Жаҳон | 02:29 / 20.10.2018
3900
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ Украинага 3,9 миллиард доллар ажратади 

Фото: РИА Новости / Наталья Селиверстова

Украина ҳукумати ва Халқаро валюта жамғармаси расмий Киевга 14 ойлик муддатга 3,9 млрд доллар кредит ажратиш ҳақида келишиб олди.

“Янги дастур 2,8 млрд SDR (ХВЖнинг махсус тўлов бирлиги, 3,9 млрд долларга тенг) тақдим қилишни кўзда тутади, бу маблағ 2019 йилда Украинада иқтисодий барқарорликни таъминлайди”, деб айтилган ХВЖ хабарида. 

ХВЖнинг янги кредити ҳақидаги қарор Украина ҳукумати аҳоли учун газ нархини 23,5 фоизга кўтаргандан кейин қабул қилинган.

Газга янги нархлар 1 ноябрдан амал қила бошлайди. Энди минг кубметр газ украиналикларга 8,5 минг гривенга (амалдаги курс бўйича 300 доллардан кўпроқ) тушади.

Украина бош вазири Владимир Гройсман бу қарор ҳар бир украин оиласига қандай қийинчиликлар келтиришини тушунишини айтган, бироқ ХВЖ янги кредит бериш учун газ нархини 60 фоизга кўтаришни талаб қилганини таъкидлаб ўтган.

Газ нархини ошириш ХВЖнинг Киев билан ҳамкорликни давом эттиришининг шартларидан биридир. ХВЖ ижтимоий мажбуриятларни бекор қилиш ва бозор нархларига ўтишни талаб қилади.

ХВЖнинг Украинага 4 йиллик ёрдам дастури ушбу мамлакатга 17,5 млрд доллар ажратилишини кўзда тутган. Янги дастур унинг ўрнини эгаллайди, кредит тақдим қилиш шартлари унча қатъий бўлмайди, бироқ фоизлар юқорироқ бўлади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид