Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда чорвадор фермернинг яйловдаги бўғоз қўйлари ёппасига сўйиб ташланди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, деб ёзилган. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Аммо айрим масъуллар ё конституцияни ўқишмаган, ё ўқиган бўлишса ҳам асосий қонунимизга беписанд.
Youtube'да кўриш
Гап шундаки, Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги чорвачиликка ихтисослашган «Зим боши» фермер хўжалиги 800 бошдан зиёд қўй-қўзи ва эчкиларини Навоий, Бухоро даштларида баҳор ёмон келгани туфайли Жиззах ва Сирдарё вилояти яйловларида шартнома асосида боқиб келмоқда.
Хўжалик 2018 йил 12 октябрь куни Сардоба туманидаги «Абдуазиз чорваси» фермер хўжалиги билан бу борада шартнома имзолаб, қўй-эчкиларни яйловга чиқаради.
Бироқ, мурожаатчи «Зимбоши» фермер хўжалиги раиси Дилшод Узоқовнинг ҳикоя қилишича, 17 октябрь куни Сирдарё вилояти Сардоба туман ички ишлар бўлими ходимлари яйловда ўтлаб юрган бўғоз қўй ва эчкилардан 28 бошини шу жойнинг ўзида бўғизлаб, яна 7 бош қўчқорни ҳайдаб кетишади. Фермер жами 35 бош жонлиқ — 25та ҳомиладор қўй, 7 бош қўчқор ва 3 бош эчкисидан айрилиб ўтирибди. Қўйларнинг гўшти ажратилиб, номаълум томонга олиб кетилган. Териси ва ичак-чавоқлари, ичидаги ҳомиласи эса далада қолдирилган.
Яйлов эгаси — Сардоба туман «Абдуазиз чорваси» фермер хўжалиги раиси Акром Хўжановнинг билдиришича, чорва ўзаро тузилган шартномага кўра яйловда боқилаётган бўлган. Бироқ қўйлар 5 гектар беда майдонига чиқарилган ва ўша ерда сўйилган. Беда шу йил экилган, лекин у яхши ривожланмаган, бедазорни янтоқ босиб кетган. Фермер бедазорни бузишни мўлжаллаб турибди.
А.Хўжанов «Зим боши» фермер хўжалигига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, экинлари пайҳон бўлмагани ва зарар кўрмаганини билдирди.
Модомики, ер эгасининг чорвадорга даъвоси йўқ экан, у ўзини зарар кўрмаган деб ҳисоблар экан, қўйларни бўғизлаш учун ички ишлар ходимларининг нима ҳаққи ва асоси бор эди? Хўп, «даладаги экин пайҳон қилинди», деб ҳисоблаганимизда ҳам, қайси норматив ҳужжат уларга бундай йўл тутишга изн беради?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш» деб номланган 104-моддасига кўз югуртирамиз:
Чорва моллари ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиши ёки уни йўқ қилиб юбориши, кўчатларга шикаст етказиши — фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қонун талабига кўра, бундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо қўллаш учун маъмурий судьяларнинг белгиланган тартибда чиқарган қарори (МЖтКнинг 245-моддаси) талаб этилади.

Энг қизиғи, амалдаги қонун ҳужжатларида пайҳон учун чорва моллари мусодара қилиниши ёки гўшти кам таъминланган оилалар, ҳашарчилар ва бошқа муассасаларга текин берилиши ҳақида қоида белгиланмаган.
Албатта, шахсан президент томонидан ўтказилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, тадбиркорларга барча имконият эшиклари очилаётган бир пайтда ислоҳотларнинг асл маъно ва мазмунини тўлиқ англамаган Сирдарё вилоятидаги раҳбарларнинг бировнинг мулкини талон-тарож қилишдек қилмишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Фуқаро ёки ташкилотнинг мулки ҳисобланган қўйлар ўзбошимчалик билан сўйиб юборилиши ва гўшти ўзга шахсларга тарқатилиши қонунларга зид ҳаракатлар эмасми? Чунки, Ўзбекистон Республикасида мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади-ку.
Боз устига, фермер мулкига мулк қўшилиши — қўйларининг кўпайишини кутиб турган эди.
Дилшод Узоқов бу борада Президент виртуал қабулхонасига, Бош прокуратурага ариза билан ҳам мурожаат қилган.
Ишонамизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сирдарёлик амалдорларнинг бу қилмишига етарли ҳуқуқий баҳо беришади ва фермернинг кўрган зарарлари тўлиқ ҳажмда қоплаб берилади.
Маълумки, ЎзР Жиноий-процессуал кодекси 322-моддаси, 3-бандига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар ҳам жиноий иш қўзғатишга сабаб ва асос бўлиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида ҳам ИИБ ходимлари ваколат доирасидан четга чиқиб, фуқароларнинг қўй-эчкиларини судсиз мусодара этишаётгани ҳақида ёзган эдик.
«Kun.uz» ушбу вазиятни кузатишда давом этади.
Мавзуга оид
11:56 / 28.05.2025
Сариосиёда 300 бош қўй жарликка қулаб нобуд бўлди
14:16 / 27.05.2025
Сирдарёда муҳандислик ва агротехнологиялар институти ташкил этилади
22:52 / 20.05.2025
Сирдарёда 14 ёшли ўсмир каналга чўкиб кетди
16:41 / 15.05.2025