Жаҳон | 21:48 / 26.10.2018
16888
2 дақиқада ўқилади

Москвада терактлар режалаштирган ИШИД аъзолари қўлга олинди

Фото: Евгений Биятов / РИА Новости

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москвада терактлар амалга оширмоқчи бўлган ИШИД ячейкасининг фаолиятига чек қўйишди. Бу ҳақда ФХХнинг жамоат алоқалари маркази маълум қилди.  

Таъкидланишича, ушбу ячейканинг 6 аъзоси ушланган. 

“Қўлга олинган шахслар томонидан Москвада ўқотар қурол ва портловчи қурилмалар қўллаган ҳолда терактлар амалга оширилмоқчи бўлган”, деб маълум қилинган ФХХда.

Тинтув вақтида қўлга олинганлардан автоматик қуроллар тортиб олинган. Бундан ташқари, улар ёнидан портловчи қурилмалар тайёрлаш схемалари, пуллар ва “терактларга тайёргарлик ҳақидаги ҳисобот бўлган алоқа воситалари” топилган.

Ячейканинг фаолияти Суриядан марказий осиёлик эмиссарлар томонидан бошқарилган. ФХХ маълумотларига кўра, ячейка хориждан юборилган пуллар ҳисобига молиялаштирилган. 

Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган, тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.

25 октябрда Россия президенти Владимир Путин ФХХ ходимлари жорий йилнинг 9 ойи давомида террорчилик йўналишидан 26 та жиноят, жумладан 15 та терактнинг олдини олишга муваффақ бўлишгани ҳақида хабар қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид