Жамият | 12:22 / 15.10.2018
16836
5 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятида жамоат транспортидан фойдаланиш йўловчиларга қулайлик туғдиряптими ёки аксинча?

Жиззах шаҳар аҳолиси жамоат транспортидан фойдаланишда кўплаб муаммоларга дуч келаётгани бор гап. Шаҳар марказида 14 йўналишда 185 та автобус қатнови белгилаб берилган. Ҳамюртларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолардан бири, бир неча маҳаллаларга (жумладан, “Қипчоқ”, “Турон”, “Жиллиғулли”, “Боғишамол”) автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Бу вазиятда эса “Дамас” ҳайдовчилари ва “учар такси”лар йўлкира ҳақини ошириб олишган. Бу эса шаҳар марказидаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўқувчи ва талабалар, ишчи ходимлар, кексалар, ногиронларга ноқулайлик туғдирмоқда.

Автобуслар ўз вақтида белгиланган график асосида қатнамай, ҳудуддаги “Кўк бозор” ва “Ором” бозорлари атрофида йўловчи пойлаб, автоулов салони лиқ тўлмагунича жойидан қўзғалмайди. Ҳайдовчиларнинг қўпол муомаласи кўнглингизни ранжитса, ҳар 20-30 метрда тўхтаб йўловчи териши асабингизни бузади. Қоида бўйича ҳар бир бекат оралиғи 500 метрдан иборат бўлиши керак эмасми? Йўлкира ҳақи 800 сўм. Аммо бир ойдирки ҳайдовчилар ҳеч бир асоссиз йўлкира ҳақини 1000 сўм қилиб белгилаб қўйишган. Бу ҳолатга Ўзбекистон автомобиль транспорт агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдумурод Бобомуллаев шундай изоҳ берди.

- Айни пайтда Жиззах шаҳрида 185 та автобус қатнови йўлга қўйилган. Шаҳарликларни бу борадаги эҳтиёжини қондириш учун яна 50 та автобус зарур. Шу сабабли баъзи бир ҳудудларни автобус билан таъминлашнинг иложи йўқ. Шунингдек, шаҳарда фаолият юритаётган транспорт уюшмаларининг барчаси хусусий ҳисобланади. Мазкур уюшмалар томонидан даромадли йўналишлар қамраб олинди. Нисбатан кам фойда берадиган йўналишларга автобуслар қўйилмади. Келтирилган муаммоларнинг асл сабаби шунда. Шу боис жорий йилнинг сўнгига қадар 50 дона автобус харид қилиш қилиш учун Самарқанд автомобиль заводи ҳисоб рақамига пул ўтказилган. Бекатларнинг йўқлиги ва автобусларнинг маълум бир график асосида қатнамаслигини бартараф этиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлигига таклифлар киритганмиз. Ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги ва келтирилган камчиликларда юртдошларимизнинг ҳам қисман айби бор деб ўйлайман. Бу вазиятда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва жамоатчиликнинг таъсири зарур.

Кунлик режани бажаришга мажбурмиз. Гоҳида ўзимизга ҳам пул етказолмаймиз. Бунинг устига уловнинг ремонти бор, шунга мажбурмиз. Ҳозир ҳамма “таксичи”. Ноқонуний таксичилар фаолиятига барҳам берилмас экан аҳвол шу тахлит давом этаверади.

Бу вазиятга йўловчилар ҳам фикр билдиришди. Ўзини Дилфуза Мамадалиева деб таништирган йўловчи шундай дейди:

- Қўлларида пул билан автобусларга интилаётган мактаб ўқувчиларининг сарсонгарчилигига барҳам берилса, фарзандларимиз учун махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилса яхши бўлар эди.

Нодира Пардаева исмли онахоннинг ҳам гапларида жон бор.

- Уюшмалар тажрибали ҳайдовчиларни эмас, кўпроқ ёш йигитларга ишониб автоуловни топширяпти. Ўзингиз ўйлаб кўринг, айрим ёшлар қони қайноқ. Баъзи ҳолларда уларни кимўзарга пойга ўйнаши, қўполлик билан йўловчиларга муомала қилиши кишини ранжитади. Ахир улар йўловчиларнинг ҳаётига масъул эмасми? Мақсад фақат пул топиш бўлмаслиги керак. Сифатли хизматни йўлга қўйиш учун, аввало, маданиятни ўзимиздан бошлайлик. Чипталар сотишни йўлга қўйиш, диспетчер хоналарини ташкил қилиш керакдир балки...

Баъзи фикр билдирувчилар аҳвол ҳеч қачон ўзгармаслигини ва бунга анча борлигини очиқ айтишди. Муаммолардан кўз юмиб кетолмаймиз. Мақсадимиз айбдор қидириш эмас, балки кўпчилик ҳамюртларимиз учун оддий ҳолатга айланиб улгурган камчиликларни бартараф этиш. Ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги, қатновлардаги камчиликларда ўзимизда ҳам айб бор. Лоқайдмиз. Бу вазиятда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар ва жамоатчиликнинг таъсири зарур. Ўша ноқонуний ҳаракатланаётган “такси” эгалари ҳам бегона эмас, жиззахликлардир. Масалага Жиззах вилоятидаги тегишли ташкилот мутасаддилари эътибор қаратишига ва камчиликлар ижобий ечим топишига умид боғлаймиз.

Гулчеҳра Шарипова

Мавзуга оид