Ўзбекистон | 15:37 / 15.10.2018
101534
2 дақиқада ўқилади

​Ўзбекистондаги совуқ ҳаво узоққа чўзилмайди 

15 октябрь куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбига Уралдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келди. 

«​Ўзгидромет»​ марказининг маълумотига кўра, бугун кечаси Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида ёмғир ёғиши, айрим жойларда эса кучли ёмғир кузатилиши мумкин. Кун давомида нам ва совуқ ҳаво оқими бутун республика ҳудудига тарқалди.  

«Яқин кунларда бутун республикамиз ҳудудида ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли ёмғир ёғади ва қорга айланиши мумкин. Шамол тезлиги ошиб, секундига 15-20 метрга, кучайганда 25 метргача етиши мумкин», дейилади хабарда.

17 октябрь куни ёғингарчилик бўлмайди, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиб, айрим жойларда қорга айланади, кундузи ёғингарчилик бўлмайди.

Кечаси ҳарорат 0-2 даража илиқ, айрим жойларда 2 даражагача совуққа тушади, кундузи 5-7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. 

Совуқ ҳаво оқимлари республикамиз ҳудудида узоқ ҳукмронлик қилмайди. 18 октябрда ҳарорат 10-15 даражагача кўтарилади ва ундан кейин ҳам илиб боради ҳамда 23 октябрга келиб кундузи ҳарорат 15-20 даражани ташкил қилади. 

Октябрь ойидаги об-ҳавонинг бундай кескин ўзгаришлари Ўзбекистон иқлими учун тез такрорланадиган одатий ҳолат. Шундай об-ҳаво, ўтган йили сентябрь ойининг охирида октябрнинг бошида Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши натижасида мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳарорат кечаси 0-2 даража, кундузи 6-8 даражага бўлган эди. Одатда октябрь ойида илк кузги совуқ уриши кузатилади. Энг совуқ йилларда кечаси ҳарорат 0-5 даража совуққа, ойнинг охирига келиб эса ундан ҳам пасаяди.

Мавзуга оид