Буюк Британиянинг ЕИдан келишувсиз чиқиши нимаси билан хавфли?
Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Буюк Британия Brexit кўрсаткичлари бўйича келишув имзолашга яқинлашди. Бу ҳақда Еврокенгаш раиси Дональд Туск Евроиттифоқ саммити якунида маълум қилган.
«Брюссель агарда Лондон Британия Европа Иттифоқидан чиққанидан сўнг илтимос қиладиган бўлса, ўтиш даврини чўзишга ҳам тайёр», деган Туск. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда иштирокчиларнинг кайфияти сентябрда Зальцбургда бўлиб ўтган саммитдан кейинги кайфиятига нисбатан анча яхши.
Зальцбургдаги саммит натижасиз якунланди, шу боис Туск пайшанба куни якунланган учрашувни ҳақиқат онлари деб атади. Буюк Британия Евроиттифоқни қандай шартларда тарк этиши борасидаги асосий баҳсларга жавоб айнан шу ерда топилиши режалаштирилганди, аммо ундай бўлмади.
«Навбатдаги ҳақиқат онлари ЕИнинг 18 ноябрдаги саммити бўлиши мумкин, агарда унда ҳам ЕИдан чиқиш кўрсаткичлари ҳақида келишувга эришилмайдиган бўлса, декабрдаги саммит қолади», деб ёзади The Independent.
Келишув 2019 йил 21 январдан кечикмасдан Британия парламентига овоз беришга қўйилиши лозим ва Европа парламенти ҳам овоз бериши даркор. Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши 2019 йил 29 мартда юз беради. Шундан сўнг ўтиш даври бошланади, у 2020 йил декабргача давом этади – бу вақтгача ажралиш бўйича чоралар қадам-бақадам амалга оширилади.
«Ҳозирча Франция ва Германия Brexit’га дастлабки келишувга эришмасдан тайёрланмоқда», деб ёзади Financial Times.
Нашрда қайд этилишича, Франция ҳукумати Британиядан келадиган маҳсулотларни кўриб чиқиш ҳамда унинг фуқаролари республикага киришдан олдин виза олиши кераклиги борасидаги қонун лойиҳасини тайёрлаган. ГФР канцлери Ангела Меркель ҳам келишувга эришилмаслигига тайёргарлик кўриш бошланишини билдирган. Буюк Британиянинг ўзи ҳам кескин сценарийга тайёрланмоқда.
Фуқароларга бериладиган зарба
Буюк Британиянинг ЕИни дастлабки келишувсиз тарк этиши унинг фуқароларига сезиларли зарар етказади, дейилади Британиянинг Which истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти маърузасида. Улар дуч келадиган қийинчиликлар орасида истеъмол товарлари нархининг кўтарилиши, ЕИ мамлакатларида роумингнинг яна тикланишидир.
Британияликлардан ЕИ мамлакатларида банк карталари орқали хизмат ва товарлар учун ҳақ тўлаганида комиссия олиниши мумкин. Ҳозирда Евроиттифоқда бундай комиссия тақиқланган, аммо ЕИдан чиққанидан сўнг комиссия миқдори умумий сумманинг 3 фоизини ташкил этиши мумкин бўлади. Британияликлар шунингдек Евроиттифоқ бўйлаб саёҳат қилиш учун янги паспорт, автомобилда саёҳат қиладиган бўлишса халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ва машина учун қўшимча суғурта олишларига тўғри келади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси 5,5 фунт стерлингга тушади.
ЕИдан келтириладиган озиқ-овқат ва дори-дармонлар нархи ошиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
«Биз истеъмол қиладиган озиқ-овқатларнинг 30 фоизга яқини ЕИдан импорт қилинади, келишувсиз Brexit озиқ-овқат бозорига таъсир кўрсатади», — дейилади маърузада. Нархлар божларга қараб, масалан гўшт нархи 5 фоиздан 29 фоизгача, помидор нархи 9 фоиздан 18 фоизгача кўтарилиши мумкин.
Маъруза муаллифларининг билдиришича, британияликлар Brexit’дан сўнг энергия ва истеъмол товарлари нархи кўтарилишидан ташвишланишмоқда.
Иқтисодиёт учун йўқотиш
Келишувсиз Brexit иқтисодий йўқотишларга олиб келади, аммо бу мамлакат иқтисодиёти учун «унчалик катта бўлмайди», таъкидламоқда Open Europe аналитика маркази экспертлари.
Open Europe ҳисоб-китобига кўра, келишувсиз Brexit 2018 йилдан 2030 йилгача ЯИМнинг йилига 0,17 фоиздан йўқолишига олиб келади. 2030 йилгача Британия жами ЯИМнинг 2,2 фоизини йўқотади. Бу йўқотишлар ўрнини иқтисодиётни бир томонлама либераллаштириш дастурини амалга ошириш орқали тўлдириш мумкин, деб таъкидламоқда экспертлар. Бу дастур ЕИ импортига нисбатан тарифлар жорий этишдан воз кечиш, Британияга янада кўпроқ тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни ўз ичига олади.
Баҳс нима устида бўлмоқда?
Музокаралардаги энг баҳсли мавзу Ирландия Республикаси (Евроиттифоқ аъзоси) ва Шимолий Ирландия ўртасидаги чегара бўлиб қолмоқда. Бир оролнинг икки қисми ўртасида тўсиқ бўлмаслиги 1998 йилги келишув шарти ҳисобланади. Лондон ҳам, Брюссель ҳам чегара шаффофлигича қолиши тарафдори. Аммо томонлар бунга қандай эришиш мумкинлиги борасида келиша олишмаяпти. Бош вазир Тереза Мэйнинг ҳозирги режасида Британиянинг Европа ягона бозори (ЕЯБ) ва ЕИ Божхона иттифоқидан чиқишини ҳам кўзда тутади. Мамлакат ЕИдан мустақил савдо сиёсати олиб бориши ва учинчи давлатлар билан келишувлар тузиши учун Британия бу институтлардан чиқиши зарур.
Евроиттифоқ Шимолий Ирландия вақтинча ЕЯБ ва Божхона иттифоқи аъзоси бўлиб қолишини таклиф қилмоқда. Аммо Мэй хонимнинг фикрича, бундай қадам конституцион тузумни парчалаш ва мамлакат ҳудудий яхлитлиги бузилишига олиб келиши мумкин. Бунга Шимолий Ирландиянинг Демократик юниончилар партияси ҳам қаршилик қилмоқда. Ушбу партия аъзолари ЕИдан фақат умумий шартлар асосида чиқиш тарафдори.
Чегарада назорат-ўтказиш пунктлари ва чегарачиларнинг пайдо бўлиши эса бир-бири билан ҳамкорлик қиладиган икки Ирландиянинг фуқаролари ва бизнесига қийинчилик туғдиради.
Мавзуга оид
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
01:00 / 31.10.2024