Жаҳон | 07:26 / 17.10.2018
16723
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўзи учун энг катта хавф нималигини айтди

Фото: REUTERS / Leah Millis

АҚШ президенти Дональд Трамп Федерал захира тизими томонидан таянч фоиз ставкасини ошириш сиёсатини ўзининг президент лавозимидаги муваффақиятлари учун энг катта хавф деб ҳисоблашини айтди. Бу ҳақда у Fox Business нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Трампнинг таъкидлашича, ФЗТ фоиз ставкасини жуда тез ошираётгани сабабли бош хавф ҳисобланади. У АҚШда марказий банк вазифаларини бажарувчи ФЗТ мустақил тизим ҳисобланишини ва шу сабабли унга таъсир қилиш дастакларига эга эмаслигидан афсус билдирган.

Шу билан бирга Трамп бунда бошқаларни айблай олмаслигини, чунки у ФЗТдаги раҳбарларни ўзи тайинлагани ва улардан баъзиларидан ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлаб ўтган.

Трамп фоиз ставкаси иқтисодий ўсишга зиён етказиши мумкинлиги сабабли ФЗТни бир неча бор танқид қилган. ФЗТ сентябрда фоиз ставкасини навбатдаги марта 0,25 фоизга, йиллик 1,75-2 фоиздан 2-2,25 фоизгача кўтарди ва монетар сиёсатни секин-аста янада қатъийлаштиришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, ФЗТ ҳозирча ўзининг икки бош вазифаси: инфляцияни ушлаб туриш ва бандликни қўллаб-қувватлашни бажара олмоқда.   

Ҳозирда АҚШда инфляция 2 фоизни, бандсизлик эса 3,7 фоизни (ярим аср ичидаги энг паст кўрсаткич) ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид