Жамият | 15:47 / 26.10.2018
82492
7 дақиқада ўқилади

Бу йил кўмир неча пул бўлади?

Аёзли кунлар бошланиши билан иситиш муаммоси бош кўтаради. Минг афсуски, йигирма биринчи асрга келиб ҳам кўплаб ҳудудларда асосий иситиш воситаси ўтин-у кўмирлар ва ҳатто таппи бўлиб қолмоқда. Ўтин ва таппини аҳолининг ўзи тайёрлайди. Кўмир эса бутунлай бошқа масала.

Хўш, совуқ кунларда кўпчиликнинг жонига оро кирадиган бу ёқилғининг баҳоси жорий йилда қандай бўлади?

Қиш муаммоларини яхши билганлар ёзданоқ совуқ кунлар ғамини еб, захира тўплаб қўйишади. Лекин ҳамманинг ҳам бунга имконияти етмайди ва қишни таваккал қилиб бошлашади. Совуқ тушиши билан печкалар қурилади ва кўмир излаб йўлга тушилади. Бу пайтда кўмирнинг тижорий баҳоси кўкка сапчийди, табиийки кўпчиликка бу қимматлик қилади, норозиликлар кўпаяди...

Умумий ишлаб чиқариш қанча ва унинг неча фоизи аҳоли эҳтиёжлари учун?

«Ўзбеккўмир» АЖдан бизга маълум қилишларича, 2018 йилда 4,4 млн. тоннадан ортиқ кўмир қазиб олинади. Қизиғи, «Ўзбеккўмир» АЖнинг расмий сайтида йиллик кўрсаткич 3 млн тоннадан ортиқ, деб эълон қилинган. Электр-энергетика сектори кўмир ёқилғисининг асосий истеъмолчиси бўлиб, умумий кўмир истеъмолининг 85 фоизидан ортиғи ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Қолган 15 фоиз саноат корхоналари, ижтимоий ва коммунал хўжалик соҳаси ҳамда аҳоли ўртасида тақсимланади.

Демак, оддий ҳисоб-китобларга кўра аҳоли эҳтиёжи учун нари борса 300-400 минг тонна атрофида кўмир ажратилади ва бу ниҳоятда камлиги аниқ. Шу боис, Ўзбекистонга бу маҳсулот Қозоғистон, Россия ва Тожикистон каби давлатлардан катта ҳажмда импорт қилинади.

Маълумот учун: Ҳозирда мамлакатимизда аниқланган кўмир захиралари 1,9 миллиард  тонна, шу жумладан, қўнғирранг кўмир захираси 1,8 миллиард тонна, тошкўмир 47 миллион тоннадир. Қолаверса, кўмирнинг олдиндан аниқланган захираси 5,7 миллиард тоннани ташкил этади.

Кўмир маҳсулотини харид қилиш шартлари ва тартиби аниқ белгилаб қўйилган

«Ўзбеккўмир» АЖнинг расмий сайтида ёзилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сонли Қарорига мувофиқ, «Ўзбекенерго» ДАК электр станциялари, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар ва аҳолидан ташқари, кўмирнинг барча истеъмолчиларга реализация қилиниши биржа савдолари орқали амалга оширилиши назарда тутилган. Бунда биржа савдоларида кўмир қазиб олиш корхоналари сотувчи, кўмирдан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи истеъмолчилар харидорлар бўлади. Биржа савдоларида харид қилинган кўмир қайта сотилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасига кўмир ҳажмлари қўйилиши Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тасдиқланган кўмир ресурслари ва уларни тақсимлаш баланси ҳамда Давлат демонополизация қилиш ва рақобатни кучайтириш қўмитаси томонидан тасдиқланган жадвал билан назарда тутилган ҳажмлар доирасида амалга оширилади, бунда бошланғич нархлар сифатида Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Декларация қилинган нархлар реестрига мувофиқ қўлланилади.

Корхоналар ва ташкилотларнинг кўмир биржа савдоларида қатнашиш тартиби ва етказиб бериладиган кўмир учун тўлов шартлари Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржалари Қоидалари ва биржа савдоларида тузиладиган шартномалар билан белгиланади, «Ўзбеккўмир» АЖ нарх белгиланишида ва кўмир биржа савдоларида қатнашадиган корхоналарни белгилашда иштирок қилмайди.

Нега кўмир кам ва қиммат?

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, сотувчи аниқ, олувчи аниқ, биржа шаффоф. Аммо барибир аҳоли давлат томонидан белгиланган нархларда истаганича кўмир харид қила олмай келди ёки бу нархда берилган оз миқдордаги маҳсулот сифати ниҳоятда паст, кўп қисми ёнмайдиган кукундан иборат бўлади. Бу йиллар давомида кузатиладиган ҳолат.

2016 йилга қадар Ўзбекистон бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилгани бундан далолат беради.

Қиш ойларида туманлар марказларида, маҳалларда кўмир савдоси авж олади. Йирик-йирик ва сифатли маҳсулотнинг баҳоси анча баланд, лекин шунга қарамай аҳолида танлов имконияти бўлмайди. Шикоятлар кўпайганида тегишли ташкилотлар айнан ўша сифатли маҳсулотни давлат нархидан анча баланд сотаётган тадбиркорни айбдор қилиб кўрсатишга уринишади, жарималар солинади, маҳсулот мусодара қилинади. Лекин бу чоралар амалда ҳеч қандай натижа бермайди.

Чунки кўмир билан таъминлаш тизими бозор тамойилларига асосланмаган. Маҳсулот аввалбошданоқ тақчиллиги, таклифга нисбатан талабнинг бир неча баробар юқорилиги, таъминотнинг марказдан бошқарилиши коррупцион схемаларни келтириб чиқараверади.

Марказлашган тарқатув тизими ҳам камчиликлардан холи эмас, сунъий ва табиий навбатлар ҳосил бўлади, одамлар ва машиналар қимматли вақтини сарфлаб кутишади, омборларга етиб келган кўмир кўп ҳолларда етмайди.

Ўтган 2017 йилда кўмирнинг аҳолига етказиш учун белгиланган нархи бир килограммига 156,60 сўмдан иборат бўлган. Аммо амалда қиш ойларида ҳудудлардаги эркин нарх 700-800 сўмгача чиққани қайд этилган. Ўртача бир оиланинг кўмир учун бир йиллик моддий сарфи 500 АҚШ долларига тенг бўлиши ҳисоблаб чиқилган.

Бу йилги вазият ва нархлар қандай?

Жорий йилнинг 8 январида давлат раҳбари бу маҳсулот бўйича алоҳида тўхталиб ўтган. «Келгуси йилдан бошлаб кўмир импортига чек қўямиз. Керак бўлса экспорт қиламиз. Нархлар арзонлашади, сунъий нарх бўлмайди. Кўмир сотиш тизимидаги коррупцияга чек қўйиш вақти келди», — дея таъкидлаган Президент.

«Ўзбеккўмир» АЖнинг маркетинг бўлими ходими Бобур Ғиёсовнинг таъкидлашича, қазиб олиш ҳажмининг йилдан-йилга ошириб боришдан мақсад ҳам Президент қўйган вазифани бажаришдан иборат.

Соҳадаги янги ислоҳотлар доирасида «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ  таркибига ўтказилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Темирйўлёқилғитаъмин» бошқармасининг бирлашган ёқилғи-омборхона хўжаликлари негизида аҳолини, бюджет ташкилотларини, иқтисодиёт тармоқлари корхоналарини кўмир маҳсулоти билан таъминлаш учун кўмир омборхоналари ташкил этилган.

2018 йилда кўмирнинг аҳолига етказиш нархи бир килограмм учун 273 сўм қилиб белгиланган. Бу йил таъминот ва нархлар оқилона бўлишига умид қилиб, кузатишда давом этамиз. Совуқ кунлар яқин...

Аброр Зоҳидов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид