Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермернинг меҳнати ўзини оқлайдими? - Хоразм вилоятида аччиқ қалампир етиштириш муаммолари
2018 йил январь ойида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк маротаба аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди. Kun.Uz таҳририяти бу тадбирнинг вилоятларда қандай олиб борилгани, унинг натижалари қандай бўлгани, аччиқ қалампир эккан фермерларни қийнаб келаётган муаммолар тўғрисида бир қанча мақолаларни тайёрлаб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб келмоқда.
Навбатдаги лавҳа Хоразм вилоятида аччиқ қалампир эккан фермерларнинг ютуқ ва муаммолари ҳақида.
2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида 60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.
2018 йил 27 январда Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди. Қарорни бажариш “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Ўзагроэкспорт” таъсисчилигида ташкил этилиши белгиланган “Чилиуз” ташкилоти зиммасига юкланди. Бу вақтда мазкур ташкилот ҳали мавжуд бўлмагани боис, қалампир кўчатлари етиштириш, уларни фермерларга етказиб бериш вазифаси вақтинчалик асосда умуман бошқа фаолият билан шуғулланиб келган GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) МЧЖга топширилди.
Пишиб етилган ҳосилни фермерлардан чекланмаган миқдорда сотиб олиш эса, Хоразм вилоятида «Хоразм Чилиуз» МЧЖга бириктирилди.
Мавзуга доир:
Умуман, Хоразм вилоятида 130 фермер 138,5 гектар ерга аччиқ қалампир кўчатини қадади. Кейинчалик ерларнинг шўрланиши, сув тақчиллиги ва бошқа сабаблар натижасида экин майдонлари қисқариб, 95 гектарни ташкил этди.

Суриштирувларимиз давомида Хоразм вилояти фермерлари кўчатни экиш, уни парваришлаш, агротехник тадбирларни амалга ошириш, ҳосилни йиғиб олиш ва уни топшириш билан боғлиқ бир қанча муаммоларга дуч келганини аниқладик. Хусусан, фермерлар кўчатлар тўлиқ етказиб берилмагани, уларни экиш чоғида сув бўлмагани, қалампир ҳосилдорлигининг кутилганидан паст бўлгани, уни йиғиштириб олиш ва топширишда муаммолар бўлгани, якунда зарар билан чиқиши мумкинлигидан шикоят қилишди.
Бу ҳақда Боғот тумани «Томорқа хизмат» МЧЖ ҳуқуқшуноси Умид Худойназаровни тинглаймиз.
«Аччиқ қалампир билан боғлиқ муаммолар уни экиш пайтидан бошланди. GMG компаниясига пул ўтказиб, кўчат олганмиз. Бироқ, кўчатни тўлиқ етказиб беришмади, натижада 3-4 миллион сўм пулимиз шу компанияда қолиб кетди. Уни қайтариб ололмай хунобмиз.
Катта харажат ва меҳнат сарфлаб, 3 гектар ерга қалампир экдик. Ҳосил етилди, уни йиғиштириб олиш учун ишчиларга пул беришимиз керак. «Хоразм Чилиуз» уни 2000 сўмдан оламан деб турибди. Аммо, 1 кг ҳосилни йиғиштириб олиш учун ишчиларга 800-1000 сўм беришим керак. Қолган 1000 сўмдан қандай фойда кўриш мумкин?» - деди Худойназаров.

Урганч тумани «Қувончбахш» фермер хўжалиги GMG компаниясига пул ўтказиб, кўчатсиз ва пулсиз қолганлардан биридир.
«Аччиқ қалампир кўчатини олиш учун GMG компаниясига 2 млн 820 минг сўм ўтказиб бердим. Аммо, экиш пайтида сув бўлмай қолди, натижада, кўчат олишни бироз кечиктирмоқчи бўлдим. Охир оқибатда, умуман кўчатсиз қолиб кетдим. Энди пулимни қайтариб ололмай юрибман. Бу борада GMG компаниясига қилинган мурожаатларим самарасиз кетмоқда», - деди фермер хўжалиги ходими Файзулла Машарипов.
Аччиқ қалампир экиш тадбиридан олдин, фермерларга унинг ҳосилдорлиги жуда баланд, даромади бошқа экинларга нисбатан юқори бўлиши ваъда қилинган эди. Амалда эса ундай бўлиб чиқмади. Боғот тумани «Нурулла Назира Нодира» фермер хўжалиги раҳбари Нурулла ака шу муаммо ҳақида гапирди.
«40 сотих ерга аччиқ қалампир экдим. Харажати ва меҳнати кўп бўларкан. Экиннинг тарбиясини маромида қилдик, одам бўйи ўсиб кетди. Аммо, ҳосили жуда кам бўлди. Ҳар бир тупдан 3-4 кг қалампир олиниши айтилганди. Бироқ, 300-400 гр чиқяпти холос. Ҳозир 300 кг қалампирим бор. Буни ҳам сотолмай, ҳалакман. Агар шунча харажат ва меҳнатни бошқа экинга сарфлаганимда, яхшигина даромад олардим. Яширадиган жойим йўқ, келаси йили бу тадбирнинг яқинига йўламайман», - деди Нурулла ака.

Хонқа тумани «Ҳасанбой Адолат» фермер хўжалиги раҳбари Азимбой Ибодуллаев аччиқ қалампир экишдан фойда олиш тугул, зарар билан чиқаётганини айтди.
«70-80 сотих ерга аччиқ қалампир экдим. Биринчи йил экишимиз туфайли баъзи агротехник тадбирларни тушунмаган бўлишимиз мумкин. Бу борада тажрибамиз йўқлиги билинди. Ёзнинг жазирама иссиғида қалампир кўчатлари кутилмаганда гулларини тўкиб юборди.
1 тупдан 3-4 кг ҳосил олишимиз айтилганди, якунда 300-400 гр чиқса керак. Олдинига қалампирнинг ҳар бир килограмми 2800 сўмдан харид қилинади, дейишганди. Ҳозир эса бу нарх 2000 сўмга туширилибди. Катта эҳтимол билан зарар кўрсак керак», - деди Ибодуллаев.

Аччиқ қалампир август ойининг охири, сентябрь ойи бошларида пишиб етилади. Об-ҳавонинг қулай келишига қараб, декабр ойигача ҳосил бериши ҳам мумкин.
Август ойида етилган бўлса-да, ўша пайтда уни харид қиладиганлар йўқлиги туфайли, ҳосили далада қолиб кетаётган фермерлар ҳам бор. Масалан - Янгибозор туманидаги «Хоразм фахри» фермер хўжалиги.
«4 гектар ерга аччиқ қалампир экдим. Ҳосил август ойида етила бошлаган эди. Бироқ, ўша пайтда уни мендан сотиб оладиган одамнинг ўзи топилмади. Натижада, уни йиғиштириб олиш кечикиб кетди. Ҳозир ҳосил деярли етилиб бўлган, аммо терадиган ишчи тополмаяпман. Ҳамма пахта йиғим-теримида банд. Агар совуқ тушиб, ҳосилни уриб кетса, катта зарар кўришим аниқ», - деди фермер хўжалиги бошқарувчиси Улуғбек Қурбонов.
Урганч тумани «Ражаб Тоҳир» фермер хўжалиги раҳбари Ҳикмат Ражабовнинг муаммоси ҳам шунга ўхшаш.
«2 гектар ерга аччиқ қалампир экдим. Ҳосилдорлиги жуда паст бўлди. Ҳар бир тупдан 3-4 кг ҳосил олиш мумкин, дейишганди. Аммо, 0,5 кг ҳам бўлмади. Мана ҳосил етилиб турибди, аммо уни оладиган одамнинг ўзи йўқ», - деди Ражабов.

Аччиқ қалампир ҳосилдорлигининг нега бунчалик паст бўлгани вилоят иқлими шароити билан боғлиқми ёки қалампир навларига боғлиқми, ҳозирча маълум эмас. Бунга мутахассислар жавоб бериши керак.
Хоразм вилоятида фермерлар етиштирган ҳосилни сотиб олувчи компания «Хоразм Чилиуз» МЧЖ ҳисобланади. Ташкилот раҳбари Қурбон Берегин сўзларига кўра, «Хоразм Чилиуз» МЧЖ маҳсулотни экспорт қилиш учун Россиядан мижоз топган ва Агробанкдан кредит олишга муваффақ бўлган.
«Аччиқ қалампирни экспорт қилиш учун Россия Федерациясидан мижоз топдик. Улар билан шартнома имзоладик, шундан сўнг, Агробанк томонидан бизга 4,5 миллиард сўм кредит ажратилди. Гаров таъминоти билан боғлиқ муаммо туфайли сентябрь ойи ўрталаригача кредитни ололмадик. Энди бу муаммолар ҳал қилинди, вилоят фермерларидан қалампирни сотиб олишга тайёрмиз», - деди Берегин.

Ҳозирги кунда «Хоразм Чилиуз» МЧЖ фермерлардан аччиқ қалампирнинг бир килограммини 2000 сўмдан харид қиляпти. Тез орада Россия Федерациясига экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Ҳосилни қабул қилиб олиш 22 сентябрдан бошлаб йўлга қўйилган.
Қурбон Берегин харид қилиш қийматининг бунчалик пастлигини дунё бозоридаги нархлар билан изоҳлади.
«Ўзбекистонда етиштирилган аччиқ қалампирнинг таннархи Индонезия, Ҳиндистон ва бошқа давлатларникидан юқори бўлиб чиқди. Бу мамлакатларда ишчи кучи арзон, иқлими қалампир етиштиришга мос, кўп йиллик тажриба ва технология мавжуд. Бизда эса таннарх юқори, шу туфайли, қалампир экспортини амалга оширмоқчи бўлган бошқа компаниялар хориждан харидор топишга, экспорт шартномаларини имзолашга қийналмоқда», - деди Берегин.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда «Хоразм Чилиуз» фермерлардан ҳосилни сотиб олиш учун кредитни қўлга киритган Ўзбекистондаги ягона ташкилотдир.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштириш кампанияси илк маротаба ўтказилмоқда. Ҳали бу борада фермер хўжаликларида етарли тажриба тўпланмаган, соҳа мутахассислари етишмайди. Тадбирнинг дастлабки йили бўлгани боис иш хато ва камчиликлардан холи бўлмаслиги аниқ эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон шароитида қалампир етиштиришнинг натижаси қандай бўлиши мутахассислар томонидан чуқур ўрганилмагани билиниб қолди.
Тадбир бошида фермерлар аччиқ қалампир етиштиришдан юқори даромад олиш мумкинлигига қизиқтирилган эди. Аммо, Хоразм вилояти амалиётида бундай бўлиб чиқмади. Бунинг сабаблари, ишдаги хато ва камчиликлар, сўнгги хулосалар ва якуний сарҳисоб энди йил охирида қилинади.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
12:33 / 02.05.2025
«Бунда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳ ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради» — президент чипталар нархи ҳақида
15:41 / 01.05.2025
Президент Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди
20:24 / 02.04.2025
Хоразмда пулини кўпайтириб беришни айтиб, мингдан ортиқ одамни чув туширган шахс ушланди
16:38 / 18.03.2025