Фан-техника | 20:35 / 27.10.2018
118537
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек “Malibu”сининг янгиланган модели синовдан ўтказилди

“GM Uzbekistan” АЖ Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган 8 километр узунликдаги автодромда “Malibu” автомобилининг янги ўзлаштирилган турбодвигателли моделини намойиш қилди ва тест-драйвдан ўтказди.

Видео: TasIX

Видео: Facebook

Видео: You Tube

“Malibu”нинг янги авлоддаги модели қуввати 253 от кучига тенг ва бу кўрсаткич унинг 2,5 литр ҳажмли двигателга эга (186 от кучи) русумдоши билан таққослаганда 67 от кучига кўпроқ, жойидан 100 км/соат тезликка эришиши эса 1,7 сонияга тезроқдир. Турбодвигателли модель аралаш циклда 100 км масофага 8,5 литр, шаҳар циклида эса 10 литр ёқилғи сарфлайди. Автомобиль учун АИ-95 русумидаги ёқилғи тавсия қилинади.

Маҳаллий бозор учун мўлжалланган янги “Malibu Turbo” жорий йилнинг 15 сентябридан кенг шартномалаш учун тақдим этилди. Турбодвигателли моделнинг нархи 302 миллион 62 минг 301 сўмни ташкил қилади. “GM Uzbekistan” компанияси расмийларига кўра шу кунгача 281 мижоз автомобилни харид қилиш учун тўловларни амалга оширган.

Янги моделни мижозларга 45 иш кунида етказиб бериш режалаштирилган. Сентябрь ойи охирида “GM Uzbekistan” томонидан айнан “Malibu Turbo” ва “Cobalt” (4-позиция.) русумидаги автомобилларнинг етказиб бериш муддати қисқартирилганди.

“GM Uzbekistan” вакиллари турбодвигатели ва қолган бошқа эҳтиёт қисмлари Корея Республикасидан келтириладиган “Malibu”нинг мазкур моделини “Hyundai Solaris” ва “Kia Rio” русумидаги автомобиллар билан рақобатбардош улов сифатида баҳолашмоқда.

Прогнозларга кўра, 2021 йилга бориб дунё бўйича сотиладиган барча автомобилларнинг 48 фоизи турбодвигатель билан таъминланади. “Malibu Turbo” автомобили ўзбек автомобилсозлигида “люкс” тоифасидаги янги юқори технологик седанлар даврига старт беради.

Эслатиб ўтамиз, “Malibu” русумидаги автомобиллар Ўзбекистонда 2012 йил баҳоридан, янгиланган ташқи кўринишдаги тўққизинчи авлод “Мalibu”си эса 2017 йилдан ишлаб чиқарила бошланган. “GM Uzbekistan” аввалроқ янги моделлар қаторига “Tracker” русумли автомобилини ҳам қўшган ва синов тарзида ишлаб чиқаришни бошлаганди.

Мавзуга оид