Спорт | 08:09 / 16.10.2018
21250
3 дақиқада ўқилади

Видеорепортаж: Параосиё ўйинлари қаҳрамонлари қандай кутиб олинди?

Индонезияда бўлиб ўтган III Параосиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми 15  октябрь оқшомида чартер рейс билан Тошкентга етиб келди. Шу муносабат билан Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, 54 нафар спортчи билан мусобақага ташриф буюрган Ўзбекистон терма жамоаси жами 77 та медаль (35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза) билан ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. Медаллар жадвалида 6-ўринни олган жамоа кучли ўнликдан жой олган термалар ичида энг кам спортчи билан иштирок этган эди, яъни энг яхши маҳсулдорлик кўрсаткичи айнан Ўзбекистон параатлетлари томонидан қайд этилди.

Кўп сонли ота-оналар ва спорт мухлислари иштирокида ўтган кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди.

Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан Азиз Абдуҳакимов делегация аъзоларини Ўзбекистон ҳукумати номидан табриклади, улар мамлакатнинг фахр-у ифтихори эканликларини қайд этиб ўтди. Шундан сўнг Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестри ижросида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.

Маросимда Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари бўлган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийларидан баъзилари ҳам минбарга чиқиб, ўз ҳаяжонлари ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Кутиб олиш тадбирларининг биринчи қисми шу билан якунига етди ва делегация Миллий паралимпия ассоциациясига йўл олди.

Кутиб олиш маросимида иштирок этган Kun.uz мухбири чемпион спортчиларни суҳбатга тортди. Хусусан, Жакарта-2018 мусобақасининг уч карра ғолиби ва 2 та бронза соҳиби, сузиш бўйича иккита йўналишда Осиё рекордини ўрнатган Дмитрий Хорлин ҳамда дзюдо бўйича -70 кг вазн тоифасида Параосиё ўйинлари чемпиони, жамоавий баҳсларда кумуш медаль совриндори бўлган Васила Алибоева ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Қуйида ушбу блиц-интервьюларни ўз ичига олган тадбир репортажи эътиборингизга ҳавола этилади.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Facebook'да кўриш

Ўзбекистон делегациясининг бу галги Параосиё ўйинларидаги иштироки сарҳисоби билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид