муаммолар бўйича баъзи камчиликларни бартараф этишда ёрдам сўраб Президентга мурожаат қилинди. Тадбирда давлат органлари ходимлари иштирок этганликлари боис, қатор масалаларга жойида ойдинлик киритилди, бироқ вақтнинг чекланганлиги қолган муаммоларнинг эътиборсиз қолишига сабаб бўлди.

Фото: Genesis Innovation

2018 йилнинг 13-14 августида Бош вазир Абдулла Арипов ташаббуси билан Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни истиқболли ривожлантиришга қаратилган тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга доир такрорий йиғилиш ташкиллаштирилди. Унда давлат муассасалари раҳбарлари ва қатор ташкилотлар вакиллари, шунингдек Шайхонтоҳур туманида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирок этишди.

Йиғилишда бир қатор компания вакиллари билан бирга бизнинг “Genesis Innovation” компанияси ҳам қатнашди. Компаниямиз ахборот технологиялари соҳасида изчил фаолият олиб бориш, бозор шароитида рақобатбардошликни мустаҳкамлаш, мамлакат нуфузини шакллантириш бўйича изчил ишларни амалга ошириш мақсадида қатор инновацион лойиҳаларни бажариб, татбиқ этиб келаётган ёш компаниялардан бири ҳисобланади. Хусусан, IT-соҳасида янги хизматларни жорий этиш, аҳоли учун янада кўп қулайликлар яратиш, автоматлаштирилган дастурий ечимларни самарали татбиқ этиш мақсадида компания томонидан пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида кредит маблағи ҳисобидан яроқсиз ҳолатдаги бино харид қилинган эди. Лойиҳанинг умумий миқдори 55,5 миллиард сўмни ташкил этиб, реконструкция қилиш ва ускуналар билан жиҳозлаш ишлари ҳам шулар жумласидандир.

Фото: Genesis Innovation

Биноларни реконструкция қилиш соҳасида етарлича тажрибага эга бўлмаган компаниямиз томонидан зарурий ҳужжатлар вақтида қабул қилмагани сабабли ташкилот номига кадастр олиш имкони йўқ эди. Уч ой давомида компания томонидан Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳри Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига зарурий ҳужжатларни қабул қилиб олишда бир неча маротаба амалий ёрдам сўралган эди. Бироқ, ушбу мурожаатларга рад жавоби берилиб, зарурий ҳужжатларни қабул қилиб олиш учун бинони реконструкция қилинишидан олдинги ҳолати, яъни бошланғич ҳолатига қайтариш таъкидланган эди.

Ҳозирги вақтгача компаниямиз томонидан лойиҳани амалга ошириш учун 10 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган эди. Шу сабабли харид қилинган бинода реконструкция қилиш ишларига рухсат берилиши учун зарурий ҳужжатлар олишимиз билан боғлиқ вазиятни ҳал этишда Бош вазир Абдулла Ариповдан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдик.

Абдулла Арипов томонидан Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси зиммасига ушбу муаммони ижобий ҳал этиш вазифаси юклатилди ва муаммо шахсан Бошқарма бошлиғи назоратига олинди.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан вақтида кўрсатилган амалий ёрдам натижасида Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган ушбу бинода реконструкция қилиш ишларини давом эттиришга  тегишли зарурий ҳужжатлар вазият инобатга олинган ҳолда, “Genesis Innovation” компаниясига тақдим этилди.

Фото: Genesis Innovation

Амалда кўриниб турибдики, давлат хизматлари соҳасида олиб борилаёган ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар ва қулай шароитлар яратмоқда. Давлат хизматлари агентлиги ўз фаолияти билан халқимиз ва ҳукумат томонидан билдирилган ишончни оқлаётгани кишини қувонтиради. Яратилган шароитлар ва аризаларнинг ўз вақтида қонун доирасида кўриб чиқилишини таъминлаш, ҳар бир ҳолат бўйича тезкор чора-тадбирлар қўлланилиши, халқ ҳаёти ҳамда тадбиркорларнинг фаолиятини анча енгиллаштиради ва Ўзбекистонга жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишига кўмаклашади.

Мавзуга оид