Light | 15:10 / 18.10.2018
18147
8 дақиқада ўқилади

Келажак компанияларига қандай ходимлар керак?

Таълим ва мутахассислик — аввалгидек бир марталик ва бутун умрга эмас. Агар сиз бир соҳани тарк этган бўлсангиз, яна шу йўналишга ёпишманг - эҳтимол, унинг даври ўтаётгандир, сиз эса меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигингизни йўқотаяпсиз. Ўтмишдаги билимлар билан келажак бозорида кун кўриб бўлмайди. Бироқ номзодлар кўпинча янги реалликни қабул қилишга ва ўз ҳаётларида ниманидир ўзгартиришга тайёр эмаслар, деб ёзади Forbes таҳлилчиси Инна Суматохина.

Кўп бозорларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Рақамлаштиришдан кейин мижозлар билан ишловчи менежерлар, трейдерлар, брокерлар ва бошқа қатор мутахассисларга бўлган талаб кескин пасаймоқда. Компаниялар автоматлаштириш мумкин бўлган барча нарсани автоматлаштирмоқда. Бугунга келиб катта маълумотларни таҳлил қилиш ва машина таълими бўйича мутахассислар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари меҳнат бозоридаги энг талабгор касбларга айланмоқда. 

Фото: Pixabay

Янги технологиялар бозордаги энг талабгор касблардан бири - сотувлар бўйича менежер ўз функционалини ўзгартирувчи янги коммуникацион этикет яратади. Катта маълумотларни таҳлил қилаётиб, мижознинг хатти-ҳаракатларини - у нима харид қилади ва қачон, тахминан қанча пул сарфлайди, интернет орқали товар буюртма қиладими ёки дўконга борадими - олдиндан тахмин қилиш мумкин. Шу муносабат билан янги товар ва хизматларни қуруқ қўнғироқлар каби тарғиб қилишнинг бундай жиҳози тобора ўз долзарблигини йўқотмоқда. Бугун ундан энг консерватив тармоқлар ва тор доираларда фойдаланишмоқда.

Тажриба ва билимлари долзарблигини йўқотаётганлар нима қилиши керак ва нима учун охирги вақтларда умрбод таълим зарурати ҳақида бу қадар кўп гапирилмоқда?

Ҳар беш йилда ўқинг

Энг илғор тармоқларда 1,5-2 йилдан кейин билимларнинг ярми рақобатбардошлик жиҳатдан устунлигини йўқота бошлайди. Бу устуворликни яратиш учун янги билимларни ўйлаб топиш керак. Биз умрбод билим олишга маҳкуммиз. Инсон қандай зўр олийгоҳни тугаллаган бўлмасин, вақти-вақти билан билимларини янгилаб турмаса, улар узоғи билан беш йилга етади. Ҳар бир номзод, айниқса миллионерлар ва Z авлод вакили бутун умри давомида ўқишига тўғри келишига тайёр туриши керак. Масалан, Европа мамлакатларида анчадан бери узлуксиз таълим моделлари мавжуд, улар уч асосий таълим даврига асосланади: 16-25 ёш, 30-55 ёш ва 55 ёшдан кейин. Швецияда катта ёшлилар ва кексаларни чин маънода ўқиб ўрганишга мажбур қилишади. У ерда ижтимоий ишчиларнинг мажбуриятларидан бири - ўз таълимини давом эттиришга тайёр бўлмаган ёки буни истамаётган кишилар ҳузурига "мотивацион ташрифлар" амалга оширилади. Таълим тизими бутун умр давомида ҳамроҳ бўлувчи Финляндияда ҳам таълимга муносабат шундай, у ерда катталар таълими бир неча турга бўлинади: расмий, норасмий ва эркин бепул. Бепул курслар жуда кенг кўламда таклиф қилинади - хорижий тиллар, ахборот технологиялари, санъат ва ҳунармандчиликни ўрганишдан то спорт билан шуғулланишгача.

Фото: Getty Images

Мураккаб лойиҳалар устида ишланг

Бугун янги маҳсулотлар ва хизматлар ўз-ўзидан сервис ҳисобланади. Шу боис якуний истеъмолчи ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ўртасида воситачилар керак эмас. Мижозга реал фойда келтирувчи ва бозор учун қимматли хизматлар таклиф қилувчи кишиларгина ҳақиқатда яхши пул ишлай олишади. Масалан, 10-15 йил аввал рекрутментда кўп агентликлар фаол номзодлар билан ишлаб, вакансияларни ёпишган. Оддий қилиб айтганда, улар иш берувчиларнинг HeadHunter.ru сайтига кириб, номзодларни мустақил излашга эринишганидан фойдаланишган. Ҳозир эса бунинг ўзи етарли эмас, зеро мижозлар фаол номзодларга ўзлари ҳам боғланишлари мумкин. Рекрутерлар ўзаро рақобатлашиб, ноёб хизматларни – пассив номзодларни излаш билан шуғлланишни таклиф қилиши керак. Табиийки, ўзи ҳақида очиқ эълон қиладиган ходимларни топиш ва жалб қилиш қийинроқ. Бироқ бу персонал билан ишловчи мутахассис учун жуда зарур бўлган кўникмадир.

Фото: Pixabay

Ноёбликни намоён қилинг

Баъзи жамиятларда ҳануз фундаментал, академик таълимсиз иш топиш қийинлигига доир стереотип бор. Бироқ номзодлар ўзларининг устувор жиҳатлари ҳақида гапираётиб, бир неча дипломга эга эканликларини айтганда улар билан суҳабтлашиш истаги йўқолади. Ўқиш ёқимли, бу билан ҳатто фахрланиш мумкин, лекин “диплом” йиғиш кўпинча реал профессионал ҳаётдан чекинишни, унинг чақириқларига жавоб бериш истагининг йўқлигини билдиради. Карьерадаги ҳар қандай ўзгаришлар инқилоб эмас, эволюцион характерга эга бўлиши керак. Баъзи иш изловчиларнинг резюмесига кўра, улар бир соҳада муваффақиятга эриша олмагач, янги йўналишда таълим олиб, ўзларини аввалгидан узоқроқ соҳада синаб кўришади. Бугун қандай бўлмасин, олийгоҳга кириш ва нуфузли касблардан бирини эгаллашга ҳожат йўқ. Университетни тамомлаш мутлақо шарт эмас, зеро бутун дунё ноёб кўникмаларга эга бўлиш йўлидан кетмоқда. Нейробиология, муқобил энергетика, рақамли санъат — буларни албатта хориж олий таълим муассасаларида ўрганиш мумкин. Бироқ компанияларда ҳам катта марраларни забт этган ўз ишининг усталаридан янги билимларни ўрганиш мумкин. Бундан ташқари, махсус курслар ва тренинглар ҳам янги билимларни ўзлаштириш учун айни муддаодир.

Фаолият соҳангизни ўзгартиринг

Иш берувчилар “Бу позицияга бизга гуманитар фикрловчи, унисига эса техник фикрловчи киши керак”, деб айтмайди. Улар ўзида уни ҳам, буни ҳам жамлаган мутахассисларни излашмоқда. Бизнинг тажрибамизда 2010 йилда Москвадаги етакчи ОТМлардан бирини “психология ўқитувчиси” ихтисослиги бўйича тамомлаган номзод бўлган. У йирик курьерлик компаниясининг HR бўлимида ишлаган ва персонални танлаш, ўқитиш, мослаштириш ва ишдан бўшатиш учун жавоб берган. Кейин коучингда ўз кучини синаб кўрган. 2015 йилда эса IT соҳасида иш бошлашга қарор қилган ва Бауман номидаги МДТУнинг “Дастурий инжинерия” кафедрасига ўқишга кирган. Ҳозирда бу аёл web-соҳасида ишлайди, лойиҳалаштириш ва web –иловалар яратиш билан шуғулланади, web-сайтлар ва рақамли контентни яратиш масалалари бўйича маслаҳат беради. Унинг бўлғуси диплом иши – тармоқдаги очиқ маълумот ёрдамида мижознинг рақамли ва психологик портретини тузиш. Бундай мисоллар у қадар кўп эмас, аммо яқин келажакда бундай номзодларга бўлган талаб жуда катта бўлади.

Фото: Getty Images

Малакали, лекин кам маош олувчи мутахассис касбини ўзгартиришига тўғри келадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Мен йирик бир музей директорини билар эдим, у карьерасини ўзгартириб, аниматорликни ўрганди. Унинг қарорини кутилмаган деб бўлмайди – аёл артистлик қобилиятига эга бўлиб, доим ижодий соҳада ишлашни истарди, бир сўз билан айтганда у севимли ишига киришди. Эҳтимол, бу сўнгги чорадир, лекин меҳнат бозори бундай шиддат билан ўзгараётган бир вақтда ҳамма нарсага тайёр туриш керак.

Мавзуга оид