Жамият | 22:10 / 21.10.2018
80633
9 дақиқада ўқилади

Селдан талофат кўрган сурхондарёликлар кўчада қолмоқда. Уларга берилган моддий ёрдам тортиб олинмоқдами?

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг май ойи ўрталарида кучли ёмғирлар натижасида Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида кучли сел юзага келганди. Сел оқими Сурхондарёнинг Қумқўрғон, Бойсун, Шеробод ва Денов туманларида аҳоли турар-жойларига катта талофатлар етказганди. Табиий офат ортидан зудлик билан мазкур ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилди. Селдан сўнг етказилган зарарларни аниқлаш мақсадида, мутасаддилар томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолият олиб борди. Баҳоловчи ташкилотлар сел босган жойларда бўлиб, ҳисоботлар тайёрлади.

2018 йилнинг 28 июнь куни эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 528-ф сонли фармойишида давлат томонидан ушбу ҳудуд аҳолисининг яшаш жойларига сел оқибатида етказилган зарарга компенсация тўланиши белгиланганди. Фармойишда 235та уй вайронага айлангани ва уларни таъмирлаш учун жами 12,6 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилгани кўрсатилганди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Эркинжон Турдимов топшириғи билан муаммони ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилганди. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бу ишларга шахсан масъул этиб тайинланганди. Уйи вайрон бўлганларга ярми нақд, ярми пластик картада пул маблағлари тарқатилганди. Шу билан биргаликда, кўпчиликка ҳомийлар ҳам бириктирилганди. Бироқ энди маълум бўлишича, баъзи ҳудудларда маблағ ва ҳомий масаласида жуда катта тушунмовчиликлар юзага келган.

Яқинда «Kun.uz» таҳририятига Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан вилоят ва туман мутасаддиларининг ноҳақликлари юзасидан мурожаат келиб тушди. Сайт ижодий гуруҳи мурожаатни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятига борди. Қумқўрғон туманининг «Боғаро» маҳалласида яшовчи уйсиз кишилар билан суҳбатлашилди.

Видео: TasIX

Видео: YouTube

Улардан бири фуқаро Мукаррам Мусаева бўлиб, у маҳалла фуқаролар йиғини ва туман ҳокимиятидан норозилигини баён этди. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи 2 йил муқаддам қурилишда ишлаётган вақтида ногирон бўлиб қолган, ҳозирда 1 гуруҳ ногирони ҳисобланади. Шу вақтгача туман мутасаддилари унинг ҳолидан хабар олмаган.

Мусаева жорий йилнинг 18 май куни қишлоққа бостириб келган селни эслайди. Унинг ҳикоя қилишича, оила аъзолари табиий офатдан омон қолиш учун баландликка чиқиб кетади. Кейинроқ қишлоққа ишчи гуруҳ келади. Ушбу оиланинг уйи ҳам яроқсиз ҳолга келган уйлар қаторига киритилади. Оиланинг уйи  тўлиқ бузиб ташланади. Оила ташқарида, ўтовда жон сақлай бошлайди. Аввалига Термиз шаҳри ҳокими оилага ҳомий қилиб бириктирилади. Лекин ҳомийлик ҳам охиригача қилинмайди. Фармойиш билан оилага 84 417 164 (саксон тўрт миллион тўрт юз ўн етти минг бир юз олтмиш тўрт) сўм маблағ ажратилади. Маблағнинг ярми нақд, ярми эса пластикда берилади. Оила бошлиғи ногиронлиги сабаб Мукаррам опа қурилиш ишларини ўзи бошқариб туради. Аёл нақд пулни мақсадли сарфлайди. Бироқ вақт ўтиб, турмуш ўртоғининг номига очилган пластик картада турган маблағга блок қўйилади.

«Уйни қуриш ишлари тўхтаб қолди. Аввалига ҳокимиятдагилар кейинроқ пластик карталарингиз очилади, дейишди. Қарз ҳам олиб давом эттираётгандик. Ҳозирга келиб, 10-15 миллион сўм қарзимиз ҳам бор. Кейинроқ Қумқўрғон туман ҳокими ўринбосари (саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосар) пластик картадаги маблағни қайтарасизлар, деб айтди. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Маҳалла фуқаролар йиғини эса 84 417 164 (саксон тўрт миллион тўрт юз ўн етти минг бир юз олтмиш тўрт) сўм маблағ учун ташаккурнома ҳам ёздириб олган. Нега пластик картамизга блок қўйишди? Нега маблағни қайтарасан дейишмоқда? Қиш яқинлашмоқда, биз энди нима қиламиз? Нега биз оддий фуқароларни алдашади? Президентимиздан адолат ўрнатишларини сўраб қоламиз», - дейди Мукаррам Мусаева.

Шундан сўнг, бошқа фуқаролар билан қандай вазият эканини ўргандик. Маҳалланинг деярли барча қисмини сел вайрон қилган. Аҳвол жуда ачинарли. Маълум бўлишича, бошқа жабрланувчиларга берилган пластик карталарга ҳам блок қўйилган. Улардан ҳам пулни қайтаришни талаб қилишган. Баъзиларининг ҳомийлари охиригача ёрдам бермай кетиб қолган. Айни вақтда қишлоқнинг кўпчилик аҳолиси уйсиз ёки салга қулаб кетиши мумкин бўлган уйларда яшамоқда. Вазиятга ойдинлик киритиш учун бирма-бир давлат ташкилотларининг эшикларини тақиллатдик.

Аввалига Термиз шаҳри ҳокимиятига бордик. Шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев билан боғландик. Шаҳар ҳокими қайтадан ҳисоб-китоб бўлаётгани ва тез орада муаммо ўз ечимини топишини айтди. Лекин у нега ҳомийликни охиригача етказмаганини изоҳлай олмади.

Ундан кейин вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Алишер Амиров билан суҳбатлашишга уриндик. Бироқ назоратчилар ҳоким ўринбосари мажлисга кетганини ва қачон қайтишини билмасликларини айтишди. Улардан Амировнинг ёрдамчиларига хабар беришларини сўраганимизда, ҳатто уриниб ҳам кўришмади. Вазиятга вилоят ҳокимиятидан изоҳ ололмадик.

Кейин вилоят молия бошқармасига бордик. У ерда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Жуманазар Нормўминов билан учрашдик. Биринчи ўринбосар мазкур муаммодан хабардор бўлган ходими Абдуқодир Мустафоқулов билан учрашувни ташкиллаштириб берди.

Сурхондарё вилояти молия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жуманазар Нормўминов

Маълум бўлишича, Қумқўрғон туманидаги «Боғаро», «Азларсой», «Элобод» ва «Ариқошган» маҳаллаларидан талофат кўрган 141 нафар фуқаро рўйхати тузилган. Баҳоловчи ташкилотлар томонидан уларнинг мулки турлича баҳоланган. Уларга кўрган зарарига қараб пул маблағлари ажратилган. Бироқ вақт ўтиб, ишчи гуруҳ максимал даражада ишламагани натижасида яна зарар кўрганлар ҳақида аризалар келиб тушаверган. Шунда вилоят ҳокими вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиш борасида қарор чиқарган. Аниқланишича, талофат кўрган хонадонлар сони 300дан ортиб кетган.

«Вазирлар Маҳкамасининг фармойишида маблағ ажратиш масаласи фақатгина яшаш биноси учун назарда тутилган. Ёрдамчи хўжаликлар бунга киритилмаган. Аммо баҳоловчи ташкилотлар ва ишчи гуруҳ ишни нопрофессионалларча бажарган. Бунинг натижасида ҳозирги вазият вужудга келган. Тез орада янги тузилган ишчи гуруҳ барчасига ойдинлик киритади», - деди молия бошқармаси ходими.

У 54та хонадон ҳомийликка бириктирилгани, лекин уларнинг 30 фоизигина ишни охиригача бажаргани ва қолгани ишни охиригача етказмай кетиб қолганини айтиб ўтди.

Молия бошқармасидан чиқиб, вилоят прокуратурасига бордик. У ердагилар прокуратура вазиятдан хабардорлигини, бу иш юзасидан жиноят иши очилганини айтишди. Прокуратура ходими тергов сири эканини ҳисобга олиб, ҳозирча тўлиқ маълумот бера олмаслигини билдирди.

Саволлар пайдо бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 528-сонли фармойишида Қумқўрғон масаласи бўйича 134 хонадон кўрсатилган. Лекин ҳозирда 300дан ортиқ хонадон ёрдамга муҳтожлиги айтилмоқда. Энди тегишли ташкилотлар қандай чора кўради? Лоқайдлик қилган раҳбарлар ўз жазосини оладими? Ростдан ҳам фуқаролардан маблағлар тортиб олинадими?

Видео: Facebook

Бу ўринда жуда мураккаб вазият юзага келган. Кўпчилик киши уйсиз қолмоқда. Ҳаво эса кундан-кунга совиб бормоқда.

Умид қиламизки, айбдорлар албатта ўз жазосини олади ва муҳтож кишиларга ижтимоий ҳамда моддий ёрдам масаласи тез орада ҳал этилади.

Президент доим инсонлар дард-у ташвишлари билан яшаш кераклигини таъкидлаб келмоқда. Инсон манфаати ҳаммасидан устун эканини айтмоқда. Бироқ жойларда ҳали ҳам янги давр сиёсатини тўлиқ англаб етмаган мансабдорлар учраб турибди. Ўйлаймизки, тегишли ташкилотлар тез орада ижобий ечим беради. Агар сен ўзингдаги оғриқни сезсанг – тириксан, ўзгалардаги оғриқни ҳис қилсанг – инсонсан. Муаммо билан шуғулланаётган масъуллардан масалага тўлиқ ва холис ёндашишни кутиб қоламиз.

«Kun.uz» воқеалар ривожини кузатади.

Журналист: Зафарбек Солижонов
Оператор: Фазлиддин Абдуқодиров

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид