Иқтисодиёт | 12:58 / 16.10.2018
16716
6 дақиқада ўқилади

Марказий банк сўрови: аҳолида инфляциядан хавотир ошмоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2018 йилнинг III чораги учун республика аҳолиси ва корхоналарининг инфляцион кутилмалари ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди.

Жорий йилнинг III чорагида иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра инфляциянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган ва кутилаётган даражаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, йилнинг биринчи ярмидаги пасайишдан сўнг мазкур кўрсаткичлар июль ойидан бошлаб ошиб борди, дейилади Марказий банк ахборотида.

2018 йилнинг июль-сентябрь ойларида аҳоли томонидан сезилган қисқа муддатли инфляция индексида кўтарилиш кузатилди.

Хусусан, июль ойида индекснинг бир ойлик ўсиши 20 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида деярли ўзгаришсиз қолди, сентябрда эса ўсишни давом эттириб, 580 бандга тенг бўлди.

Юридик шахслар томонидан сезилган инфляция индекси эса сентябрда июнь ойига нисбатан 31 фоизга ошиб, 508 бандни ташкил этди.

Шу билан бирга, жорий сезилган инфляция индекси йил бошидаги кўрсаткичларга нисбатан паст даражада бўлса ҳам унинг ўсиш динамикаси давом этмоқда, бу ўз навбатида келгусидаги инфляцион кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Сентябрь ойида сўровда иштирок этган жисмоний шахслар «қайси асосий товар ва хизматларнинг нархи юқори даражада ошди?» саволига асосан помидор, мол гўшти, гуруч ва қўй гўштини белгилаган. Шунингдек, ушбу ойда аввалги ойлардан фарқли равишда картошка, буғдой уни, нон, товуқ гўшти, сабзи нархлари ошганини кўрсатган респондентлар улуши сезиларли даражада ортган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан «ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматларнинг таннархи ошишига қайси омиллар юқори даражада таъсир кўрсатди?» саволига асосан хом ашёлар нархи, транспорт ва ишчи кучи харажатлари қайд этилган.

Шунингдек, сентябрь ойида кузатилган валюта алмашув курсининг кўтарилиши ушбу ойда маҳсулотлар таннархи ошишининг асосий омилларидан бири бўлди.

Инфляцион кутилмалар

2018 йилнинг III чораги мобайнида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмаларида ҳам ўсиш тенденцияси кузатилди.

Жорий йилнинг июль–сентябрь ойларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ойга бўлган узоқ муддатли инфляцион кутилмаларида ҳам салбий тренд кузатилди. Аввалги чоракда деярли ўзгаришсиз сақланиб келган кутилмалар индекслари III чоракда ойма-ой ўсишни бошлади.

Сўровда иштирок этган респондентларнинг келгуси 12 ойдаги нархлар ўзгариши бўйича жавобларида нархлар ошишини кутаётганлар улуши аввалги чоракка нисбатан сезиларли даражада ошди.

Қайд этиш лозимки, III чорак бошида юридик шахсларнинг узоқ муддатли кутилмалари аҳолиникига нисбатан ижобийроқ бўлган бўлса, сентябрга келиб уларнинг келгусидаги нархлар ошиши бўйича кутилмалари аҳолиникидан юқорилаб кетди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг келгусидаги нархлар бўйича хавотирлари сезиларли даражада ортганини билдиради.

Иқтисодиётдаги кутилмалар

Мамлакатдаги юқори иқтисодий фаоллик ва нархлар ошиши ўз навбатида аҳоли даромадларига ҳам таъсир этмоқда.

Жумладан, аҳолининг харид қобилиятини ўрганиш натижалари 2018 йилнинг III чорагида аҳолининг даромадлари бироз ошганини кўрсатмоқда. Хусусан, сўровда аввалги 12 ой давомида даромади ошганини белгилаганлар улуши II чоракка нисбатан 7 фоиз бандга ошиб 63 фоизни ташкил этган бўлса, даромади ошмаганини белгилаганлар улуши 6 фоиз бандга қисқариб 33 фоизни ташкил этди.

Аҳолининг келгусидаги даромадлари ўзгариши бўйича кутилмаларида ҳам оптимистик қарашлар кузатилди. Респондентларнинг келгуси 12 ойда даромади ошишини кутаётганлари улуши 68 фоизга етган бўлса, даромади ошмаслигини билдирганлар улуши 21 фоизгача қисқарди.

Шу билан бирга, иқтисодиётда келгусидаги иш ҳақи ошиши бўйича ҳам аниқлик пайдо бўлмоқда. Хусусан, сўровда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг 52 фоизи келгуси 12 ойда иш ҳақи «10 фоиздан 20 фоизгача» ошишини қайд этган. Аввалги чорак давомида иш ҳақи «10 фоизгача» ва «20 фоиздан юқори» ошишини белгилаганлар улуши деярли тенг бўлган бўлса III чоракда «10 фоизгача» ошишини белгилаганлар улуши 30 фоизгача ортди, «20 фоиздан юқори» ошишини белгилаганлар улуши эса 11 фоизгача қисқарди.

Бу ўз навбатида аҳоли даромадлари томонидан инфляцияга бўлган босим аввалги йиллардаги даражадан юқори бўлмаслигини англатади.

Жорий йилнинг III чорагида аҳолининг жамғариш кайфиятида сезиларли ўзгариш кузатилмади.

Хусусан, жамғармаларни банкда сақлашни маъқул кўрганлар улуши III чоракда 7 фоиз бандга ошиб 57 фоизни ташкил этди, нақд кўринишда сақлашни маъқуллаганлар улуши эса 6 фоиз бандга қисқариб 20 фоизга тенг бўлди.

Шунингдек, респондентларнинг аксарияти (47 фоизи) жамғармаларни миллий валютада сақлашни афзалроқ кўрган бўлса, учдан бир қисми чет эл валютасини танлаган. Бу, жамғарма воситаси сифатида сўмга бўлган ишонч III чорак давомида сақланиб қолганини кўрсатади.

Охирги ойлардаги сўмнинг қадрсизлана бошлаши сўровда иштирок этган жисмоний ва юридик шахсларнинг келгусидаги АҚШ долларининг сўмга нисбатан алмашув курси бўйича кутилмаларида ўз аксини топди. Бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг кутилмалари деярли тенг бўлиб III чорак мобайнида ойма-ой кескин кўтарилиб борди. Сўнгги сўров натижаларига кўра сентябрь охирига 1 АҚШ долларини 8.180 сўм атрофида, декабрь охирига эса 8.300 сўм атрофида кутганлар.

Ушбу ҳолат аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг алмашув курси бўйича хавотирлари мавжудлигини кўрсатади ва бу ўз ўрнида уларнинг инфляцион кутилмаларига таъсир этиши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид