Жамият | 15:04 / 20.10.2018
6817
2 дақиқада ўқилади

Беморларни бепул дорилар билан таъминлаш устидан назоратни кучайтириш таклиф этилди 

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида беморларнинг бепул дори воситалари билан таъминланиши устидан назоратни кучайтириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, ҳозирда шифохоналарда беморларга бепул берилиши керак бўлган дори воситаларининг беморларга тарқатилгани ҳақидаги маълумотномалар ва уларни тўлдириш шакли амалда самарасиз. 

“Чунки дори номи ёзилиб, беморга берилса плюс (+), берилмаса минус (-) қўйилади. Бемор касалхонадан чиққандан кейин, маълумотномадаги минус (-)ни плюс (+) қилиб қўйиш унчалик қийин эмас ва натижа қандай бўлиши кундек равшан”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, яна бир камчилик шуки, стандарт бланкали рецептлар тартиб рақамларсиз бериляпти. Тартиб рақами йўқ рецепт бланкалари йўқотилса ҳам назорат қилиб бўлмайди.

“Таклифим: бепул дори воситаларини беморларга берилгани ҳақидаги рўйхатни такомиллаштириш керак. Рўйхатни ҳар бир дори воситаси учун алоҳида А6 форматли бланкада тайёрлаш ва унга беморнинг исм-фамилияси, дори номи ва сонини сўз билан ёзиш керак. Бу бланкага бемор (унинг вакили) дори воситасини бепул қабул қилгани ҳақида имзо чекиши шарт. Агар бемор дори воситасини ўз ҳисобидан олиб келса, бу учун алоҳида бланка қилиниши керак. Бепул ва ўз ҳисобидан олинган дорилар бланкалари ранглар билан ажратилса яхши бўлади. Рецепт бланкасини, албатта тартиб рақамли бланкага ўтказиш керак”, - дейди петиция муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОТМ талабаларини ётоқхона билан таъминлаш ҳақида петиция пайдо бўлганди.

Мавзуга оид