Жаҳон | 00:17 / 27.10.2018
24792
5 дақиқада ўқилади

Портловчи жўнатмалар: тарихда қачон ва кимларга бомба жўнатилган?

24 октябрь куни АҚШ Махфий хизмати Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама манзилига жўнатилган почта жўнатмаларида портловчи моддалар топилганини эълон қилди.

Обамага жўнатма унинг Вашингтондаги манзилига, Клинтон хонимга аталгани эса Нью-Йорк яқинидаги Чаппакуа шаҳарчасидаги уйига жўнатилган. Душанба куни The New York Times нашри томонидан бизнесмен Жорж Соросга аталган бомбали жўнатма ҳақида хабар тарқатилган эди. 

Бундан ташқари, яна бир жўнатма Нью-Йоркдаги CNN таҳририяти жойлашган “Time Warner Center томон кетаётган жўнатмалар ичида аниқланган. Кейинчалик маълум бўлишича, бу жўнатма CNN’да эксперт сифатида чиқадиган МРБнинг собиқ директори Жон Бреннанга мўлжалланганлиги аниқланган. Таҳририят биносининг бир қисми эвакуация қилинган, полиция жўнатма ичида портловчи қурилма ва оқ кукун борлигини тасдиқлаган.

Шубҳали жўнатмалар Флоридага – демократ-конгрессмен Дэбби Вассерман Шульцга, Сан-Диегога — сенатор Камала Ҳаррис ҳамда San Diego Union-Tribune газетаси таҳририятига, бошқаси Мэрилендга — конгрессмен Максин Уотерсга етиб бораётган чоғда аниқланиб зарарсизлантирилган. 

Нью-Йорк полициясининг терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Жон Миллернинг сўзларига кўра, барча жўнатмаларни бир киши жўнатган.

Бундай ҳолатлар илгари ҳам бўлганми?

Кичик қувватга эга портловчи қурилма солинган жўнатмалар турли давлатлар элчихоналарига ҳамда таниқли сиёсатчилар, банкирлар, амалдорлар ва бошқаларга илгари ҳам жўнатилган.

Илк бор қайд этилган бундай ҳодиса 1712 йил 4 ноябрда содир бўлган. Оксфорд графи ва Британия лорд-хазинабони Роберт Харлига жўнатилган бандерол ичидан тепкисига ип боғланган бир нечта ўқланган тўппонча топилган. Бандерол очилган чоғда тўппончалар отилиши кўзда тутилган. Жиноятчиларнинг режаси ўша куни тасодифан графникида меҳмон бўлган ёзувчи Жонатан Свифтнинг зийраклиги туфайли амалга ошмай қолган. У ипни қирқиб, қурилмани зарарсизлантирган.

1947 йилда Оқ уйга, президент Гарри Трумэнга бомба солинган бир нечта посилка жўнатилган. Улар Оқ уй почта хизмати томонидан тўхтатиб қолинган.

1962 йил 22 июлда Миср ўрта масофага мўлжалланган икки ракетани синовдан ўтказади ва мамлакат президенти Жамол Абдул Носир “Энди биз Байрутдан жанубда жойлашган ҳар қандай нишонга ура оламиз” дея баёнот беради. Бунга жавобан Исроил мазкур ракета лойиҳаси раҳбарларини йўқ қилишга қарор қилади. Ана шундайлардан бири немис муҳандиси Вольфганг Пильц эди. Ноябрда Қоҳирадаги офисда унинг номига келган посилкани очаётганида унинг котибаси оғир жароҳатланади. Бир неча кундан кейин немис мутахассислари иши учун масъул бўлган Камол Аззозга келган посилкани очаётганида беш нафар мисрлик муҳандис ҳалок бўлади.

1996 йилда хонанда Бьоркка унинг мухлиси Рикардо Лопес портловчи модда ва олтингугурт кислотаси солинган посилка жўнатади. Бомба хонандагача етиб бормайди, уни Лондон полицияси тўхтатиб қолади, буни билган Лопес эса ўз жонига қасд қилади.  

1981 йил 5 майда Буюк Британия қироличаси Елизавета I нинг катта ўғли шаҳзода Чарльзга қилинган суиқасднинг олди олинади. Почта саралаш бўлинмасида унга жўнатилган конверт ичида портловчи қурилма борлиги аниқланади ва у зарарсизлантирилади. 

2010 йилда Греция ҳукумати халқаро почта жўнатиш ва қабул қилишни вақтинча чеклашга мажбур бўлган. Бунга Грециядан Франция президенти Николя Саркози, ГФР канцлери Ангела Меркель ва Италия бош вазири Сильвио Берлусконига бомбали посилкалари жўнатилгани сабаб бўлган. Бомба солинган хавфли посилкалар, шунингдек, Мексика, Нидерлания, Бельгия, Болгария ва Россия элчихоналарига ҳам жўнатилган.  

2011 йил апрелда почта ходимлари “Селтик” футбол клуби бош мураббийи Нил Леннон ва клуб мухлислари номига жўнатилган портловчи қурилма солинган посилкаларни аниқлашади. Бу посилкаларни жўнатган Трэвор Мюрхэд ва Нил Маккензи беш йилга озодликдан маҳрум этилади.

2011 йил декабрда Майндаги Франкфурт шаҳрида жойлашган почта бўлими ходимлари Deutsche Bank раҳбари Йозеф Аккерманга жўнатилган посилкада портловчи қурилма борлигини сезиб қолишган.

2013 йил 19 апрелда полиция Германия президенти маъмуриятига жўнатилган портловчи қурилма жойлаштирилган мактубни йўқ қилган. Мактуб ичида портлаш жараёнини ҳосил қилувчи ГМТД кристаллари бўлган.

2013 йил апрелда АҚШ президенти Барак Обама ва сенатор Рожер Уиккерга инсонни ҳалок қилувчи рицин заҳари солинган мактублар жўнатилган. 

201 7йил майда Грециянинг собиқ бош вазири Лукас Пападимос машинасида бўлган бандерол портлаши оқибатида яраланган. Шунингдек, унинг ҳайдовчиси ва икки қўриқчиси ҳам жароҳатланган.

Дилшодбек Асқаров тайёрлади.

Мавзуга оид